
Янги коинот пойгаси: Сунъий интеллект гигантлари космик дата-марказларига пул тикмоқда
Хитойнинг беш йиллик режаси ва Илон Маскнинг 25 миллиард долларлик янги акциялар савдоси битта мақсадга қаратилган: коинотни СИнинг «янги ватанига» айлантириш.

Январ ойида Хитой Ер юзидан 800 км баландликда сузиб юрувчи маълумотлар марказларини йўлга қўйиш бўйича беш йиллик улкан режасини эълон қилди. Ўтган ҳафтада америкалик миллиардер Илон Маск ҳам шунга ўхшаш режаларини очиқлади — у SpaceX’нинг космик маълумотлар марказлари бўйича мақсадларини амалга ошириш учун фаол равишда маблағ тўпламоқда.
Таҳлилчилар ушбу сўнгги ўзгаришларни СИ инфратузилмасини Ердаги чекловларсиз кенгайтириш имконини берувчи стратегик ҳаракат деб баҳоламоқда. СИга бўлган талаб ортиб борар экан, SpaceX ва Google каби компаниялар дата-марказларини орбитага чиқариш борасида ўзаро пойгага киришган.
Бундай интилишнинг сабаби оддий: Ердаги маълумотлар марказлари СИнинг энергияга бўлган улкан эҳтиёжи туфайли аллақачон кучли босим остида ишламоқда. Йирик СИ моделларини тайёрлаш ҳар йили юз минглаб хонадонларни таъминлашга етадиган даражада катта миқдордаги электр энергиясини талаб қилади. Бу эса СИ компанияларини электр тармоқлари қувватини банд қилувчи ва совитиш тизими учун жуда кўп сув сарфлайдиган улкан маълумотлар марказларига таянишга мажбур қилмоқда.
Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, маълумотлар марказларига яқин ҳудудларда яшовчи истеъмолчилар учун электр энергияси нархи сўнгги беш йил ичида 267 фоизга ошган. Шунингдек, АҚШдаги ўртача 100 мегаватт қувватга эга маълумотлар маркази кунига тахминан 2 миллион литр сув истеъмол қилади, бу эса қарийб 6 500 та хонадоннинг кундалик сув эҳтиёжига тенгдир. Уларни орбитага кўчириш эса бу муаммоларни бартараф этиб, технологик тараққиёт учун янги уфқларни очади.
Маск космик маълумотлар марказлари ҳақида бир неча бор очиқ баёнотлар берган. 2024 йил (ва 2025 йил охири) давомида у Х тармоғида SpaceX маълумотларни узатиш учун юқори тезликдаги лазерли алоқа каналларидан фойдаланадиган янги авлод Starlink V3 сунъий йўлдошларини кенгайтириш орқали коинотда маълумотлар марказларини «барпо этишини» эълон қилди.
Улкан Starship ракетаси ёрдамида учириладиган ушбу сунъий йўлдошлар коинотда яхлит туркумларни ҳосил қилади ва муаллақ суперкомпютерлар вазифасини ўтайди. Маскнинг режасига кўра, тўрт-беш йил ичида юқори Ер орбитасига 100 гигаватт қувват етказиб берилади, келажакда эса Ой базаси ёрдамида бу кўрсаткични 100 тераваттгача етказиш мумкин. У ушбу улкан мақсадни амалга ошириш учун яқин ойларда SpaceX акцияларини сотиш орқали 25 миллиард доллар маблағ тўплашни режалаштирмоқда.
Маскнинг SpaceX компаниясидан ташқари, Google ҳам Project Suncatcher лойиҳаси устида ишламоқда. Бу СИ чиплари билан жиҳозланган ва қуёш энергиясида ишлайдиган сунъий йўлдош тармоқларини яратишга қаратилган тадқиқот ташаббусидир.
Қуёш-синхрон орбиталарида (сунъий йўлдошларни деярли доимий қуёш нурида ушлаб турадиган йўналишлар) ушбу тармоқлар тунги қоронғулик ёки булутлар тўсиғи бўлмагани сабабли, ердаги қуёш панелларига қараганда саккиз баравар самаралироқ энергия тўплаши мумкин. Google 2027 йил бошида иккита прототип сунъий йўлдошни учиришни режалаштирмоқда. Буни «moonshot» деб атаган Google бош директори Сундар Пичаининг тахминича, коинотда жойлашадиган маълумотлар марказлари ўн йил ичида бугунги булутли (cloud) серверлар каби одатий ҳолга айланади.
ChatGPT ишлаб чиқувчиси бўлган OpenAI ҳам бошқа компаниялар ҳам сунъий интеллект (СИ) асрида ўз ўсишини таъминлаш учун айнан космик маълумотлар марказларига пул тикмоқда.
Космик маълумотлар марказлари СИ компаниялари учун улкан фойда келтиради. Коинот пассив совитиш имкониятини тақдим этади, чунки иссиқлик ҳеч қандай вентиляторлар ёки сувсиз тўғридан-тўғри бўшлиққа (вакуумга) тарқалади. Шунингдек, лазерлар маълумотларни сунъий йўлдошлар ўртасида Ердаги оптик толали кабелларга қараганда тезроқ узатади. СИ компаниялари учун бу Ердаги чекловлардан халос бўлишни англатади, бу эса ўсиш ва инновациялар маркази ҳисобланган СИ моделларини янада тезроқ ишлаб чиқиш имконини беради.
Қийинчиликлар талайгина
Йирик СИ компанияларининг ижобий баҳоларига қарамай, кўплаб таҳлилчилар космик сунъий интеллект сари йўл тўсиқларга тўла эканлигини айтмоқда.
Австриядаги Европа коинот сиёсати институти (ESPI) тадқиқотчиси Жермейн Гутиеррес TRT World нашрига берган интервьюсида коинотдаги иссиқликни бошқариш СИ компаниялари дуч келиши кутилаётган «асосий муаммо» эканини таъкидлайди. СИ чиплари кучли иссиқлик ҳосил қилади. Коинот вакуумида уларнинг ҳароратини пасайтириш учун чиплар устидан ҳаво ҳайдаш имконсиз бўлиб қолади. Бошқача айтганда, коинотдаги маълумотлар марказларига СИ чипларини иссиқликдан халос қилиш учун ўта кучли радиаторлар керак бўлади.
«Орбитада сиз иссиқликни фақат нурлантириш орқали чиқариб юборишингиз мумкин», дейди Гутиеррес.
Унинг сўзларига кўра, СИ моделларини ўқитишдаги қувват зичлиги шароитида, бу иссиқликни нурлантириш муаммоси шунчаки каттароқ радиатор ишлатиш билан ҳал қилиб бўлмайдиган «мегатузилма» муаммосига айланади. ESPI жамоалари ҳозирда бор эътиборини айнан радиатор билан боғлиқ ушбу қийинчиликни ҳал қилишга қаратган, деб қўшимча қилди у.
Учириш харажатлари космик маълумотлар марказлари учун яна бир қийинчиликни келтириб чиқаради. Гутиерреснинг таъкидлашича, Starship каби кўп марта ишлатиладиган ракеталар шарофати билан учириш нархи бир килограмм учун тахминан 200 долларгача тушмагунча, учириш харажатлари муаммо бўлиб қолаверади.
Вашингтондаги SETA таҳлил марказининг тадқиқотчиси ва янги технологиялар бўйича эксперт Озан Аҳмет Четин ҳам иссиқликни тарқатиш масаласи космик маълумотлар марказларини барпо этишдаги «марказий чеклов» эканлигини таъкидламоқда. Унинг сўзларига кўра, электр энергиясини ишлаб чиқариш учун улкан қуёш панеллари ва орбитал тутилишлар (сунъий йўлдош Ер соясида қолган вақтлар)ни бошқариш учун аккумуляторлар талаб қилинади. Шу билан бирга, радиация электроникани ишдан чиқаради, бу эса қўшимча ҳимоя қатламлари ва хатоларга чидамли дастурий таъминотни зарурий қилиб қўяди.
Гутиеррес 2027 йилга бориб кичик демо-намуналар ва биринчи хизматлар, масалан, «edge computing» пайдо бўлишини тахмин қилмоқда. Бу — Ерга маълумот узатишдаги секинликдан қочиш учун маълумотларни бевосита орбитанинг ўзида қайта ишлашни назарда тутади. Бироқ, унинг сўзларига кўра, ҳақиқий ўта йирик СИ ўқитиш мажмуалари пайдо бўлиши учун ҳали ўнлаб йиллар керак.
«Хулоса қилганда, сиёсий, молиявий ва саноатлаштириш омилларини ҳисобга олмаганда ҳам, гигаватт даражасидаги коинотга асосланган маълумотлар марказлари пайдо бўлишига ҳали ўнлаб йиллар бор», — дейди Гутиеррес.
Экологик жиҳат
Атроф-муҳит нуқтаи назаридан, коинотдаги маълумотлар марказлари Ердаги анъанавий обьектларнинг улкан энергия эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, сезиларли даражада енгиллик ваъда қилади. Доимий қуёш энергияси Ер электр тармоқларига юкламани камайтиради, нурланиш орқали совитиш чучук сувдан фойдаланишга чек қўяди ва орбитал тизимлар бошқа мақсадлар учун йирик ер майдонларини бўшатади.
Шунга қарамай, космик маълумотлар марказлари экологик муаммоларнинг мутлақ ечими ҳисобланмайди. Гутиеррес атроф-муҳитга бўладиган таъсирларнинг ўзгариши ҳақида огоҳлантиради: масалан, ракеталар ишлаб чиқаришдаги дастлабки зарарли чиқиндилар, учиришлар сонининг ортиши ва коинот чиқиндилари шулар жумласидандир.
«Агар Ердаги маълумотлар марказлари аллақачон тоза энергия ва илғор совитиш тизимларида ишлаётган бўлса, ҳисоблаш қувватларини сайёрадан ташқарига кўчиришнинг қўшимча фойдаси камайиб боради», — дейди у. Четин қайд этишича, космик тизимлар кўп сув талаб қилувчи совитиш тизимлари ва электр тармоқларидаги юкламадан қочиш имконини берса-да, улар ракеталар ва жиҳозларни алмаштириш билан боғлиқ харажатларини келтириб чиқаради.





