Яқин Шарқ давлатларига боришдан тийилиб туриш тавсия этилмоқда

02.03.2026 | 10:152 daqiqa

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Яқин Шарқ йўналишида режалаштирилган зиёрат, тижорат, дам олиш ҳамда бошқа турдаги хорижий ташрифларни вақтинча кечиктириб туришни тавсия этди.

Яқин Шарқ давлатларига боришдан тийилиб туриш тавсия этилмоқда

Яқин Шарқ минтақасидаги вазият кескинлашгани ва айрим давлатлар томонидан ҳаво ҳудудидан фойдаланишга вақтинчалик чекловлар жорий этилгани сабабли халқаро авиақатновларда жиддий ўзгаришлар юз бермоқда. Шу муносабат билан Ташқи ишлар вазирлиги фуқароларга ушбу йўналишдаги сафарларни вақтинча кечиктиришни тавсия этди.

«Фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Яқин Шарқ йўналишида режалаштирилган зиёрат, тижорат, дам олиш ҳамда бошқа турдаги хорижий ташрифларни вазият барқарорлашгунига қадар вақтинча кечиктириб туриш тавсия этилади», — дейилади вазирлик хабарида.

Айни пайтда чет элда бўлиб турган ўзбекистонликлардан вазиятга нисбатан босиқлик ва ҳушёрликни сақлаш, одамлар гавжум жойларга боришдан тийилиш, маҳаллий қонун-қоидаларга қатъий риоя қилиш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг хорижий дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари билан доимий алоқада бўлиб туриш сўралди.

«Барча фуқаролар сафарларни режалаштиришда эҳтиёткорлик чораларини кўришлари ва расмий манбалар орқали эълон қилинаётган ахборотларга амал қилишлари зарур», — дейди Ташқи ишлар вазирлиги.

Эслатиб ўтамиз, 28 феврал куни Исроил ва АҚШ Эронга ҳарбий зарбалар беришни бошлаган эди. АҚШ президенти ўзининг 8 дақиқалик мурожаатида Теҳронга берилган ҳужумда АҚШ'нинг иштирокини тасдиқлаб, ҳужумдан мақсад Эрон ракета инфратузилмаси йўқ қилиш эканини маълум қилганди.

Эрон эса АҚШ ва Исроил ҳужумларига жавобан «Ҳақиқий ваъда 4» операцияси доирасида АҚШ'нинг Кувайт, БАА, Қатар ва Баҳрайндаги ҳарбий стратегик объектларига ҳужум уюштирди.

Teglar

Mavzuga oid