add

1 декабрдан Ўзбекистонда AI-80 бензини сотуви тўхтатилади

Президент қарорига мувофиқ, келаси ойдан AI-80 бензини сотилмайди. Шунингдек, ҳаво ифлосланишини камайтиришга қаратилган янги талаблар жорий этилади.

1 декабрдан Ўзбекистонда AI-80 бензини сотуви тўхтатилади

Ўзбекистонда 2025-йил 1-декабрдан бошлаб AI-80 бензини сотуви тўхтатилади. Президентнинг 18-ноябрдаги қарорига кўра, аҳолини сифатли ва экологик тоза ёнилғи билан таъминлаш мақсадида АЁҚШларда ушбу турдаги бензин реализацияси қатъий назорат остида тўхтатилади. Бу вазифа Электр энергияси, нефт маҳсулотлари ва газдан фойдалинишни назорат қилиш инспексияси ҳамда Экология қўмитасига юклатилган.

Шунингдек, ҳужжатда экология сиёсати бўйича бир қатор янги чора-тадбирлар ҳам белгилаб берилди. Жумладан, Тошкентда юк ташувчи транспорт ҳаракати тиғиз вақтларда чекланади.

Қурилиш объектларида эса ишлар бошланишидан олдин фон мониторинг станциялари ва онлайн камералар ўрнатилиши шарт бўлади. Ушбу талаблар «Қурилишда экологик фаолият стандарти» орқали тартибга солинади.

Шунингдек, 2026-йил апрелига қадар шамол йўналиши ва тезлигини ҳисобга олган ҳолда қурилишни режалаштириш стандарти ишлаб чиқилади.

Бино ва иншоотларни жойлаштиришда шамол ўтиши, ҳаво айланиши ва экологик таъсир даражаси асосий мезонлардан бирига айланади. Ўзгидрометга Тошкент шаҳрида шамол йўналишини мунтазам ўрганиб, маълумотларни оммага етказиб бориш вазифаси юклатилди.

Қарорда иссиқхона хўжаликларини табиий газ билан барқарор таъминлаш бўйича чора-тадбирлар ҳам назарда тутилган. Газ тармоқларининг техник ҳолати ўрганилади, мавжуд қувватлар таҳлил қилинади ва энергия тежамкор тизимлар жорий этиш имкониятлари кўриб чиқилади.

Шу билан бирга, мазут каби юқори ифлослантирувчи ёнилғидан фойдаланишни чеклашга қаратилган қонунчилик ўзгаришлари тайёрланади.

Йил охиригача «Яшил Тошкент» ишчи гуруҳи тузилиб, пойтахтда кўкаламзорлаштириш, яшил ҳудудлар майдонини ошириш ва замонавий ландшафт инфратузилмасини ривожлантириш ишларини мувофиқлаштиради. Тошкент шаҳар ўрмон хўжалигини тузиш бўйича ҳукумат қарори лойиҳаси ҳам тайёрланади.

Дастурда республика бўйлаб 18 та дендрология ва 15 та ботаника боғни ташкил этиш, санитария кесишлари бўйича қарорларни коллегиал тартибда қабул қилиш, «Яшил ҳудуд» муассасаси фаолиятини такомиллаштириш каби вазифалар ҳам белгиланган. Бундан ташқари, ягона экологик онлайн платформа яратилади.

Эслатиб ўтамиз, Президент қарори билан Экология вазирлиги ҳукумат таркибидан чиқарилиб, мустақил қўмитага айлантирилган эди. Қўмита ҳузурида эса Экополитсия ташкил этилди ва унга махсус ваколатлар берилди.

Теглар

Мавзуга оид

1 декабрдан Ўзбекистонда AI-80 бензини сотуви тўхтатилади | Vaqt.uz