15 триллион сўм фойда кўрган банклар, рейтингда пастлаган Ўзбекистон паспорти ва АҚШда 12 млн долларлик ўғирликда айбланаётган ўзбекистонлик — 23 октябр дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

АҚШда ўзбекистонлик эркак 12 млн долларлик юкларни ўғирлашда айбланмоқда
АҚШда 33 ёшли Ўзбекистон фуқароси Нурсултон Ҳайдаров 12 миллион доллардан ортиқ қийматдаги юкларни ўғирлашда айбланиб, федерал суд олдида жавоб бермоқда. Унга нисбатан жиноий тил бириктириш айблови қўйилган бўлиб, агар айби исботланса, беш йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Тергов маълумотларига кўра, Ҳайдаров ва унинг шериклари юк ташиш компанияларини сотиб олиб, уларнинг бозоридаги обрўси ва маълумотларидан фойдаланган ҳолда шартномаларни қўлга киритган. Бироқ, камида 24 та ҳолатда юклар (электроника, кийим-кечак, озиқ-овқат ва бошқалар) манзилига етказилмай, ўғирлаб кетилган. Бундан ташқари, гумонланувчи бошқа шахслар, жумладан, қозоғистонлик хонанда Қайрат Нуртас номига расмийлаштирилган ва ўзининг сурати ёпиштирилган сохта ҳайдовчилик гувоҳномаларидан фойдалангани аниқланган. У жорий йилнинг 1 июнь куни Калифорнияда ҳибсга олинган.
Ўзбекистон паспорти халқаро рейтингда 9 поғона пастлади
«Henley Passport Index» халқаро рейтингининг 2026 йил октябрь ойи учун эълон қилинган ҳисоботига кўра, Ўзбекистон паспорти жорий йилнинг апрель ойига нисбатан 9 поғона пастлаб, 73-ўриндан 82-ўринга тушди. Ҳозирда мамлакат фуқаролари дунёнинг 59 та давлатига визасиз саёҳат қилиш ҳуқуқига эга бўлиб, рейтингнинг бу поғонасидан Ўзбекистон билан бир қаторда Буркина-Фасо ва Того давлатлари ҳам жой олган.
Марказий Осиё давлатлари орасида энг юқори кўрсаткични Қозоғистон (66-ўрин, 77 та давлат) қайд этган бўлса, Қирғизистон 78-ўрин (63 та), Тожикистон 84-ўрин (52 та) ва Туркманистон 93-ўринни (44 та) эгаллади. Глобал миқёсда эса 193 та давлатга визасиз кириш имконини берувчи Сингапур паспорти биринчи ўринни банд этган, рўйхатнинг энг сўнгги 106-ўринида эса Афғонистон (22 та давлат) бормоқда.
Ўзбекистон банклари 9 ойда 15 трлн сўмдан ортиқ соф фойда олди
2026 йилнинг январь–сентябрь ойлари якунларига кўра, Ўзбекистондаги 34 та тижорат банкининг умумий соф фойдаси 15,2 триллион сўмдан ошди ва бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 40,3 фоизга ўсди. Ушбу ўсишнинг қарийб ярми (44,9 фоизи) фақатгина битта муассаса — «Ипотека банк» ҳиссасига тўғри келиб, банк ўз фойдасини 20 баробарга (2,07 триллион сўмгача) оширган ҳолда рейтингнинг 1-ўринига кўтарилиб олди.
Тизимда олинган жами соф фойданинг 74,8 фоизини энг йирик 10 та банк шакллантирди ва 5 та гигант банкнинг фойдаси 1 триллион сўмлик маррадан ошди. Мулкчилик шакли бўйича таҳлил қилинганда, 25 та хусусий банкнинг соф фойдаси 55,4 фоизга (умумий фойдадаги улуши 69,5 фоизга етди), 9 та давлат банкининг фойдаси эса 14,9 фоизга ўсган. Бутун банк тизими бўйича фақатгина 2 та банк — «TBC Bank» (69,6 млрд сўм) ва «Микрокредитбанк» (50,4 млрд сўм) 9 ойликни зарар билан якунлаган.
Давлат қурилишларида пудрат ташкилотларининг харажатлари қандай ҳисобланади?
Ҳукумат қарори билан 2027 йил 1 январдан бошлаб давлат маблағлари ва устав капиталида давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар ҳисобидан амалга ошириладиган қурилиш объектларида пудратчи харажатларини ҳисоблашнинг янги тартиби жорий этилади. Унга кўра, ишчиларнинг иш ҳақи бир соатлик энг кам меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорининг 5 фоизи (ижтимоий солиқни ҳисобга олган ҳолда) даражасида, ишлаб чиқариш билан боғлиқ бошқа харажатлар эса тўғридан-тўғри харажатларнинг 2,5 фоизи (тоғли ва олис ҳудудларда 5 фоиз) этиб белгиланади. Шунингдек, пудратчининг бошқа харажатлари тўғридан-тўғри харажатларнинг 20 фоизи, зарур фойда эса 7 фоиз миқдорида ҳисобланади.
Бир йилдан кам фаолият юритган ва молиявий ҳисобот топширмаган янги пудрат ташкилотлари учун бошқа харажатлар смета қийматининг 10 фоизи даражасида қабул қилинади. Тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харажатларни ҳисоблаш ва тасдиқлаш ишлари «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизими орқали фақат электрон шаклда амалга оширилади ҳамда тендер асосида тузилган шартномалар амал қилиш даврида пудратчи харажатлари миқдорини ўзгартиришга йўл қўйилмайди.
Хориждаги ўзбекистонликларга 850 минг доллар иш ҳақи ундириб берилди
Миграция агентлиги томонидан 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида хорижда меҳнат қилаётган 817 нафар ўзбекистонликнинг мурожаати қаноатлантирилиб, уларнинг фойдасига хорижий иш берувчилардан жами 850 минг доллар миқдоридаги иш ҳақи ва компенсациялар ундириб берилди. Мазкур мурожаатларнинг асосий қисми Россия (533 та), Туркия (155 та) ва Жанубий Корея (92 та) давлатларидан келиб тушган.
Шунингдек, ҳисобот даврида 532 нафар фуқаронинг (асосан Россия ва Туркияда) иш берувчилар ёки воситачилар қўлида қолиб кетган шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари қайтариб олиб берилди. Агентлик хорижда меҳнат қилиш жараёнида қийин вазиятга тушиб қолган юртдошларимизни 1282 қисқа рақами ёки «@huquqiy_yordam_uzbot» Телеграм боти орқали туну кун ёрдам сўраб мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтган.





