add

17 минг мухлис футбол бўйича ЖЧ чипталарини қайтариб берди

Бугун 13:212 дақиқа

Харид қилинган чипталарнинг қайтарилишига АҚШ ҳукуматининг юритаётган сиёсати сабаб сифатида кўрсатилган.

17 минг мухлис футбол бўйича ЖЧ чипталарини қайтариб берди

АҚШдаги сиёсий муҳит ва хавфсизликка оид хавотирлар сабаб қарийб 17 минг нафар мухлис 2026-йилги Жаҳон чемпионати учун харид қилинган чипталарини қайтариб берди. Бу ҳолат халқаро миқёсда бойкот чақириқларини янада кучайтириб, Жаҳон Чемпионати ташкилотчиларига босимни оширмоқда.

Манбаларга кўра, чипталардан оммавий воз кечиш ижтимоий тармоқларда фаол тарқалган норозилик кампаниялари билан бир вақтга тўғри келган. Айрим мухлислар АҚШдаги сиёсий қарорлар, намойишлар ва умумий хавфсизлик муҳитини турнир меҳмонлари учун ноқулай деб баҳоламоқда. Бу эса футбол байрамини спортдан ташқари омиллар соясида қолдирмоқда.

Юзага келган вазият муносабати билан ФИФА келаси ҳафта фавқулодда йиғилиш ўтказишга қарор қилди. Йиғилишда чипта бекор қилиш ҳолатлари, мухлислар хавфсизлиги, турнирнинг халқаро имижи ҳамда сиёсий омилларнинг таъсири муҳокама қилиниши кутилмоқда. Расмий кун тартиби эълон қилинмаган бўлса-да, манбалар бу масала жиддий тус олганини таъкидламоқда.

Бойкот чақириқлари мезбон шаҳарлардаги меҳмонхона бронларига ҳам салбий таъсир кўрсатди. Туристик агентликлар маълумотича, айрим шаҳарларда бронь қилиш суръати секинлашган, иккиламчи бозорда эса чипталарни қайта сотиш нархлари пасайган. Бу эса иқтисодий жиҳатдан ҳам муайян хатарларни юзага чиқармоқда.

Маълумот учун, 2026-йилги Футбол бўйича Жаҳон чемпионати 11 июндан 19 июлгача АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтади. Мусобақада илк бор 48 та терма жамоа иштирок этади.

Ташкилотчилар бу турнирни тарихдаги энг йирик футбол тадбирларидан бири сифатида кўрмоқда, аммо ҳозирги норозилик тўлқини режаларга жиддий синов бўлиб турибди.

Эслатиб ўтамиз, 3 январга ўтар кечаси АҚШ ҳарбийлари Венесуэлада махсус амалиёт ўтказган. Амалиёт давомида мамлакатнинг амалдаги президенти Николас Мадуро ва унинг рафиқаси Силия Флорес қўлга олинган. Улар АҚШда наркотерроризм, қурол сақлаш ва гиёҳванд моддалар контрабандаси айбловлари бўйича суд қилинмоқда.

Амалиётдан кейин ўтказилган матбуот анжуманида Трамп Мадуро энди президент эмаслигини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ўтиш даврида Венесуэла бошқаруви вақтинча АҚШ назоратида бўлади. Шу билан бирга, Трамп мухолифат етакчиси Мария Корина Мачадони давлат раҳбарлиги учун етарли салоҳиятга эга эмас, дея баҳолаган.

Ўша куни Венесуэла витсе-президенти Делси Родригес вақтинча давлат раҳбари сифатида қасамёд қилган. Трамп эса янги раҳбарият «тўғри йўл тутмаса», Мадурога нисбатан қўлланилган чоралардан ҳам оғирроқ оқибатлар бўлишини таъкидлаган.

Теглар

Мавзуга оид