
2025 йилда ўзбекистонликлар энг кўп қайси иловаларни юклаб олган?
Энг юклаб олинган иловалар рўйхати сунъий интеллект, финтех ва давлат хизматлари иловаларига талаб ошганини кўрсатди.

2025 йилда Ўзбекистонда энг кўп юклаб олинган иловалар рўйхати сунъий интеллект, молиявий хизматлар ва электрон давлат платформаларига қизиқиш кескин ошганини кўрсатди. Маълумотларга кўра, йил давомида iOS ва Android платформаларида энг кўп юклаб олинган илова ChatGPT бўлди.
ChatGPT’нинг биринчи ўринни эгаллаши сунъий интеллект технологиялари Ўзбекистонда фақат IT мутахассислари эмас, балки кенг жамоатчилик учун ҳам кундалик иш қуролига айланиб бораётганини англатади. Илова таълим, матн тайёрлаш, таржима, ахборот излаш ва маиший вазифаларда фаол қўлланилмоқда.
Умумий рейтингда кейинги ўринларда Instagram, Imo, Uzum Market, MyGov UZ ва Soliq иловалари қайд этилган. Бу эса ижтимоий тармоқлар билан бир қаторда электрон савдо ва давлат хизматларига бўлган эҳтиёж юқори эканини кўрсатади. Айниқса, Uzum Market электрон тижорат сегментида етакчи иловалардан бири сифатида ажралиб турибди.
Алоҳида эътиборга молия технологиялари соҳаси қаратилмоқда. Ўзбекистон иловалари кесимида Uzum Bank, xazna, PAYNET, CLICK Evolution ва Payme юқори ўринларни эгаллади. Бу ҳолат смартфон мамлакатда асосий молиявий интерфейсга айланганини, тўловлар, ўтказмалар ва банк хизматлари кўпинча мобил иловалар орқали амалга оширилаётганини кўрсатади.
Давлат хизматлари ҳам рақамли муҳитга фаол кўчмоқда. MyGov UZ ва Soliq иловаларининг рейтингда барқарор юқори ўринларда бўлиши аҳоли солиқ, ҳужжат ва маъмурий хизматларни электрон шаклда ҳал этишни афзал кўраётганидан далолат беради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон аҳолиси Play Market ва App Store орқали қайси молиявий иловаларни кўпроқ юклаб олаётгани ҳақида хабар бергандик.





