Logo

2026 йилда қуёш панеллари ўрнатиш ўзини оқлайдими?

Бугун 13:556 дақиқа

Электр энергияси тарифлари ошган бир пайтда қуёш панелларига қизиқиш янада кучайди. Бироқ бугун 30–70 миллион сўм сарфлаб ўрнатилган инфратузилма қанча даромад келтиради ва инвестиция қачон ўзини қоплайди? Vaqt.uz ушбу ҳолатни мавжуд имтиёзлар ва ҳисоб-китоблар асосида таҳлил қилди.

2026 йилда қуёш панеллари ўрнатиш ўзини оқлайдими? © BMT taraqqiyot dasturi

Ўзбекистонда қуёш панелларини ўрнатиш электр харажатларини камайтиришнинг энг яхши ечимларидан бирига айланди. Июн ойидан бошлаб Ўзбекистонда электр энергияси тарифлари оширилди. Бу эса, ўз навбатида, хонадонларда қуёш панелларини ўрнатишга бўлган эҳтиёжни кучайтирмоқда. Аммо уни ўрнатиш ҳали ҳам бир неча ўн миллион сўмлик инвестицияни талаб қилади. Хўш, 2026 йилда қуёш панелларини ўрнатиш орқали қанчалик даромад олиш мумкин? Сарфланган инвестиция қачон ўзини оқлайди?

Қуёш панелларини ўрнатиш нархи қанча?

Қуёш панелини ўрнатиш қиймати тизим қуввати, ускуналар сифати ва қўшимча жиҳозларга қараб белгиланади. Шу боис якуний нарх ҳар бир хонадон ёки объектнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжига қараб ўзгаради.

Бугунги кунда Ўзбекистон бозорида қуёш фотоэлектр станцияларини «тайёр ҳолда топшириш»  асосида ўрнатиш бўйича ўртача нархлар турлича шаклланган.

1

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон шароитида 1 kWh қувватга эга қуёш фотоэлектрик тизими йилига ўртача 1 минг 350 – 1 минг 650 kWh электр энергияси ишлаб чиқаради.

Бозордаги нархларга кўра, 1 kWh қувватли электр тармоғига уланган «он-грид» тизимни ўрнатиш ўртача 4–4,5 миллион сўмни ташкил этади. Аккумулятор билан ишлайдиган гибрид ва мустақил «офф-грид» тизимларнинг қиймати эса 6–7 миллион сўм атрофида баҳоланмоқда. Ушбу нархлар қуёш панеллари, инвертор, кабеллар ва монтаж ишларини ҳам ўз ичига олади.

Амалиётда хонадон эгалари орасида 5 kWҳ қувватли тизимларга талаб юқори. У ўртача 4–6 кишилик оиланинг электр эҳтиёжини қоплай олади. Кондиционер, сув насоси, кир ювиш машинаси, телевизор ва бошқа маиший техникалардан мунтазам фойдаланадиган хонадонлар учун айнан шу қувват тавсия этилади.

Бундай қувватни ўрнатиш:

●      он-грид тизимида 20–25 миллион сўм;

●      гибрид тизим эса 30–35 миллион сўмга тушади.

Электр истеъмоли юқори бўлган ҳамда тармоққа кўпроқ ток сотиб даромад олишни кўзлаган хонадонлар учун 10 kWh қувватли станциялар мос бўлиб нархлар 2 хил кўринишда шаклланади:

●      он-Грид. 10 kWh қувватли аккумуляторсиз тизими бўлиб, унинг нархи ўртача 40-45 миллион сўмни ташкил этади.

●      гибрид. 10 аккумуляторли тизимлар бўлиб, уларнинг стандарт тўпламлари 60–70 миллион сўм атрофида сотилмоқда. Бироқ, литий-темир-фосфат батареялари ҳамда мустаҳкам профил ромли конструкциялар танланса, унинг қиймати 85–90 миллион сўмга етиши ҳам мумкин.

Кредит ставкалари қандай?

Қуёш панелини ўрнатиш учун 20–70 миллион сўм, айрим ҳолларда ундан ҳам кўпроқ маблағ талаб этилади. Бундай инвестицияни ҳар бир хонадон ёки тадбиркор бир йўла амалга ошира олмаслиги мумкин. Шу сабабли, тижорат банклари томонидан махсус «Яшил макон»   каби кредитлар таклиф этилмоқда.

2

Vaqt.uz таҳлилига кўра, бугунги кунда 14 та тижорат банки қуёш панеллари ва улар билан боғлиқ ускуналарни харид қилиш учун кредит ажратмоқда. Кредит миқдори банкларга қараб 50 миллион сўмдан 206 миллион сўмгача, айрим ҳолларда эса ундан ҳам юқори суммани ташкил этади. Кредитлар одатда 3 йилдан 5 йилгача муддатга берилади.

Фоиз ставкалари ҳам банкларга қараб фарқланади. Энг қулай таклиф 19 фоиз билан Orient Finans Bank томонидан тақдим этилган. Аксарият банкларда эса кредитлар ставкаси 20 фоизни ташкил этган. Шунингдек, Ўзмиллийбанкда 22 фоиз Капиталбанк эса 24 фоиз этиб белгиланган.

Бундан ташқари, айрим банклар мижозларга дастлабки 6 ой давомида фақат фоиз тўловларини амалга ошириш имкониятини ҳам тақдим этмоқда. Бу эса қуёш панели ишга тушгач, электр харажатларидан тежаладиган маблағ ва субсидия ҳисобига кредит тўловларини қоплашни нисбатан енгиллаштиради.

Қандай имтиёз ва субсидиялар мавжуд?

«Қуёшли хонадон»  дастури доирасида ягона электр тармоғига узатилган ҳар бир киловатт-соат электр энергияси учун 1 000 (минг) сўм субсидия тўланади. Маблағлар Солиқ қўмитасининг мобил иловаси орқали фуқароларнинг банк карталарига ўтказилади. Ушбу даромад жисмоний шахсларнинг даромад солиғидан ҳам озод қилинган.

Қуёш фотоэлектр станциясини ўз маблағи ҳисобидан харид қилган фуқаролар харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун БҲМнинг 20 бараваригача, яъни 6,8 миллион сўмгача (2 kWh ва ундан юқори) бир марталик компенсация олиши мумкин.

Бундан ташқари, хонадонларда қуёш панеллери эгаллаган ҳудудларга нисбатан ер ва мол-мулк солиғи ҳисобланмайди. Бу тартиб 3 йил давомида амал қилиб, агар тизим аккумулятор билан жиҳозланган бўлса, ушбу имтиёз муддати 10 йилгача узайтирилади.

Қуёш панелидан ойига қанча даромад олиш мумкин?

Қуёш панелининг иқтисодий фойдаси нафақат электр энергия харажатларини камайтиради, балки хонадон эҳтиёжидан ортиқ электр энергиясини сотиб даромад қилади. Vaqt.uz 5  kWh ва 10  kWh қуёш панелларидан ўртача  қанча фойда олиш мумкинлигини ўрганди.

Ўзбекистон шароитида 5 kWh қувватли қуёш фотоэлектр тизими йилига ўртача 7 минг 500 kWh ойига эса 625 kWh электр энергияси ишлаб чиқаради. 10 kWh қувватли тизим эса йилига 15 минг kWh ойига ўртача 1 минг 250 kWh электр энергияси ишлаб чиқариши мумкин.

Масалан, бир хонадон ойига 450 kWh электр энергияси истеъмол қилса, 5 kWh қувватли тизим ишлаб чиқарган электрнинг асосий қисми уй эҳтиёжини қоплайди, тахминан 175 kWh электр эса ортиқча қолади. Бу ҳажм электр тармоғига узатилганда ойига 175 минг сўм субсидия олинади. Бундан ташқари, хонадон электр энергиясини тармоқдан камроқ харид қилгани ҳисобига ўртача 400–500 минг сўм маблағни ҳам тежайди.

Натижада 5 kWh қувватли қуёш панели хонадонга ойига ўртача 600–700 минг сўм, йилига эса 7–8 миллион сўм иқтисодий фойда келтириши мумкин.

10 kWh қувватли тизимда эса ишлаб чиқариладиган электр энергияси икки баравар кўп бўлгани сабабли, электр истеъмоли ўртача бўлган хонадонларда ортиқча энергия ҳажми ҳам ортади. Бундай ҳолатда электр харажатларидан тежаладиган маблағ ва субсидия ҳисобига ойига 1–1,5 миллион сўм, йилига эса 12–18 миллион сўмгача иқтисодий фойда олиш мумкин.

Бироқ амалда олинадиган даромад хонадоннинг электр истеъмоли, тизим қуввати, ҳудуднинг қуёшли кунлари сони ва мавсумга қараб ўзгаради. Ёз ойларида электр ишлаб чиқариш кўпроқ бўлгани сабабли ортиқча энергия ва субсидия ҳажми ҳам юқори бўлади. Қиш мавсумида эса бу кўрсаткичлар нисбатан камаяди.

Кредит ҳисобида. Бугунги кунда кўплаб фуқаролар қуёш панелларини тижорат банкларининг 19–24 фоиз ставкадаги имтиёзли кредитлари ҳисобидан харид қилмоқда. Айрим банклар эса дастлабки 6 ой давомида фақат фоиз тўловларини амалга ошириш имкониятини ҳам таклиф этади.

Масалан, 30 миллион сўмлик 5 kWh қуёш панели кредит ҳисобидан харид қилинганда, тизим ойига ўртача 600–700 минг сўм иқтисодий фойда келтириши мумкин. Бироқ кредитнинг дастлабки йилларида ушбу маблағнинг бир қисми ойлик кредит тўловларини қоплашга йўналтирилади. Яъни, қуёш панелидан олинадиган фойда дарҳол соф даромадга айланмайди.

Кредит муддати тугагач эса вазият ўзгаради. Амалдаги электр энергияси тарифлари ва «Қуёшли хонадон» дастури доирасидаги субсидия тўловлари ҳисобга олинса, 5 kWh қувватли қуёш панели тизимига киритилган инвестиция ўртача 4-5 йил ичида ўзини оқлайди.

Агар 10 KWh лик станция фақат тармоққа энергия сотишга созланса, ўзини қоплаш муддати тахминан 24−30 ойни (2-2.5 йил) ташкил қилади.

Аммо гибрид тизимда энергиянинг бир қисми шахсий эҳтиёжлар (кондиционер, маиший техника) учун йўналтирилганда, тармоққа соф сотув ҳажми камаяди ва батареялар харажати туфайли бу муддат 5 йилгача узаяди.

Қуёш панелларининг хизмат муддати 25–30 йил экани инобатга олинса, тизим кейинги 20 йилдан ортиқ вақт давомида хонадон эгасига электр харажатларини камайтириш ва қўшимча даромад олиш имконини беради.  Қуёш панелларини ўрнатиш 2026 йилда ҳам ўзини оқлайди, бироқ фойда олиш муддати бироз узайиши мумкин.

Ушбу ҳисоб-китоблар жисмоний шахслар, яъни хонадон эгалари мисолида тайёрланди.

Теглар

null null

Zilola Xolto'rayevaМақолалар сони: 10

Барчаси

Мавзуга оид