add

2040 йилгача ипотека кредити портфели 56,7 млрд долларга етказилади

20.11.2025 | 17:552032 Дақиқа

Президент фармони билан уй-жой қурилиши ҳажмини икки баравар ошириш, ипотека бозорини кенгайтириш ва комплекс қурилиш тамойилини жорий этиш чора-тадбирлари тасдиқланди.

2040 йилгача ипотека кредити портфели 56,7 млрд долларга етказилади

Мамлакатда уй-жой сиёсати самарадорлигини ошириш ва аҳолининг ортиб бораётган талабини қондириш мақсадида Ўзбекистон Президенти 2040 йилгача бўлган даврда уй-жой ва ипотека бозорини барқарор ривожлантиришга оид кенг қамровли фармонни имзолади.

Ҳужжатда келгуси 15 йилда уй-жой қурилиши ҳажмини кескин ошириш, ипотека кредити портфелини сезиларли даражада кенгайтириш ва соҳа механизмларини тубдан такомиллаштириш асосий йўналиш сифатида белгиланди.

Фармонга кўра, ҳар йили қуриладиган уй-жойлар миқдори икки бараварга кўпайтирилиб, 2040 йилда 421 мингта хонадон қурилиши режалаштирилган.

Ипотека кредити портфели эса ҳозирги даражадан 10 баробардан зиёд ўсиб, 56,7 миллиард долларга етказилиши мақсад қилинган. Бу мамлакатда уй-жойга эга бўлиш имкониятларини сезиларли даражада кенгайтириши кутилмоқда.

Соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари сифатида агломерацияларда уй-жой фондини кўпайтириш, “Янги Ўзбекистон” массивларини қуришни давом эттириш, замонавий уй-жойлар улушини 50 фоизга етказиш, банк молияси ва инвестор маблағларини бозорга жалб этиш белгиланди.

Шунингдек, улушли қурилишда иштирок этувчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган норматив база кучайтирилади.

Фармонда «Уй-жойнинг ягона ҳаётий цикли» тамойили асосида қурилишни комплекс ташкил этиш алоҳида белгилаб қўйилди. Янги тартибга кўра, қурилиш фақат батафсил режалар асосида амалга оширилади, ажратилган ерларнинг йўналиши ўзгартирилмайди ва барча объектлар, мулкдорлар ҳамда ҳуқуқий маълумотлар очиқ тарзда тақдим этилади.

Комплекс қурилиш доирасида инфратузилма — муҳандислик тармоқлари, транспорт ва ижтимоий объектлар уй-жойлардан олдин қурилади. Лойиҳа амалга оширилганда ҳудудларнинг келгусидаги ижтимоий эҳтиёжлари тўлиқ ҳисобга олинади ва мулкдорларнинг ерга бўлган ҳуқуқлари кафолатланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ худди шу фармон билан «Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш Миллий қўмитаси» ташкил этилиши, Кадастр агентлиги Миллий қўмита тизимига ўтказилиши ҳақида хабар берган эдик. Янги тузилган қўмитага собиқ Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев раҳбар этиб тайинланди.

Теглар

Мавзуга оид