300 минг долларлик банк фирибгарлиги, 105 та компанияни ҳайдаган IT Park ва 180 тага етадиган самолётлар — 21 сентябр дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

2030 йилга бориб Ўзбекистонда самолётлар сони кескин ошиши кутилмоқда
Остона халқаро молия марказининг («AIFC») янги ҳисоботига кўра, 2030 йилга бориб Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ минтақаларида тижорий самолётлар парки қарийб 78,6 фоизга ўсиб, 383 тадан 684 тага етиши тахмин қилинмоқда. Минтақада қўшимча 301 та янги самолёт пайдо бўлиши кутилаётган бўлиб, энг катта мутлақ ўсиш Қозоғистонда (109 тадан 221 тага), энг юқори нисбий ўсиш эса Тожикистонда (10 тадан 25 тага, яъни 150 фоизга) кузатилиши прогноз қилинган.
Мазкур ҳисоботда Ўзбекистон авиацияси энг фаол кенгаяётган бозорлардан бири сифатида эътироф этилиб, мамлакат тижорий авиапарки 105 тадан 180 тага (қўшимча 75 та самолёт) етиши қайд этилган. Ушбу халқаро прогнозлар мамлакатнинг расмий режаларига тўла мос келади — «Ўзбекистон–2030» стратегиясида миллий авиакомпаниялар флотини 2026 йилда 120 тага, 2030 йилга бориб эса босқичма-босқич 180 тага етказиш мақсад қилинган.
Тошкентдаги банклардан бири мижознинг 300 минг долларини талон-торож қилди
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Сергели тумани бўлими томонидан Тошкент шаҳридаги тижорат банкларидан бирида йирик миқдордаги фирибгарлик ҳолати фош этилди. Текширувлар натижасида банкнинг масъул шахслари фуқаро И.М. томонидан банкка қўйилган 500 минг доллар маблағнинг 300 минг долларини мижоз номидан қалбаки ариза ва ҳужжатларни расмийлаштириш орқали ўзлаштириб, талон-торож қилгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан банк ходимларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатларни қалбакилаштириш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Департамент томонидан тижорат банкининг номи ва гумонланувчи масъул шахслар ҳақидаги бошқа маълумотлар ҳозирча очиқланмаган.
IT Park сентябр ойида 105 та компанияни реестрдан чиқарди
Жорий йил бошидан буён IT Park иштирокчилари реестридан жами 943 та, хусусан, сентябр ойининг дастлабки 15 кунида 105 та компания чиқарилди. Ушбу мақомдан маҳрум бўлган корхоналарнинг энг катта қисми Тошкент шаҳри (433 та), шунингдек, Тошкент (77 та) ва Самарқанд (68 та) вилоятлари ҳиссасига тўғри келади. Мазкур ҳолатга компанияларнинг ташкилот олдидаги белгиланган мажбуриятларини ўз вақтида бажармагани асосий сабаб қилиб кўрсатилмоқда.
Маълумот ўрнида, IT Park резиденти мақоми ва у тақдим этадиган имтиёзларни сақлаб қолиш учун компаниялар қонунчиликдаги қатор талабларга риоя этиши лозим. Жумладан, резидентлардан тасдиқланган бизнес-режа асосида фаолият юритиш, натижалар бўйича ҳисоботларни мунтазам топшириш, ҳар йили мажбурий аудитдан ўтиш ва тузилган шартнома шартларини бузмаслик талаб этилади.
Пекин Ўзбекистон импортининг ҳар уч долларидан бирини эгаллади
2026 йилнинг январ–июл ойларида Ўзбекистоннинг жами импорти ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 17,8 фоизга ўсиб, 29,6 млрд долларни ташкил этди. Статистика маълумотларига кўра, ушбу ҳажмнинг 32 фоиздан ортиғи (9,6 млрд доллар) фақатгина Хитой ҳиссасига тўғри келган. Бу Ўзбекистон импортга сарфлаган ҳар уч доллардан қарийб бири айнан Хитой маҳсулот ва хизматларига йўналтирилганини англатади.
Импорт ҳажми бўйича кейинги ўринларни Россия (5,3 млрд доллар ёки жами импортнинг 17,9 фоизи) ҳамда Қозоғистон (2,4 млрд доллар) эгаллади. Кучли бешликдан, шунингдек, Туркия (1,05 млрд доллар) ва Жанубий Корея (1,04 млрд доллар) ҳам жой олган. Эътиборлиси, етакчи учлик (Хитой, Россия ва Қозоғистон) Ўзбекистон жами ташқи харидларининг 58,4 фоизини таъминлаган бўлиб, Хитой Россияга қараганда 4,3 млрд долларга кўп маҳсулот ва хизматлар етказиб берган ҳолда мутлақ етакчига айланган.
Тошкент ҳокимлиги пулли парковка учун яшил ҳудудларни сотмоқчи
Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорига асосан, пойтахт марказидаги Алишер Навоий номидаги миллий кутубхона орқасида жойлашган 1,3 гектарлик кўкаламзорлаштирилган майдонда давлат-хусусий шериклик асосида пулли автотураргоҳ барпо этилиши белгиланди. Мазкур ер участкаси 10 йил муддатга ижарага берилиб, электрон аукционга 514,2 млн сўм бошланғич қийматда чиқарилади ва хусусий шерикдан 10 млрд сўмлик инвестиция киритиш талаб этилади. Келишувга кўра, автотураргоҳ тушумларининг 15 фоизи давлат шеригига, 5 фоизи эса пулли тўхташ жойи операторига йўналтирилади.
Қарорда Чилонзор туманидаги яна иккита объект (Гавҳар кўчаси ва Бунёдкор шоҳкўчасидаги ер участкалари) ҳам тасдиқланган бўлиб, улар 10 йиллик ижара учун ягона лот асосида 932,8 млн сўм бошланғич нархда савдога қўйилади (инвестиция талаби 5 млрд сўм). Лойиҳада давлат шериги сифатида «Тошкент Инвест компанияси» АЖ қатнашади ва тушумлар шаҳарни ривожлантириш жамғармасига ўтказилади. Шу билан бирга, жамоатчилик фаоллари кутубхона орқасидаги ҳудуд шундоқ ҳам дарахтзор эканлигини таъкидлаб, лойиҳадаги «хиёбон ташкил қилиш» бандини танқид остига олишмоқда.





