
82 турдаги хомашё учун божхона божи нол ставкада қолади
Импорт қилинадиган асосий саноат хомашёлари учун божхона имтиёзлари 2027 йилгача узайтирилди.

Ўзбекистонда президентининг 2026 йил 19 январдаги ПФ–5-сон фармонига мувофиқ, айрим турдаги хомашё ва ярим тайёр маҳсулотлар учун импорт божхона божи нол ставкада қўлланилиш муддати узайтирилди.
Ушбу фармон билан президентнинг бир қатор аввалги ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, 2021 йил 20 октябрда қабул қилинган «Рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга мувофиқ жорий этилган божхона имтиёзларининг амал қилиш муддати узайди.
Қарорга кўра, 82 турдаги хомашё ва ярим тайёр маҳсулотлар учун импорт божхона божи 2027 йил 1 январга қадар нол ставкада қўлланилади. Ушбу имтиёзлар илк бор 2021 йил октябр ойида жорий этилган бўлиб, 2024 йил 1 январ куни ўз кучини йўқотган эди. Орадан икки йилдан ортиқ вақт ўтгач, мазкур механизм яна амалга киритилди.
Божнинг нол ставкаси қўлланиладиган хомашёлар
Рўйхатга саноат учун муҳим ҳисобланган кимёвий моддалар, пигментлар, полимер ва пластмассалар, тўқимачилик материаллари киритилган. Шунингдек, шиша толали буюмлар, ёғоч материаллари, филтр қоғозлари ҳамда турли техник компонентлар ҳам имтиёзли тартибда импорт қилинади.
Эслатиб ўтамиз, президентнинг тегишли фармони билан Ўзбекистонга олиб кириладиган электромобилларни қувватлантириш станциялари, уларнинг компонентлари ҳамда сервис инфратузилмаси учун мўлжалланган технологик асбоб-ускуналар 2028 йил 1 январга қадар божхона божидан озод қилинади.





