Logo

ABB «Davr bank» харидини III чоракда якунлаши кутилмоқда — Fitch

Бугун 13:252 дақиқа

Озарбайжоннинг ABB банки «Davr bank»ни сотиб олиш жараёнини сентябрь охиригача якунлаши мумкин. Fitch битим ABBнинг кредит профилига жиддий таъсир қилмаслигини кутмоқда.

ABB «Davr bank» харидини III чоракда якунлаши кутилмоқда — Fitch

Fitch Ratings Озарбайжон халқаро банки — ABBнинг «Davr bank»даги назорат пакетини сотиб олиш битими 2026 йилнинг учинчи чораги охиригача якунланишини кутмоқда.

Агентлик Ўзбекистондаги банкни ABBга нисбатан кичик деб баҳолаган. Шу сабабли харид Озарбайжон банкининг кредит профилига сезиларли таъсир кўрсатмаслиги прогноз қилинмоқда.

Fitch битимни ABB фаолиятини диверсификация қилиш ва даромадлилиги юқорироқ бозорларга чиқиш стратегиясининг бир қисми сифатида кўрмоқда.

ABB «Davr bank»нинг 74 фоизигача улуш олиши мумкин

«Davr bank» акциядорлари 8 июнь куни банкнинг 51 фоиз акциясини ABBга сотиш бўйича битимни маъқуллаган. Келишувга кўра, назорат пакети учун 100 млн доллар тўланади.

Бундан ташқари, ABBга кейинчалик яна 23 фоиз акцияни сотиб олиш имконини берувчи механизм ҳам кўзда тутилган. Натижада Озарбайжон банкининг «Davr bank»даги улуши 74 фоизгача ошиши мумкин. Бироқ қўшимча акциялар қачон ва қандай нархда сотиб олиниши ҳозирча очиқланмаган.

Битим якунлангач, банк «ABB Davr bank» номи остида фаолият юритиши кутилмоқда.

«Davr bank»ка 2001 йилда асос солинган. Банк активлари қарийб 1 млрд долларга тенг бўлиб, у 1,4 млн мижозга хизмат кўрсатади ва мамлакат бўйлаб 43 та филиалга эга. 2025 йилда банкнинг соф фойдаси 667,3 млрд сўмни ташкил қилган.

Харид капитал буферини қисқартиради

Fitch харидни ABBнинг умумий кредит профили учун нейтрал баҳолаган бўлса-да, битим банкнинг капитал кўрсаткичларига таъсир қилади.

ABBнинг Fitch усулида ҳисобланган асосий капитал коэффициенти 2024 йил охиридаги 29 фоиздан 2025 йил якунида 25 фоизгача пасайган. Бунга риск даражаси ҳисобга олинган активларнинг 31 фоизга ўсиши ва 2024 йил соф фойдасининг 56 фоизига тенг дивиденд тўланиши сабаб бўлган.

Агентлик «Davr bank» хариди ва ABB кредит портфелининг кенгайиши ортидан коэффициент 2026 йил охиригача 22 фоизга тушишини кутмоқда. Бу амалдаги даражадан 3 фоиз пунктга паст.

Бироқ Fitch пасайишнинг қанчаси бевосита «Davr bank» хариди, қанчаси ABBнинг ўз кредит портфели ўсиши ҳисобига юз беришини алоҳида кўрсатмаган. Шу сабабли уч фоиз пунктлик пасайишнинг барчасини битим таъсири сифатида баҳолаб бўлмайди.

2027 йилда капитал коэффициенти яна пасайиши мумкин. Шунга қарамай, Fitch унинг 20 фоиздан юқорида қолишини ва бу даража кутилмаган зарарларни қоплаш учун етарли бўлишини прогноз қилмоқда.

«Davr bank» хариди ҳақидаги баҳо ABB рейтингига оид ҳисоботда келтирилган. Агентлик Озарбайжон банкининг узоқ муддатли эмитент дефолти рейтингини «BB»дан «BB+»гача оширган ва прогнозни «барқарор» даражада сақлаб қолган.

Fitch қарорни ABBнинг риск профили яхшилангани, даромадлилиги юқори ва капитал захираси етарли экани билан изоҳлаган. Демак, «Davr bank» харидининг нейтрал баҳоланиши ҳам ABBнинг ҳозирги кучли молиявий ҳолатига таянади.

Ўзбекистон Марказий банки 23 июнь кунги учрашувда ABB билан «Davr bank»нинг 51 фоиз улушини сотиб олиш режасини муҳокама қилган. Бироқ регулятор хабарида битимга рухсат берилгани қайд этилмаган.

Теглар

Мавзуга оид

ABB «Davr bank» харидини III чоракда якунлаши кутилмоқда — Fitch | Vaqt.uz