add

Абитуриентлар учун хушхабар, Қирғизистоннинг огоҳлантириши ва Анқарадаги келишув — 29 январ дайжести

29.01.2026 | 22:354 дақиқа

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Абитуриентлар учун хушхабар, Қирғизистоннинг огоҳлантириши ва Анқарадаги келишув — 29 январ дайжести

Энди чет тили йўналишларида B1 сертификати ҳам имтиёз беради

Ҳукумат қарори билан энди чет тили биринчи фан сифатида белгиланган таълим йўналишларига қабул қилишда B1 даражадаги миллий ёки халқаро сертификатлар ҳам инобатга олинади. Илгари бундай йўналишларга ҳужжат топшириш учун камида B2 даражаси талаб этилар эди.

Янги қоидага кўра, B1 даражадаги сертификатга эга абитуриентларга чет тили фанидан белгиланган максимал баллнинг 75 фоизи автоматик равишда берилади. B2 ва ундан юқори (C1, C2) даражадаги сертификат соҳиблари учун эса имтиёз тўлиқ сақланиб қолади, яъни уларга имтиҳонсиз 100 фоизлик (максимал) балл ёзилади.

Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги савдо айланмаси 5 миллиард долларга етказилади

29 январ куни Анқарада Шавкат Мирзиёев ва Ражаб Тоййиб Эрдўған иштирокида Олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг тўртинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Музокаралар натижасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини яқин йилларда 5 миллиард долларга етказиш вазифаси белгиланди. Бу мақсадга эришиш учун Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим кенгайтирилади ва йил якунига қадар Ўзбекистоннинг барча вилоятлари делегациялари Туркияга ташриф буюриб, ҳудудлараро янги инвестициявий лойиҳалар портфелини ишлаб чиқади.

Етакчилар иқтисодий алоқалардан ташқари, мудофаа ва киберхавфсизлик соҳасида ҳамкорликни кучайтириш, шунингдек, терроризм ва кибержиноятчиликка қарши биргаликда курашишга келишиб олдилар. Маданий-гуманитар соҳада эса баҳорда Бухорода тўртинчи Ректорлар форумини ўтказиш, тарихий фильмларни ҳамкорликда ишлаб чиқариш ва тиббий туризмда Туркия тажрибасини жорий этиш юзасидан келишувларга эришилди. Учрашув якунида барча келишувларни амалга ошириш бўйича аниқ «йўл харитаси»ни тасдиқлаш топширилди.

Қирғизистон Ўзбекистондан транзит учун қўшимча тўловларни бекор қилишни сўради

Қирғизистон Ўзбекистон ҳудуди орқали транзит ҳаракатланаётган фуқароларидан автосуғурта ва тонировка қилинган автомобиллар учун ундирилаётган қўшимча тўловларни бекор қилишни сўради. Айни пайтда Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ушбу масала бўйича Ўзбекистон томони билан музокаралар олиб бормоқда. ТИВ раҳбари ўринбосари Алмаз Иманғозиев бу ҳақда Жогорку Кенеш йиғилишида маълум қилди. Депутатлар саволларига жавобан у масала ҳозирда ҳал этиш босқичида эканини таъкидлади.

«Қирғизистоннинг бир ҳудудидан бошқасига ўтиш учун Ўзбекистондан транзит ўтаётганда, асосан мамлакат жанубида шундай муаммо бор. Ҳайдовчиларимиздан автомобил суғуртасини сотиб олиш ва агар бўлса, тонировка учун тўлов талаб қилинади. Биз томонда бундай талаб йўқ. Балки қўшнилардан бу талабни бекор қилишни сўрармиз?», деди депутат Дастан Бекешев.

Алмаз Иманғозиевнинг маълум қилишича, мазкур илтимос Ўзбекистон томонига аллақачон етказилган ва ҳозирда у ерда давлатнинг ички қонунчилик ва тартиб-қоидалари доирасида кўриб чиқилмоқда.

«Агар Ўзбекистон томони яқин вақт ичида тарифларни бекор қилмаса, Қирғизистон томони Ўзбекистон фуқароларига нисбатан худди шундай тарифларни қўллайди» деди у.

«Yangi Bank» омонатчиларига 208 млрд сўм тўлаб беради

Омонатларни кафолатлаш агентлиги «Yangi Bank»нинг 31 507 нафар мижозига жами 208 млрд сўм миқдорида кафолатланган тўловларни беришни бошлади. Маблағларнинг асосий қисми, яъни 205 млрд сўми (98,7%) жисмоний шахсларга тегишли. Тўлов жараёни «Бизнесни ривожлантириш банки» (BRB) орқали амалга оширилмоқда. Жисмоний шахслар ўз маблағларини банк иловаси орқали онлайн ёки хизмат кўрсатиш марказларидан нақд кўринишда олишлари мумкин.
Маълумотларга кўра, «Yangi Bank»нинг умумий молиявий зарари 171 млрд сўмдан ошган ва бунинг асосий қисми 2025 йилга тўғри келган. Омонатларни кафолатлаш агентлиги тўлов жараёнида ҳеч қандай воситачилик ҳақи олинмаслигини таъкидлаб, фуқароларни фирибгарлардан эҳтиёт бўлишга чақирди. Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга ҳам тегишли маблағлар BRBнинг исталган филиалида ҳисобварақ очиш ёки бошқа банкларга ўтказиш орқали тўлаб берилади.

Айрим талабаларнинг ётоқхона харажатлари бюджетдан қопланади

Вазирлар Маҳкамасининг янги қарорига (32-сон, 28.01.2026 й.) мувофиқ, «Ижтимоий реестр»га киритилган оилаларнинг кундузги таълимда ўқиётган фарзандлари учун давлат ётоқхоналарида яшаш харажатлари тўлиқ бюджетдан қоплаб берилади. Ушбу имтиёз талабанинг грант ёки контракт асосида ўқишидан қатъи назар амал қилади ва улар ётоқхонага навбатсиз, устувор тартибда жойлаштирилади. Тўловлар ҳар ойнинг 15-санасигача талабанинг банк картасига ўтказиб берилиши белгиланган.

Агар давлат олий таълим муассасаси ётоқхонасида бўш ўрин қолмаса, талабалар давлат-хусусий шериклик асосида қурилган турар жойларга жойлаштирилади ва бунда ҳам харажатлар давлат томонидан тўланади. Бу тизим ижтимоий аҳволи оғир бўлган талабаларнинг таълим олишига халақит бераётган молиявий тўсиқларни олиб ташлаш ва уларнинг яшаш шароитларини яхшилашга хизмат қилади.

Теглар

Мавзуга оид