
Энди чет тили йўналишларида B1 сертификати ҳам имтиёз беради
Янги қарорга кўра, чет тили 1-фан бўлган йўналишларга қабулда B1 даражадаги сертификат ҳам ҳисобга олинади.

Ҳукумат қарори билан олий таълим муассасаларига қабул тартибига оид айрим қарорларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Унга мувофиқ, фанлар мажмуасида чет тили 1-фан сифатида белгиланган таълим йўналишларига қабул қилиш тартиби қайта кўриб чиқилди.
Эндиликда бундай йўналишларга абитуриентларни қабул қилиш хорижий тилни билиш бўйича камида B1 даражадаги миллий ёки халқаро тан олинган сертификат асосида амалга оширилади.
Балл бериш тартиби
Қарорга кўра, фанлар мажмуасида чет тили фани мавжуд бўлган таълим йўналишларига ҳужжат топшираётган абитуриентлар учун имтиёзли балл бериш тизими жорий этилди. Хусусан, хорижий тилдан B1 даражадаги миллий ёки халқаро сертификатга эга абитуриентларга ушбу фан бўйича белгиланган максимал баллнинг 75 фоизи миқдорида балл берилади.
Шу билан бирга, B2 ва ундан юқори даражадаги миллий ёки халқаро тан олинган сертификатга эга абитуриентлар учун имтиёз тўлиқ сақланиб қолади. Уларга чет тили фани бўйича белгиланган максимал балл тўлиқ ҳажмда ҳисоблаб берилади.
Аввалги тартиб
Илгари фанлар мажмуасида чет тили 1-фан сифатида белгиланган таълим йўналишларига қабул қилиш фақат камида B2 даражадаги миллий ёки халқаро сертификат мавжуд бўлган тақдирдагина амалга оширилар эди. Янги ўзгартишлар эса B1 даражадаги сертификатга эга абитуриентлар учун ҳам олий таълимга кириш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.





