Logo

Афғонистондаги энг йирик хорижий банк мамлакатдаги фаолиятини бутунлай тўхтатди

Кеча 09:002 дақиқа

Бошқа бир банк унинг мол-мулк ва қарз мажбуриятларини ўз зиммасига олди. 20 йил олдин иш бошлаган банк мижозларга исломий банк хизматларини ҳам таклиф қилганди.

Афғонистондаги энг йирик хорижий банк мамлакатдаги фаолиятини бутунлай тўхтатди © X

Покистоннинг «Bank Alfalah» банки Афғонистондаги фаолиятини бутунлай тўхтатди. Банк ўзининг Афғонистондаги барча банк бизнесини маҳаллий «Ghazanfar Bank»га топширди. Бу ҳақда «Ariana News» нашри хабар берди.

«Business Recorder» нашрининг ёзишича, «Ghazanfar Bank» «Bank Alfalah»нинг Афғонистондаги бизнеси билан бирга унга тегишли мол-мулк ва қарз мажбуриятларини ҳам ўз зиммасига олган.

Банк 6-ноябр куни акциядорларига юборган хабарномасида келишув 5-ноябр куни якунланганини маълум қилган. Ушбу битимга Покистон ва Афғонистон марказий банклари рухсат берган. Шунингдек, келишув учун зарур бўлган бошқа талаблар ҳам бажарилган.

«Bank Alfalah» Афғонистондаги банк хизматларини тўхтатганини расман эълон қилди. Энди унинг Кобул ва Ҳиротдаги филиаллари ҳам қонуний тартибда ёпилади.

Банк 2005-йилда Афғонистон пойтахти Кобулда иш бошлаган эди. У мижозларга оддий банк хизматлари билан бирга исломий банк хизматларини ҳам таклиф қилган. Кейинчалик Ҳирот шаҳрида ҳам ўз филиалини очган. Банкнинг Афғонистондан чиқиб кетиши ҳақидаги қарор қарийб бир йил давомида тайёрланган.

«Business Recorder» маълумотларига кўра, 2025-йилнинг декабр ойида «Bank Alfalah» директорлар кенгаши «Ghazanfar Bank»нинг банк бизнесини сотиб олиш бўйича таклифини дастлабки босқичда маъқуллаган. 2026-йилнинг январ ойида эса Покистон ва Афғонистон марказий банклари ушбу битимни текшириш учун дастлабки рухсат берган.

Банк ўз мижозларига ҳам олдиндан хабар берган. Кобул ва Ҳиротдаги ҳисоб эгалари 2-ноябргача ҳисобларидаги пулларни «Ghazanfar Bank»га ўтказиш ёки нақд пул қилиб олиб, ҳисобларини ёпиши керак эди. Агар мижозлар белгиланган муддатгача ҳеч қандай жавоб бермаган бўлса, уларнинг ҳисобида қолган пуллар автоматик равишда «Ghazanfar Bank»га ўтказилган. «Bank Alfalah» ўз мижозларига юборган хабарида ўзини Афғонистондаги энг йирик хорижий банк деб атаган.

Афғонистонда банк тизими ҳамон оғир аҳволда. Жаҳон банки маълумотларига кўра, Афғонистон халқаро банк тизимидан узилиб қолган, мамлакат марказий банкининг хориждаги захиралари эса музлатилган. Бир қатор нашрларнинг хабарларига кўра, банк тизимидаги муаммолар сабабли мамлакатдаги 12 та давлат ва хусусий банкнинг айримлари ёпилган, бошқалари эса чекланган тартибда ишлашга мажбур бўлган.

«8am.media» нашрининг ёзишича, 2021-йилдан кейин Афғонистондаги хусусий банкларнинг акциядорлари ва эгалари катта қисмининг ўзи ҳам мамлакатни тарк этган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Парагвайда «Ueno Bank» фаолияти тўхтатилганидан кейин президент истеъфога чиққанди.

Теглар

Мавзуга оид