Акциялар пасаймоқда, нефт – 98 доллар: Трамп АҚШ қўшинларини Яқин Шарқда қолдиришни ваъда қилди
Форс кўрфазидаги сиёсий ноаниқликлар фонунда «Brent» ва «WTI» нефти қимматлаб, глобал фонд бозорлари пасайиш қайд этди.
© en.apa.azАҚШ президенти Доналд Трамп Яқин Шарқдаги музокаралар арафасида АҚШ қўшинларини Форс кўрфазида қолдиришни ваъда қилди. Икки томон ҳам ўт очишни тўхтатиш шартларини бузганликда бир-бирини айблади, шундан сўнг Эрон яна Ҳўрмуз бўғози орқали кемалар ҳаракатини вақтинча тўхтатганини билдирди. «Bloomberg» қайд этишича, бу ноаниқлик бозорларга таъсир қилди: нефт нархлари яна кўтарилди, Европа ва Осиё акция бозорлари эса пасайди.
Бозордаги нархлар
9-апрел куни нефт нархи (Brent) олдинги кунги кескин тушишдан сўнг яна ўсишни бошлади. Ҳозирда 3,39 фоизга қимматлаб, баррели 98,2 доллардан савдо қилинмоқда. Шунингдек, АҚШнинг «WTI» нефти ҳам 3 фоизга ўсиб, баррели 97,33 долларни ташкил этмоқда.
Европа фонд бозорлари 9-апрел куни «қизил зона»да қолди: умумевропа индекси «STOXX 600» 0,54 фоизга тушди, «CAC 40» 0,56 фоизга, «DAX» 1 фоиздан кўпроқ пасайди, «FTSE 100» эса 0,14фоизга тушди.
Осиё бозорларида ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилди: «Nikkei 225» 0,7 фоизга, «Kospi Composite» 1,61 фоизга, «Hang Seng» 0,54 фоизга пасайди.
Олтиннинг спот нархи деярли ўзгармади – унцияси 4725,8 доллар атрофида бўлиб, 0,14 фоизга ўсди. Кумуш эса 0,15 фоизга тушиб, 74 долларни ташкил этди.
АҚШ қўшинларини Яқин Шарқда қолади
8-апрел кечқурун Эрон парламенти спикери Муҳаммад Боқир Ғолибаф АҚШни ўт очишни тўхтатиш режимини бузганликда айблади – бу келишув тузилганидан 24 соат ҳам ўтмасдан содир бўлди, деб эслатади «CNBC». Хусусан, Теҳронда Исроил томонидан Ливанга қилинган ҳужумлар давом этаётгани, Эрон ҳаво ҳудудига дрон кириб келгани ва Вашингтоннинг Эроннинг уран бойитиш ҳуқуқини рад этгани эътиборга олинди. Доналд Трамп бу баёнотларга жавобан, Форс кўрфази мамлакатларига сўнгги ойларда жойлаштирилган АҚШ ҳарбийлари Теҳрон «реал келишув» талабларига тўлиқ амал қилмагунча у ерда қолишини маълум қилди. У келишув бузилса, АҚШ томонидан ҳарбий жавоб берилишини ва бу жавоб «илгари бўлганидан ҳам кенгроқ» бўлишини огоҳлантирди.
Бироқ риторикадаги кучайишга қарамай, сулҳ асосан сақланиб қолаётгани белгилар ҳам бор, деб ёзади «Bloomberg». Бу Форс кўрфази ҳудудида Эрон томонидан ҳужумлар сезиларли даражада камайгани билан тасдиқланади: охирги жиддий ҳужум 8-апрел кундузи содир бўлиб, Саудия Арабистонининг ғарбий соҳилига нефт ташиладиган асосий қувурга қаратилган эди.
Таҳлилчилар нима дейди?
«Яқин вақтда Ҳўрмуз бўғози орқали кемалар ҳаракатининг сезиларли даражада тикланиши эҳтимоли жуда паст. Фючерс бозори бироз беқарор кўринади», – дейди «Vanda Insights» таҳлилик компанияси ҳамраиси Вандана Ҳари.
Унинг баҳосига кўра, нефть нархларидаги тебраниш давом этади. Агар бошқача бўлганда, нархлар сулҳдан олдинги даражага аллақачон қайтган бўлар эди, деб таъкидлади. АҚШ ва Эрон ўртасидаги икки ҳафталик келишувдан сўнг «Brent» нефти нархи бир кунда 13,3 фоизга, «WTI» эса 16,4 фоизга тушиб кетган – бу деярли сўнгги олти йилдаги энг катта бир кунлик пасайиш бўлган.
«Агар энергия таъминоти қайта тикланса ҳам, хавфлар бир зумда йўқолиб кетмайди», – деди «Wealth Club»нинг инвеститция бщйича стратеги Сузанна Стритер.
Унинг таъкидлашича, танкерлар эҳтимол мина қўйилган сувлардан, кучайтирилган ҳарбий ҳузур шароитида ўтишига тўғри келади, бу эса суғурта тўловлари ва фрахт қийматининг ошишига олиб келади.





