Алиев Россияни Украинада Озарбайжон элчихонасига қасддан зарба берганликда айблади

Мюнхенда Украина президенти Владимир Зеленский билан учрашган Озарбайжон етакчиси Киевдаги элчихонага уч марта зарба берилганини айтди.

Алиев Россияни Украинада Озарбайжон элчихонасига қасддан зарба берганликда айблади

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Россия Украина ҳудудида унинг мамлакатига тегишли дипломатик обектларга зарбалар берганини маълум қилди. Бу ҳақда у кеча, 14 феврал куни Мюнхенда Украина президенти Владимир Зеленский билан учрашувдан сўнг айтди.

Алиевнинг сўзларига кўра, Озарбайжоннинг Украинадаги элчихонаси уч марта ҳужумга учраган.

«Украинадаги элчихонамизга уч марта зарба берилди. Биринчисидан кейин бу тасодиф бўлиши мумкин, деб ўйладик. Шундан сўнг Россия томонига дипломатик ваколатхоналаримиз – консуллик бўлими, маданий марказ ва элчихона координаталарини етказдик. Шунга қарамай, яна икки марта зарба берилди. Бу Озарбайжоннинг дипломатик ваколатхоналарига қаратилган қасддан қилинган ҳужумдир», – деди Алиев.

У Баку Москвага расмий нота юборганини ва Россия элчиси Ташқи ишлар вазирлигига чақирилганини қўшимча қилди. Озарбайжон етакчиси Россия ҳаракатларини «дўстона бўлмаган қадам» деб атади.

Россиянинг жавоби

Россия ТИВ эса жавоб тариқасида айбловлардан «ҳайратда» эканини билдирди. Баёнотда зарбаларни режалаштиришда «фуқароларга зарар етмаслиги учун жанг қўлланилиши маълумотлари синчиклаб текширилиши», шунингдек, дипломатик миссиялар жойлашуви инобатга олиниши таъкидланди.

Баку-Москва низоси

Алиевнинг баёнотлари Москва ва Баку ўртасидаги узоқ давом этаётган инқироз фонида янгради. Бу инқироз 2024 йил декабр ойида AZAL самолёти ҳалокатидан кейин кескинлашган эди. Самолёт Чеченистонда Россия ҳаво мудофаа тизими томонидан уриб туширилган. Алиевни, жамоат олдида, Россия президенти Владимир Путин фожиадан сўнг дарҳол қўнғироқ қилмагани ва шахсан узр сўрамагани ранжитган. Бунинг ўрнига Озарбайжон етакчиси билан Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров боғлангани Бакуда очиқдан-очиқ писанд қилмаслик сифатида қабул қилинган. Кейинчалик Кремл расмий узр сўрашга мажбур бўлди.

2025 йил кузида кескинлик янада ошди: Россия куч тузилмалари Екатеринбургда Озарбайжондан чиққан шахсларга қарши рейд ўтказди. Амалиёт давомида 50 нафардан ортиқ киши ушланди, икки нафар – Зиёддин ва Ҳусайн Сафаровлар ҳалок бўлди. Баку Москвани «суддан ташқари қотилликлар»да айблаб, ўз фуқароларига нисбатан қийноқ ва қотиллик бўйича жиноий иш қўзғатди.

Шундан сўнг Озарбайжонда «Sputnik Озарбайжон» раҳбарлари – ижроия директори Игор Картавих ва бош муҳаррир Евгений Белоусов ушланди. Уларга фирибгарлик ва ноқонуний тадбиркорлик айбловлари қўйилди. Кейинчалик улар Россияга юборилди.

Шу фон ортида Бакуда, шунингдек, Озарбайжон президенти маъмуриятининг собиқ раҳбари Рамиз Мехтиев иши ҳам муҳокама қилинди. Озарбайжон ОАВ уни мамлакатдаги россияпараст кучлар рамзи сифатида атаган. Расмийлар унинг ҳибсга олинганини расман тасдиқламаган бўлса-да, бу воқеа атрофида элиталар ичидаги курашга доир турли тахминлар пайдо бўлди.

Теглар

Мавзуга оид