Logo

Андижонда кичик ГЭСлар учун замонавий ускуналар ишлаб чиқарилади

Бугун 14:352 дақиқа

Тўлиқ хорижий инвестициялар ҳисобига амалга оширилаётган лойиҳанинг умумий қиймати 20 млн долларни ташкил этади. Лойиҳа доирасида 200 та янги иш ўрни яратилади. Маҳсулотларни Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонга экспорт қилиш, йиллик экспорт ҳажмини 3 млн долларга етказиш режалаштирилган.

Андижонда кичик ГЭСлар учун замонавий ускуналар ишлаб чиқарилади © president.uz

Президент Шавкат Мирзиёев Андижон туманида кичик гидроэлектр станциялари учун зарур ускуналар ишлаб чиқариш бўйича амалга оширилаётган лойиҳа билан танишди.

Давлат раҳбарининг 2025-йил 28-мартдаги ҳудудларда микрогидроэлектр станциялари тармоғини ривожлантиришга доир қарорининг ижроси доирасида «Андижон Жинлун янги энергия» корхонаси ташкил этилмоқда.

Тоғли ва сув ресурсларига бой Марказий Осиё давлатларида бундай ускуналарга талаб юқори. Бироқ шу пайтгача минтақада уларни саноат миқёсида ишлаб чиқарадиган ихтисослашган корхоналар етарли эмас эди. Президент матбуот хизматининг ёзишича, янги лойиҳа ана шу эҳтиёжни қоплашга қаратилган.

Андижон вилоятидаги мавжуд сув манбалари «яшил» энергетикани ривожлантириш учун катта имконият яратади. Хусусан, Катта Фарғона каналининг барқарор сув оқими микро ва кичик ГЭСлар қуриш учун қулай ҳисобланади.

Тўлиқ хорижий инвестициялар ҳисобига амалга оширилаётган лойиҳанинг умумий қиймати 20 миллион долларни ташкил этади. Корхона 2027-йилда тўлиқ қувват билан ишга туширилади. Шундан сўнг бу ерда йилига 70 миллиард сўмлик 100 та кичик ГЭС мажмуаси, шунингдек, микрогидроэнергетика ускуналари, дастгоҳ ва электр жиҳозлари ишлаб чиқарилади.

Бугунги кунда дунёда экологик тоза ва қайта тикланувчи энергия манбаларига талаб ортиб бормоқда. Бу жиҳатдан кичик ва микро ГЭСлар самарали ечимлардан бири ҳисобланади. Улар атроф-муҳитга таъсири камлиги, қисқа муддатда барпо этилиши ва барқарор электр энергияси ишлаб чиқариши билан аҳамиятлидир.

Айтилишича, лойиҳа доирасида 200 та янги иш ўрни яратилади. Маҳсулотларни Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонга экспорт қилиш, йиллик экспорт ҳажмини 3 миллион долларга етказиш режалаштирилган.

Шунингдек, корхона Андижон вилоятида қатор микро ГЭСлар қуришни мўлжаллаган. Бу аҳоли ва саноат корхоналарини арзон, экологик тоза ҳамда барқарор электр энергияси билан таъминлашга хизмат қилиши урғуланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда кичик ва микро ГЭСлар қурилишини жадаллаштиришнинг янги тартиби ва имтиёзлари белгиланганди.

Теглар

Мавзуга оид