Apple, Google ва Meta уч ойда Ўзбекистонга қанча солиқ тўлади?

Бугун 10:461 дақиқа

2026 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонда фаолият юритувчи хорижий IT-компаниялар тўлаган солиқлар ўтган йилга нисбатан 81 фоизга ўсиб, 65,7 млрд сўм етди.

Apple, Google ва Meta уч ойда Ўзбекистонга қанча солиқ тўлади?

2026 йилнинг дастлабки уч ойида Ўзбекистонда фаолият юритаётган 89 та хорижий электрон хизмат провайдери томонидан жами 65,7 млрд сўм солиқ тўлангани маълум қилинди. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, мазкур сумма 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 81 фоизга ошган. Солиқ тушумларининг асосий қисми — 91,85 фоизи — электрон хизмат кўрсатувчи йирик халқаро компаниялар ҳиссасига тўғри келади.

Энг катта улушни Apple эгаллаб, 16,1 млрд сўм солиқ тўлади. Ундан кейин Google 14,9 млрд сўм билан иккинчи ўринни олди. Учинчи ўринда эса Meta бўлиб, 13,9 млрд сўм солиқ тўлаган.

Шунингдек, бошқа йирик иштирокчилар орасида Valve Corporation (8 млрд сўм), OpenAI (2,5 млрд сўм) ва Anthropic (1,5 млрд сўм) ҳам мавжуд.

Қолган компаниялар ҳам солиқ тушумларига ҳисса қўшган. Жумладан, Midasbuy 1,3 млрд сўм, TikTok 868,3 млн сўм, Booking.com 694,7 млн сўм ва Netflix 570,4 млн сўм солиқ тўлаган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2020 йил март ойидан бошлаб хорижий электрон тижорат компаниялари учун ҚҚС тўлаш тартиби жорий этилган. Унга кўра, улар жисмоний шахсларга кўрсатилган хизматлар бўйича солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтади.

2025 йилдан бошлаб мазкур реестр янада кенгайди. Унга Alibaba Cloud, eBay, OpenAI, Bloomberg, Coursera, Canva ва бошқа бир қатор компаниялар қўшилди. Шу билан бирга, айрим компаниялар ҳисобдан чиқарилиб, янгилари қўшилиши орқали тизим доимий равишда янгиланиб бормоқда.

Теглар

Мавзуга оид