Logo

Apple маҳсулотларининг нархи ошиши мумкин

Apple бош директори Тим Кук хотира чиплари кескин қимматлашгани сабаб компания маҳсулотлар нархини кўтаришга мажбур бўлаётганини айтди.

Apple маҳсулотларининг нархи ошиши мумкин © techradar.com

Apple компанияси хотира ва маълумот сақлаш микросхемалари нархининг кескин ошиши фонида ўз маҳсулотлари нархини кўтаришга тайёрланмоқда. Бу ҳақда компания бош директори Тим Кук The Wall Street Journal нашрига берган эксклюзив интервьюсида маълум қилди.

Кукнинг айтишича, хотира (DRAM) ва маълумот сақлаш (NAND) чиплари нархининг кескин кўтарилиши ишлаб чиқариш харажатларини сезиларли даражада оширган.

«Афсуски, нархларни оширишнинг олдини олиб бўлмайди. Биз харажатларнинг ошишини имкон қадар юмшатишга ва мижозларимизни бундан ҳимоя қилишга ҳаракат қилдик, аммо вазият энди барқарор эмас», – деди Кук.

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, агар Apple ошган харажатларни тўлиқ истеъмолчилар зиммасига юкласа, навбатдаги iPhone Pro модели нархи тахминан 270 долларга қимматлашиши мумкин.

Apple ҳозирча қайси маҳсулотлар қанча қимматлаши ва бу қачон амалга оширилишини очиқламаган. Бироқ навбатдаги йирик тақдимот сентябрь ойида бўлиб ўтиши ва унда янги iPhone 18 ҳамда биринчи букланувчи iPhone намойиш этилиши кутилмоқда. Айрим прогнозларга кўра, кузда тақдим этилиши кутилаётган iPhone 18 Pro смартфонининг бошланғич нархи 1299 долларни ташкил этади.

Нархлар ошиши фақат янги iPhone моделлари билан чекланмаслиги мумкин. Таҳлилчилар, айниқса Mac ва iPad қурилмалари нархлари бундан ҳам олдинроқ кўтарилиши эҳтимолини истисно қилмаяпти.

Чиплар нархининг ошишига сунъий интеллект соҳасидаги улкан талаб сабаб бўлмоқда. Сўнгги икки йилда Google, Microsoft, Meta ва Amazon каби компаниялар AI инфратузилмасига миллиардлаб доллар сарфламоқда. Натижада серверлар учун зарур бўлган хотира ва сақлаш чипларига талаб кескин ошди.

Бозорда DRAM чипларининг асосий етказиб берувчилари — Samsung Electronics, SK Hynix ва Micron Technology ҳисобланади. Уларнинг маҳсулотларига бўлган талаб ошиши акциялар қийматининг ҳам кескин ўсишига олиб келди.

Кукнинг таъкидлашича, у электроника таъминоти занжиридаги 40 йиллик фаолияти давомида бундай вазиятни ҳеч қачон кўрмаган.

«Бу юз йилда бир марта учрайдиган тошқинга ўхшайди. Мен бунга ўхшаш ҳолатни ҳеч қачон кўрмаганман», — деди Apple раҳбари.

Теглар

Мавзуга оид