Апрелда сўм курси қандай бўлди?
Апрел ойи давомида ўзбек сўми долларга нисбатан 1,8 фоизга мустаҳкамланди. 1 май учун белгиланган расмий курс долларни сўнгги беш ойдаги энг паст даражага туширди. Яқин ойларда сўмга кучли босим бўлиши кутилмаяпти.

Ўзбекистонда апрель ойида долларга нисбатан сўм курси мустаҳкамланди. 1 апрелда 1 доллар 12 194,21 сўм бўлган бўлса, 30 апрелда расмий курс 11 974 сўмгача пасайди.

Ой давомида сўм курси 22 та савдо сессиясида долларга нисбатан 1,8 фоизга мустаҳкамланиб, ой охирига келиб 12 000 сўмдан ҳам пастга тушиб кетди.
Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг ёзишича, апрель ойида танлаб олинган 39 та валюталарнинг фақатгина учтаси долларга нисбатан қадрсизланган. Ой давомида долларга нисбатан энг юқори мустаҳкамланган валюта рубл бўлди.

Ой давомида рубл долларга нисбатан 8,1 фоизга мустаҳкамланди (29 апрель ҳолатига). Шунингдек, апрелда тенге 5,1 фоизга, юан 1 фоизга мустаҳкамланган.Йирик валюталардан евро 1,6 фоизга, фунт 2 фоизга, франк 1,4 фоизга ҳамда иена 0,2 фоизга ўсишга эришган.
Сўмнинг мустаҳкамланиши апрель ойида чиқарилган қимматли қоғозлар (1 млрд доллар экв), асосий меҳнат бозоримизда валюта курси юқори мустаҳкамланишининг таъсири, олтинсиз экспортдаги юқори ўсиш (биринчи чоракда 25 фоиз ўсиш кузатилган) каби омиллар билан изоҳланади.
Бундан ташқари, Ўзбекистонга хориждан кириб келаётган пул ўтказмаларининг ўсиши ҳам доллар курсига ўз таъсирини ўтказган бўлиши мумкин. И чоракда хорижий пул ўтказмалари 13 фоиздан кўпроқ ошиб, 3,8 млрд долларни ташкил қилганди.

Апрел ойида сўмнинг кунлик тебранувчанлиги 0,24 фоизни ташкил этиб, март ойига нисбатан 33 фоизга кенгайган. Лекин 2025-йил май—сентябрь ойларига нисбатан сезиларли паст шаклланишда давом этмоқда. Бу мавсумий омиллар билан ҳам изоҳланиши мумкин.
Кутилмалар қандай?
Марказий банк раиси Тимур Ишметов 29-апрель куни матбуот анжуманида Келгуси ойларда сўмнинг реал алмашув курсига нисбатан юқори босимлар бўлмаслиги кутилаётганини таъкидлаганди. Бу яқин бир неча ой ичида сўм курси кескин қадрсизланиб, доллар сезиларли ошиб кетмаслиги кутилаётганини билдиради.
Доллар май ойини ҳам пасайиш билан бошлади. 1-майдан бошлаб 1 доллар расман 11 937,6 сўмдам ҳисобланади. Бу 2025 йил 3 декабрдан бери, деярли 5 ойлик энг паст кўрсаткичдир.
Айрим банклар аллақачон долларни 11 900 сўмдан пастроқ нархда сотиб олишни бошлаб юборган.





