add

АҚШда ўзбек аёллар кенгаши тузилади

Кеча 20:302 дақиқа

Америкадаги ўзбек ишбилармон аёлларини бирлаштириш орқали ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган янги ташаббус илгари сурилди.

АҚШда ўзбек аёллар кенгаши тузилади

АҚШда ўзбек аёллари фаолиятини тизимли йўлга қўйиш мақсадида махсус Кенгаш ташкил этилади. Ушбу ташаббус Америкадаги ватандошлар жамоаси вакиллари ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, айниқса, ишбилармон аёлларни бирлаштиришга қаратилган муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.

28 декабр куни Филаделфия шаҳрида ўтказилган учрашувда тадбиркорлик, жамоат ишлари ва ижтимоий соҳаларда фаолият юритаётган ўзбек диаспораси вакиллари иштирок этди. Тадбир «Ватан» жамияти ҳамда Ўзбекистоннинг Ню-Йоркдаги Бош консулхонаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг бандлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув давомида иштирокчилар жамоа доирасида ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, тажриба алмашиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш зарурлигини таъкидлади. Айниқса, аёлларнинг жамиятдаги ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш муҳим йўналиш сифатида қайд этилди.

Тадбир доирасида риэлторлик ва юридик хизматлар соҳасида фаолият юритаётган компаниялар ўз тақдимотларини ўтказди. Бу тақдимотлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотиб, амалий ҳамкорлик имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилди.

Учрашув якунларига кўра, «Ватан» жамияти кўмагида Ўзбек аёллар кенгашини ташкил этиш, аёллар иштирокида қўшма бизнес ва ижтимоий лойиҳаларни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди. Шунингдек, минтақада истиқомат қилаётган ватандош аёлларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш учун махсус маслаҳат маркази очиш ташаббуси қўллаб-қувватланди.

Ташкилотчиларга кўра, мазкур тадбир жамоа бирлашмалари ва Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари ўртасидаги самарали ҳамкорликнинг яна бир намунаси бўлди. Бу эса хориждаги ватандошларни жипслаштириш ва уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Теглар

Мавзуга оид