Logo

Арзонлашадиган божхона тўловлари, ТОП-5 банкка харидор бўлаётган грузинлар ва бизнесни кутаётган хатлов — 2 сентябр дайжести

Кеча 23:103 дақиқа

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Арзонлашадиган божхона тўловлари, ТОП-5 банкка харидор бўлаётган грузинлар ва бизнесни кутаётган хатлов — 2 сентябр дайжести

Ўзбекистонда товар олиб кириш учун ягона божхона тўлови арзонлашади

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

2027 йил 1 январдан Ўзбекистонга шахсий эҳтиёжлари учун божсиз меъёрдан ортиқ товар олиб кирувчи жисмоний шахслар учун ягона божхона тўлови товар қийматининг 30 фоизидан 20 фоизига, унинг энг кам миқдори эса ҳар бир килограмм учун 3 доллардан 2 долларга туширилади.

Шунингдек, 2027 йил 1 июндан бошлаб жисмоний шахслар нотижорат мақсадларда товар олиб кирганда ҳисобланган ягона тўлов божхона йиғимларидан кам бўлса, ушбу йиғимлар ундирилмайди.

Грузия банки Ўзбекистондаги TOP-5 банклардан бирини сотиб олмоқчи

Грузиянинг «Bank of Georgia» банкига эгалик қилувчи «Lion Finance Group» Ўзбекистон ва Қозоғистон бозорларидаги йирик (TOP-3 ёки TOP-5) банклардан бирини сотиб олишни режалаштирмоқда. Гуруҳ бош директорининг таъкидлашича, компания янги банкни нолдан ташкил этишдан кўра, ўз тажрибасини татбиқ қила оладиган мавжуд йирик ўйинчини харид қилишни афзал кўради.

Компания Марказий Осиёдан ташқари, Болтиқбўйи ва Болқон мамлакатларидаги имкониятларни ҳам кўриб чиқмоқда. Бироқ ҳозирча Ўзбекистондаги аниқ банк номи очиқланмаган. Бирор банк билан музокара бошлангани ёки таклиф берилгани ҳақида ҳам расмий маълумот йўқ.

Шавкат Мирзиёев Каримовни хотирасини йодга олди

2 сентябр куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовни хотирлаш маросими бўлиб ўтди. Президент Шавкат Мирзиёев марҳумнинг рафиқаси Татяна Каримова ҳамда ҳукумат вакиллари ҳамроҳлигида Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюриб, ҳайкал пойига гулчамбар қўйди.

Тадбирда Қуръон тиловат қилиниб, биринчи президентнинг мамлакат мустақиллиги ва тинчлиги йўлидаги хизматлари эсга олинди, шунингдек, давлат идоралари вакиллари ва кенг жамоатчилик томонидан ҳам ҳайкал пойига гуллар қўйилди.

Ўзбекистонда нақд валютани декларациясиз олиб чиқиш лимити оширилиши мумкин

Ўзбекистонда йўловчилар нақд миллий ва хорижий валютани божхона декларациясиз олиб чиқиш лимитини амалдаги 100 миллион сўмдан (тахминан 8453 доллар) 10 минг доллар эквивалентигача ошириш таклиф қилинмоқда.

«Янги Ўзбекистон божхонаси — 2030» стратегиясида белгиланган ушбу вазифа доирасида Божхона қўмитаси ва бошқа масъул идораларга 2027 йил декабрига қадар тегишли қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳамда Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилди.

246 триллион сўмлик хуфиёна иқтисодиёт: Ўзбекистонда бизнес тўлиқ хатловдан ўтказилади

Ўзбекистонда доимий аҳоли сони 39 миллион 47 минг нафарга, мамлакатдаги кузатилмайдиган (яширин) иқтисодиёт улуши эса 246 триллион сўмга (23 фоизга) етгани маълум қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёевга тақдим этилган миллий статистика ислоҳотига кўра, носоғлом рақобатга барҳам бериш ҳамда кўплаб субъектларнинг амалда ишламаётгани ёки фаолиятини тўхтатганини аниқлаш мақсадида жорий йилнинг 15 октябридан 30 ноябрига қадар республика бўйлаб барча бизнес субъектлари тўлиқ хатловдан ўтказилади.

Теглар

Мавзуга оид