Айрим тадбиркорлар 2030-йилгача солиқлардан озод қилинади

Бугун 10:395 дақиқа

Ногирон фарзандини кундузги парвариш хизматига берган ота-оналарга ҳам солиқ имтиёзи берилади.

Айрим тадбиркорлар 2030-йилгача солиқлардан озод қилинади © Foto: president.uz

Ўзбекистонда 3-18 ёшгача ногирон фарзандини кундузги парвариш хизматига берган ота-оналар учун ушбу хизматга ҳар ойда тўланадиган 3 миллион сўмгача бўлган маблағни даромад солиғидан, давлат-хусусий шериклик асосида ногирон болаларга кундузги парвариш хизматини кўрсатаётган тадбиркорларни эса 2030-йилгача солиқлардан (бундан ижтимоий солиқ мустасно) озод қилиш кўзда тутилмоқда. Бу кеча, 17-апрел куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган аҳолини, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий хизматлар қамрови ва сифатини ошириш, шунингдек, бу соҳадаги қонунчилик базасини янада такомиллаштиришга қаратилган таклифлар тақдимотида сўз боради.

Бугунги кунда Ўзбекистонда кундузги парвариш хизматлари 396 та тадбиркор томонидан йўлга қўйилган бўлиб, улар 4,4 мингдан ортиқ ногиронлиги бўлган болага хизмат кўрсатмоқда.

Янги ижтимоий хизматлар

Шунингдек, руҳий ҳолатида бузилишлари мавжуд I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун 2026-йил давомида босқичма-босқич янги ижтимоий хизматлар жорий этилади. «Янги кун» кундузги қараб туриш хизмати, уй шароитида қараб туриш хизмати, кичик ҳажмли «Мадад» уйи хизмати ва «Ижтимоий таътил» қисқа муддатли жойлаштириш хизмати йўлга қўйилади. Бу хизматлар қараб туриш ва парвариш қилиш, кундалик ҳаёт кўникмаларини шакллантириш, маиший ишларга ўргатиш, касб ва молиявий ҳисоб-китоб кўникмаларини ривожлантириш орқали оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлади.

Мазкур янги хизматлар давлат-хусусий шериклик асосида малакага эга бўлган ва зарур талабларга жавоб берадиган нодавлат ташкилотлар томонидан кўрсатилади. Бу орқали 2026-йилда 8,3 минг нафар руҳий ҳолатида бузилишлари мавжуд шахсни янги хизматлар билан қамраб олиш, 600 тагача нодавлат ташкилот ва якка тартибдаги тадбиркорларни ижтимоий хизмат кўрсатишга жалб этиш режалаштирилган. Янги хизматлардан фойдаланиш билан боғлиқ харажатлар Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси ҳисобидан субсидия шаклида қоплаб берилади.

2026-йил 1-июнга қадар 0-3 ёшда ривожланишида нуқсонлар аниқланган болалар учун илк бор “Эрта аралашув” хизмати босқичма-босқич жорий этилади. Ушбу хизмат орқали махсус педагоглар ва даволовчи жисмоний тарбия йўриқчилари иштирокида болаларга коррекцион-педагогик ёрдам, нутқ ва жисмоний ривожлантириш машғулотлари кўрсатилади. Хизмат нодавлат ташкилотлар томонидан махсус электрон реестр асосида йўлга қўйилади. Шунингдек, анатомик нуқсонлар билан туғилган болаларнинг қўшимча тиббий текширув ва жарроҳлик харажатлари Давлат тиббий суғурта жамғармаси ҳисобидан қопланади.

Шу билан бирга, 2026-йил 1-сентябрдан бошлаб 18 ёшдан катта чуқур даражадаги ақлий заифлик ташхиси қўйилган шахсларнинг парвариши билан банд бўлган қонуний вакиллар учун ҳар ойлик янги парваришлаш нафақаси жорий этилади.

«Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари ваколатлари ҳам кенгайтирилади

2026-йил 1-июндан бошлаб «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари ходимлари туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги васийлик ва ҳомийлик комиссиялари таркибига киритилади. Шунингдек, руҳий ҳолатида бузилишлари мавжуд шахсларга тайинланган васий ва ҳомийлар томонидан мажбуриятларнинг бажарилиши, ушбу шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари, мол-мулкининг муҳофазаси, уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари мунтазам мониторинг қилиб борилади.

Интернат муассасаларини трансформация қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Таклифларга кўра, «Мурувват» интернат уйлари босқичма-босқич «Ғамхўрлик» марказларига айлантирилади. Энди мазкур муассасалар асосан тиббий-ижтимоий эмас, балки ижтимоий ёндашув асосида ишлайдиган, шахсни жамиятга мослаштиришга қаратилган марказлар сифатида фаолият юритади. У ерда яшовчиларни спорт, ижодий, эрготерапия, меҳнат ва ижтимоий-маънавий терапияга жалб қилиш, «мураббий кузатувида» мустақил яшаш хизмати орқали ҳаётий кўникмаларни шакллантириш, оилавий муҳитга яқин кичик ҳажмли уйлар ташкил этиш кўзда тутилган.

Йўловчилар транспортидан бепул фойдаланиш ҳуқуқи

Шаҳар йўловчилар транспортидан бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга тоифаларни кенгайтириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Жумладан, I гуруҳ ногирони бўлган шахслар ва уларга ҳамроҳлик қилувчи бир нафар шахсга, шунингдек, 1941-1945 йиллардаги уруш ногиронларига тенглаштирилган шахсларга мазкур ҳуқуқни татбиқ этиш таклиф қилинмоқда.

Зўравонликдан жабрланган аёлларни иш билан таминлаш

Тақдимотда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган аёлларнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлашга қаратилган янги механизмлар ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, уларни алоҳида мурожаатсиз, «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари талабномаси асосида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олиш, ишга жойлаштириш хизматларини кўрсатиш ва натижалар бўйича тезкор ахборот алмашиш тартибини жорий этиш режалаштирилган.

Болалар ҳимояси

Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва вояга етмаганларга нисбатан зўравонликнинг айрим шаклларига қарши курашиш соҳасида ҳам қонунчиликни кучайтириш масаласи кўриб чиқилди. Уларга кўра, вояга етмаганлар тасвирланган порнографик материалларни тарқатиш мақсадида сақлаганлик учун алоҳида маъмурий жавобгарликни белгилаш, шу каби ҳуқуқбузарлик такроран содир этилганда жиноий жавобгарликни қўллаш, интернет ва телекоммуникация тармоқлари орқали 16 ёшга тўлмаган шахсларга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этганлик учун жазони кучайтириш назарда тутилган. Вояга етмаганлар тасвирланган порнографик маҳсулотларни тарқатиш мақсадида республикага олиб кирганлик, бундай маҳсулотни тайёрлаганлик, реклама қилганлик, намойиш этганлик ёки вояга етмаганни порнографик ҳаракат ижрочиси сифатида жалб этганлик учун озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши белгиланмоқда.

Шунингдек, вояга етмаган гувоҳ ва жабрланувчиларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида уларнинг қонуний вакили институти жорий этилмоқда ва сўроқ қилишнинг аниқ вақт меъёрлари белгиланмоқда. Тақдимотда Жиззах вилоятида «ислоҳотлар штаби» томонидан маҳаллаларнинг солиштирма устунликларидан келиб чиққан ҳолда шакллантирилган лойиҳалар тўғрисида ҳам ахборот берилди.

Давлат раҳбари ижтимоий ҳимоя соҳасидаги янги механизм ва таклифларни маъқуллаб, тегишли қонун ҳужжатларини имзолади.

Теглар

Мавзуга оид