
Азиз Абдуҳакимов: «Пойтахт ҳавосининг ифлосланиши бўйича фавқулодда чоралар самара бермоқда»
Тошкентда экологик муаммоларни бартараф этиш учун давлат идоралари кенг ваколатли махсус тизим асосида иш бошлади.

Тошкентда ҳаво сифатининг кескин ёмонлашуви ортидан Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раҳбари, Президентнинг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси Азиз Абдуҳакимов иштирокида махсус брифинг ўтказилди. Унинг таъкидлашича, юзага келган вазият давлат раҳбариятининг доимий назоратида бўлиб, қабул қилинаётган қарорлар аниқ маълумотлар ва илмий таҳлилларга тўлиқ таянади.
Ўзгидромет маълумотига кўра, пoйтахтда кузатилаётган юқори даражадаги ифлосланиш бир вақтда намоён бўлган бир нечта антропоген омиллар ҳамда табиий-иқлимий жараёнлар йиғиндиси билан боғлиқ. Айниқса, ҳавода ҳосил бўлган кучли инверсия ифлос моддаларнинг паст қатламда тўпланиб қолишини кучайтирган. Бу вертикал ҳаво алмашинувининг тўхташига ва ифлосланишнинг тез тарқалмаслигига сабаб бўлди.
«Ўзбекистон ҳозирги кунда юқори суръатларда ривожланиб келмоқда. ЯИМ ўртача йиллик ўсиши 6-7 фоизни ташкил этмоқда. Тошкент шаҳри эса кенг кўламли урбанизация жараёнини бошдан кечирмоқда. Мисол учун, агар 1991-2016-йилларда ҳар йили ўртача 2200 та квартира қурилган бўлса, 2017-2023-йилларда бу кўрсаткич 15800 тага етди. Автомобиллар сони ҳам кескин ўсмоқда. Бу кўрсаткич 2020-йилги 417 мингдан бугунги кунда 624 минггача кўпайган.
Ушбу факторлар оқибатида антропоген юклама ҳам пропорсионал равишда ўсмоқда. Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти атмосфера ташланмаларининг умумий ҳажми 2016-йилдаги 345 минг тоннадан 2024-йилда 486 минг тоннагача ошди. Бу ўсиш — 40 фоизга тенгдир» — деди Азиз Абдуҳакимов.
Президент Фармони билан Тошкентда экологик вазиятни барқарорлаштириш бўйича Махсус комиссия тузилиб, унга 2026 йил 1 мартгача қуйидаги ваколатлар берилди.
Ҳаво ифлосланишида улуши 28 фоизни ташкил қилувчи иссиқлик таъминоти корхоналари ва иссиқхоналарда – мазут, шина каби таъқиқланган ёқилғи турларида ёки филтрларни ўрнатмасдан фаолият юритаётганларни фаолиятини чеклаш;
Транспорт тизимида – ҳавонинг табиий ифлосланиш даражаси ошган ҳолларда ҳаракатни чеклаш;
Саноат корхоналарида – ташламалар меъёрларини ўрнатиш ва экология талаблари бузилганда фаолиятни тўхтатиш;
Қурилиш соҳасида – чангларни бостирмаган ва техникаларни ювишни ташкил этмаган қурилиш ташкилотлари фаолиятини тўхтатиш.
Абдуҳакимовнинг маълуум қилишича, табиий омиллар туфайли ҳаво тезда тўлиқ тикланмайди, шу боис антропоген юкламани кескин камайтириш зарур. Махсус комиссия ва давлат идоралари 24/7 режимида фаолият юритмоқда. Фуқаролар экологик қоидабузарликлар ҳақида 1157 рақами орқали мурожаат йўллашлари мумкин.





