Бекмурод Абдуллаев қўйиб юборилди…ми?
Давлат манфаатларига 186 миллиард сўмдан ортиқ зарар келтирган ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Бекмурод Абдуллаев, Жазони ижро этиш бош бошқармаси собиқ раҳбари Рустам Турсунов дохил 7 нафар мулозим зарарни қоплагани муносабати билан озодликка чиқарилгани айтилди.
Президент Шавкат Мирзиёев 186 миллиард сўм буджет маблағи ўзлаштирилгани аниқланиб, қамоққа олинганини айтган собиқ Ички ишлар вазири ўринбосари Бекмурод Абдуллаев қўйиб юборилди. Бу ҳақда ВАҚТ.УЗнинг бир-биридан мустақил манбалари хабар бермоқда.
Бу ахборот ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментига бир зумда ёйилган бўлса ҳам, ҳозиргача ҳеч қайси ташкилот ёки тергов олиб бораётган Бош прокуратура муносабат билдиргани йўқ.
Маълумотларга кўра, Ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Бекмурод Абдуллаев дохил 7 нафар мулозим зарарни қоплагани муносабати билан 15-апрел куни кечқурун озодликка чиқарилган. Зарар миқдори 186 миллиард ва узун қулоқ гапларга кўра, бу пулни собиқ мулозимнинг акаси, тадбиркор Баҳодир Абдуллаев тўлаган.
Манбаларга кўра, Бекмурод Абдуллаев билан бир вақтда қўлга олинган собиқ Жазони ижро этиш департаменти раҳбари Рустам Турсунов чиқарилмаган.
«Эзгулик» жамияти раиси, инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташановнинг ёзишича, зарарни қоплагани муносабати билан озод қилинган раҳбарларга қўлланилган чора 60 дан ортиқ бошқа айбланувчиларда ҳақли норозиликка сабаб бўлмоқда.
“Воқеалар ривожини кузатамиз ва расмийлардан икки энлик изоҳ кутамиз”, – деб ёзади Ташанов.
Келинг, энди амалдорлар нега терговга тортилиб, қамоққа олинганини эслаймиз.
Бекмурод Абдуллаев ва Рустам Турсунов қамоққа олингани ҳақидаги гаплар жорий йил январ ойида болалаган эди. Ўшанда икки мулозим йирик миқдорда давлат мулкини ўзлаштиргани айтилган.
27-январ куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги Қўриқлаш бошқармасида ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида Бекмурод Абдуллаев нима сабабдан ишдан олинганини маълум қилди.
«Ички ишлар вазирлиги тизимида давлат харидларида 186 миллиард сўм буджет маблағи ўзлаштирилгани аниқланиб, вазир ўринбосари Б. Абдуллаев ва департамент бошлиғи Р. Турсуновга нисбатан жиноят иши қўзғатилди», – деган эди селекторда.
Аммо собиқ амалдорлар Жиноят кодексининг қайси моддалари билан айбланаётгани очиқланмаган. Фақат тергов прокуратура органида экани маълум. Уни ҳам 11-апрел куни Ички ишлар вазирлиги ўтказган матбуот анжуманида вазир ўринбосари — Тергов департаменти раҳбари полковник Рамазон Ашропов маълум қилган эди.
“Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тергов ҳаракатларини бошқа идора олиб бораётганлиги сабабли бизда бу бўйича маълумот йўқ. Терговга жавоб берадиган раҳбарлар бу саволга жавоб берса тўғри бўларди”, — деган Рамазон Ашропов.
Кўпчиликни бир савол қийнамоқда: Гаров эҳтиёт чораси қўлланилди дегани — Абдуллаев айбсиз деб топилди ва жавобгарликдан қутулди деганими? Албатта, йўқ.
Қонунга кўра, бирор шахс жиноятда гумон қилинса, унга нисбатан "қамоқ" эҳтиёт чорасини терговчининг илтимосномаси билан фақат суд белгилайди. Дастлабки тергов муддати одатда 3 ой этиб белгиланади.
Агар терговчи 3 ой ичида ишни тугата олмаса, муддатни узайтиришга тўғри келади. Мана шу жараёнда, агар айбланувчи зарарни қоплаган бўлса ёки уни қамоқда ушлаб туришга эҳтиёж қолмаса, терговчи прокурор билан келишган ҳолда "қамоқ"ни “гаров"га ўзгартириши мумкин. Бу ЖПКда кўрсатилган.
“Жамоатчиликда туғилаётган айрим саволларга ойдинлик киритиш мақсадида, амалдаги қонунчилик талабларини эслатиб ўтишни лозим деб топдик:
Ҳуқуқий асос ва тартиб. Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 240-моддаси 2-қисмига мувофиқ, жиноят ишини судга қадар юритиш босқичида (тергов жараёнида) қуйидаги тартиб белгиланган:
Ким ўзгартира олади? Агар шахсни қамоқда сақлаш учун асослар қолмаган деб топилса, эҳтиёт чораси прокурор томонидан ёки терговчи томонидан (прокурорнинг розилиги билан) бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин.
Суднинг роли қандай? Бундай ҳолатда эҳтиёт чорасини ўзгартириш учун суднинг алоҳида қарори талаб этилмайди. Фақатгина эҳтиёт чорасини ўзгартирган масъул орган (терговчи ёки прокурор) аввал қамоққа олиш тўғрисида қарор чиқарган судни албатта хабардор қилиши шарт.
Демак, Бекмурод Абдуллаевга нисбатан қўлланилган эҳтиёт чорасининг ўзгартирилиши бевосита терговчи томонидан, назорат қилувчи прокурорнинг розилиги билан амалга оширилган. Бу жараёнда судга тегишли билдиришнома юборилиши қонун талабларига тўлиқ риоя этилганлигини англатади.
Муҳим эслатма: Эҳтиёт чорасининг ўзгартирилиши шахснинг айбли ёки айбсизлиги тўғрисидаги якуний хулосани англатмайди. Бу шунчаки тергов жараёнидаги процессуал қарор бўлиб, шахснинг айбдорлиги масаласига фақат суд томонидан чиқарилган ва қонуний кучга кирган ҳукм билан якуний баҳо берилади”, — деб ёзади адвокат Абдумалик Абдуллаев.
Аслида гаров пули — бу шунчаки "айбланувчи қочиб кетмайди ва терговга келади" деган кафолатдир. Бу айбдорликни билдирмайди. Айбланувчи тергов тугагунча қамоқда эмас, ўз уйида яшаб туради.
Терговдан кейин нима бўлади? Тергов тўлиқ якунлангач, барча ҳужжатлар ва далиллар судга юборилади. Айбдорлик масаласини терговчи эмас, фақат суд ҳал қилади. Агар суд уни айбдор деб топса, унга жазо тайинланади. Фақат тергов давомида зарарни қоплагани ва гаров тўлангани унга бериладиган жазони енгиллаштиришга ёрдам бериши мумкин. Хулоса қилиб айтганда, ҳозирги жараён шунчаки терговнинг бир қисми, якуний ҳукмни эса барибир суд чиқаради.
Исталган одам гаров пулини тўлаб чиқиб кета оладими? деган ҳақли савол ҳам бор, албатта. Йўқ, ҳар доим ҳам эмас. Гаров — бу шунчаки "пул тўлаб қутулиш" дегани эмас, унинг бир қатор қатъий талаблари бор:
Жиноятнинг оғирлиги: Одатда гаров ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятларда қўлланилади. Ўта оғир жиноятларда (масалан, қотиллик ёки терроризм) ҳар қандай сумма эвазига ҳам гаровга рухсат берилмаслиги мумкин. Агар тергов органида шахс очиқда қолса, қочиб кетиши ёки гувоҳларга босим ўтказиши ҳақида шубҳа бўлса, гаров рад этилади.
Мазкур иш бўйича энг кўп муҳокама қилинаётган жиҳат — давлатга етказилган улкан моддий зарарнинг қисқа муддатда қоплангани бўлди. Норасмий манбаларга кўра, бу маблағни айбланувчининг акаси, таниқли тадбиркор ва спорт арбоби Баҳодир Абдуллаев тўлаганини айтган эдик.
Баҳодир Абдуллаев ким? десангиз, у Ўзбекистон бизнес сегментидаги йирик ва тажрибали тадбиркорлардан бири ҳисобланади. Унинг мавқейи ва молиявий имкониятлари жуда кенг.
Мансабдорнинг акаси мамлакатдаги энг йирик саноат корхоналаридан бири — Ўзбекистон металлургия комбинати акциядорлик бирлашмаси раиси сифатида фаолият юритади. Б.А Ҳолдинг эса тадбиркорнинг йирик лойиҳаларидан бири. Ҳолдинг қурилиш ва саноат корхоналарини бирлаштирган.
Мазкур вазиятда жамоатчиликни қийнаётган асосий масала — ҳуқуқий қарорларнинг қанчалик асосли эканлиги эмас, балки уларнинг очиқ-ойдин тушунтирилмаётганидир. Бош прокуратуранинг сукути турли ижтимоий тахминларга сабаб бўлмоқда. Ваҳоланки, бундай резонансли ишларда расмий муносабат — шаффофликнинг биринчи шартидир.
Шунингдек, худди шу иш доирасида айбланаётган бошқа шахсларнинг қамоқда қолаётгани фонида айрим мулозимларнинг гаров эвазига чиқарилиши жамиятда ъҳуқуқий тенгликъ борасидаги саволларни юзага келтирмоқда. Бу ерда гап шахсларни айблаш ҳақида эмас, балки қонун қўлланилишидаги бир хиллик ва адолат мезонлари жамоатчилик кўзида қандай акс этаётгани ҳақида кетмоқда.
Теглар






