«Berkshire Hathaway» ўз акцияларини қайта сотиб олди
Бунинг учун компания 9,6 млрд доллар сарфлади. Бу қарор унинг соф фойдаси ўтган йилга нисбатан 28 фоизга камайган бир пайтда қабул қилинди.
© prodengi.kz2026-йилнинг III чорагида АҚШдаги «Berkshire Hathaway» компаниясининг соф фойдаси 22,1 млрд долларни ташкил этди. Ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 30,8 млрд доллар бўлган. Яъни фойда 28,2 фоизга камайган. Бу ҳақда компания ҳисоботида маълум қилинди.
Бироқ йилнинг дастлабки тўққиз ойида 57,9 млрд доллар соф фойда олган. 2025-йилнинг шу даврида эса бу сумма 47,8 млрд доллар эди. Натижада йил бошидан буён соф фойда 21,2 фоизга ошган.
Фойданинг бундай ўзгаришига инвестиция активлари қиймати ҳам таъсир қилган. Компания акциялари қийматининг ошиши ҳисобига III чоракда 7,7 млрд доллар даромад қайд этган. Ўтган йилнинг шу даврида бу сумма 9,2 млрд доллар бўлган.
Инвестицияларни сотишдан олинган солиқдан кейинги фойда ҳам 8,1 млрд доллардан 1,7 млрд долларга тушган.
Компаниянинг асосий даромад манбалари
Компаниянинг инвестиция фойдаси ҳисобга олинмаган операцион фойдаси III чоракда 12,7 млрд долларни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу давридаги 13,5 млрд доллардан 5,8 фоиз кам.
Йилнинг дастлабки тўққиз ойида эса операцион фойда 37 млрд долларга етган. Бир йил аввал бу кўрсаткич 34,3 млрд доллар бўлган.
Учинчи чоракда суғурта фаолиятидан олинган фойда 2,4 млрд доллардан 1,4 млрд долларга, суғурта инвестицияларидан тушган даромад эса 3,2 млрд доллардан 2,7 млрд долларга камайган.
Бошқа йўналишларда ўсиш кузатилган. Жумладан, BNSF темирйўл бизнесининг фойдаси 1,45 млрд доллардан 1,73 млрд долларга, энергетика йўналишидаги фойда 1,49 млрд доллардан 1,61 млрд долларга кўтарилган.
Ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва чакана савдо соҳаларидаги умумий фойда ҳам 3,6 млрд доллардан 4 млрд долларга етган.
Компания нима учун ўз акцияларини қайта сотиб олади?
Акцияларни қайта сотиб олиш (buyback) компаниянинг фонд бозорида ўз акцияларини харид қилиб, муомаладаги акциялар сонини камайтиришидир. Бунинг натижасида қолган акциядорларнинг компаниядаги улуши ортади.
Масалан, компаниянинг 100 та акцияси бўлса ва у 10 тасини қайта сотиб олса, муомалада 90 та акция қолади. Шунда ҳар бир акциянинг компаниядаги нисбий улуши кўпаяди.
«Berkshire Hathaway» акцияларни қайта сотиб олишда уларнинг бозор нархини компаниянинг ички қиймати билан таққослайди. Компания акцияларини ўз қийматидан арзон деб ҳисоблагандагина бундай харидни амалга оширишни маъқул кўради.
«Berkshire Hathaway» қандай компания?
«Berkshire Hathaway» АҚШнинг суғурта, темирйўл, энергетика, ишлаб чиқариш ва чакана савдо соҳаларида фаолият юритадиган йирик холдинг. 2026-йил 6-ноябр ҳолатига унинг бозор капитализацияси 1,22 трлн долларга етган.
2026-йилнинг январидан компания бош директори лавозимини Грег Абел эгаллаб келмоқда. Уоррен Баффет эса сентябр ойида фахрий раис мақомини олган, директорлар кенгаши раиси этиб Ҳовард Баффет сайланган.
Холдинг «GEICO» суғурта компанияси ва «BNSF Railway» темирйўл операторига эгалик қилади. Шунингдек, унинг инвестиция портфелида «Apple», «Coca-Cola» ва «American Express» акциялари ҳам бор.





