add

«Биз ташқи бозорда рақобатбардошлигимизни йўқотдик» — СИА расмийси сўмнинг мустаҳкам курси ҳақида

Абдулла Абдуқодировга кўра, мустаҳкам сўм экспортчиларимизнинг зарар кўришига олиб келмоқда. Унинг айтишича, Ўзбекистонда ички ишлаб чиқариш эмас, импорт кўпроқ фойда келтиряпти.

«Биз ташқи бозорда рақобатбардошлигимизни йўқотдик» — СИА расмийси сўмнинг мустаҳкам курси ҳақида
Президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Абдулла Абдуқодиров Spot нашрига берган интервюсида доллар курси пасайиши туфайли Ўзбекистоннинг бир қатор соҳалари рақобатбардошлигини йўқотганини таъкидлади. Унинг фикрича, айни пайтда Хитой ва бошқа мамлакатлардан мева-сабзавот маҳсулотлари импорти Ўзбекистондаги ишлаб чиқаришга нисбатан анча арзон ва самарали ҳисобланади. «Импортга тўсиқ қўювчи асосий омил валюта курси бўлиши керак, божхона божлари эмас», — деди у. «Экспортчилар ютқазаётганини кўринг. Тўқимачилик саноати ҳолатини кўринг. Мева-сабзавот маҳсулотларида биз чемпион эдик. Энди ҳаттоки помидоримиз ҳам рақобатбардош эмас», — деди Абдуқодиров. Унинг таъкидлашича, бу ҳолат мамлакатнинг иқтисодий моделига ҳам таҳдид солмоқда. Импортда машиналар ва ускуналар эмас, балки истеъмол товарлари улуши ортиб бормоқда. «Ишлаб чиқариш учун эмас, истеъмол учун кўпроқ импорт қиляпмиз», — деди у. Август ойида экспортчилар Марказий банкдан сўмни сусайтиришни талаб қилган. Улар курсни эркин қўйишни таклиф қилиб, миллий валютадаги харажатлар ўсиши рақобатбардошликни камайтирганини билдирган. Трикотаж ишлаб чиқарувчи компания вакили «девалвация экспортчилар муаммосининг 70–80 фоизини ҳал қилади», деган. Савдо-саноат палатаси раҳбари Даврон Ваҳабов эса доллар учун «муносиб курс» 16–17 минг сўм атрофида бўлиши кераклигини айтган.

Теглар

Мавзуга оид

«Биз ташқи бозорда рақобатбардошлигимизни йўқотдик» — СИА расмийси сўмнинг мустаҳкам курси ҳақида | Vaqt.uz