Logo

Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг модернизация қилишга 328 млн доллар йўналтирилади

Бугун 10:212 дақиқа

Лойиҳа доирасида заводнинг йиллик қайта ишлаш қуввати икки бараварга оширилиб, 5 млн тоннага етказилади. Шунингдек, Евро-5 стандартларига жавоб берадиган АИ-92 ва АИ-95 русумли бензин ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш режалаштирилган.

Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг модернизация қилишга 328 млн доллар йўналтирилади © Prezident matbuot xizmati

Бухоро вилоятидаги нефтни қайта ишлаш заводида ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва юқори сифатли ёнилғи маҳсулотлари улушини кўпайтириш режалаштирилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев Қоровулбозор туманига борганида шу лойиҳа тақдимоти билан танишди.

Модернизация натижасида корхонанинг йиллик қайта ишлаш қувватига қўшимча 2,5 млн тонна қўшилади. Шу билан бирга, хомашёдан кўпроқ тайёр маҳсулот олиш учун уни қайта ишлашнинг айрим босқичлари янгиланади.

Хусусан, заводда янги гидротозалаш ва изомеризация қурилмаларини ишга тушириш режалаштирилган. Улар ёнилғи таркибидаги зарарли аралашмаларни камайтириш ва бензиннинг октан сонини оширишга хизмат қилади. Бу эса Евро-5 талабларига мос АИ-92 ва АИ-95 бензин ишлаб чиқаришни кенгайтириш имконини беради.

Корхонанинг амалдаги ишлаб чиқариш кўрсаткичларига кўра, 2026-йилнинг дастлабки тўққиз ойида 1,36 млн тонна нефт маҳсулотлари тайёрланган. Уларнинг қиймати 12,1 трлн сўмга тенг бўлган.

Шу даврда маҳсулот ва хизматлар экспортидан 99,5 млн доллар тушум қайд этилган. Йил охиригача экспорт ҳажмини 116 млн долларга етказиш мўлжалланган. Заводда айни пайтда 3,2 минг нафардан зиёд ходим ишламоқда.

Лойиҳа амалга оширилиши ҳисобига ички бозорни ёнилғи билан таъминлаш ва маҳсулот экспортини кенгайтириш имкониятлари ортиши кутилмоқда.

photo_2026-11-04_10-20-48

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент ташриф давомида янги ускуналарни мавжуд ишлаб чиқариш жараёнларига мос равишда ўрнатиш, модернизацияни ўз вақтида якунлаш ва корхона фаолиятининг узлуксизлигини таъминлаш юзасидан кўрсатмалар берди.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев Бухорога ташрифи чоғида умумий қиймати 7,8 млрд долларлик 145 та лойиҳани ишга тушириш ва қурилишига старт берганди.

Теглар

Мавзуга оид