Чорак асрлик ишонч: Octobank ташкил топганига 25 йил бўлди
25 йил ичида Octobank мижозлар ишончини қозониб, Ўзбекистоннинг энг тез ривожланаётган банкларидан бирига айланди.

2026 йил 23 июнь куни Octobank Марказий банкдан банк фаолиятини амалга ошириш учун илк марта лицензия олганига роппа-роса 25 йил тўлди.
Бу даврда банк анъанавий банкдан Ўзбекистоннинг энг тез ривожланаётган рақамли молиявий экотизимларидан бирига айланди. Бугунги кунда жисмоний шахслардан тортиб, бизнес ва халқаро ҳисоб-китоблар учун замонавий молиявий хизматлар кўрсатиб келинмоқда.
2023 йилда банк ўз номини Ravnaq bank’дан Octobank’ка ўзгартирди. Шундан сўнг банкда кенг кўламли ребрендинг амалга оширилди ва ўсиш суръатлари сезиларли даражада жадаллашди.
Сўнгги уч йил ичида банкнинг асосий молиявий кўрсаткичлари бир неча баробарга ошди. Хусусан, активлар ҳажми 817 млрд сўмдан 16,3 трлн сўмга, яъни қарийб 20 бараварга кўпайди. Банк капитали 127 млрд сўмдан 1,1 трлн сўмга етди, депозитлар ҳажми эса 633 млрд сўмдан 14,7 трлн сўмгача ўсиб, 23 баравардан ортиқ кўпайди.
Ҳозирда Octobank’нинг 3,6 миллион нафардан ошиқ мижозлари бор. 2025 йил якунлари бўйича банкнинг соф фойдаси қарийб 70 фоизга ўсди ва 255,9 млрд сўмни ташкил қилди.
Шунингдек, банк фақат Ўзбекистонда эмас, хорижий майдонда ҳам кенг кўламли ҳамкорлик ишларини олиб бормоқда. Ҳозирда Octobank’нинг халқаро ҳамкорлар тармоғи 55 тадан ортиқ мамлакатни ўз ичига олади.
Банк ички ва халқаро майдонда эътироф қилинмоқда
Сўнгги йилларда банк мижозлар ишончини қозонишда давом этди ва турли соҳаларда бир қанча ютуқларни қўлга киритди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилларига кўра, 2025 йил якунлари бўйича Octobank кичик банклар орасида Ўзбекистондаги TOP 3 банклар қаторига кирди.
Банк Moody's ва S&P Global Ratings халқаро рейтинг агентликларидан рейтинглар ва барқарор прогноз олишга муваффақ бўлди. Бу Octobank учун халқаро майдонда «ишончлилик сертификати» бўлиб хизмат қилади.
Бундан ташқари, яна бир қанча мукофотлар қўлга киритилди:
• Visa талқинига кўра икки карра «Энг яхши эквайер банк» деб эътироф этилди
• «Ўзбекистон банк соҳасидаги жадал ривожланиш учун» мукофоти соҳиби бўлди
• E-commerce Central Asia Expo соҳавий кўргазмасида «Рақамли тўловлар лидери» унвонига сазовор бўлди
• Бренд қиймати 30 миллион АҚШ долларига етди
Рақамли маҳсулотлар, хизматлар ва ақлли ечимлар
Octobank рақамли трансформацияни ўз фаолиятининг асосий йўналишларидан бирига айлантирган. Банк мижозларга кундалик молиявий операцияларни тез, қулай ва хавфсиз амалга ошириш имконини берувчи замонавий маҳсулот ва хизматларни таклиф этмоқда.
Жумладан, Octo-Mobile мобил иловаси орқали фойдаланувчилар ҳисобларни бошқариш, тўловларни амалга ошириш, маблағ ўтказиш ва бошқа банк хизматларидан масофадан туриб фойдаланиши мумкин.
Шунингдек, QR-код орқали тўловлар тизими харидларни янада қулайлаштириб, нақд пулсиз ҳисоб-китоблар улушини оширишга хизмат қилмоқда.
Банк мижозларга депозитлар, микроқарзлар ва кредит маҳсулотларини ҳам таклиф этиб, аҳоли ва тадбиркорларнинг молиявий эҳтиёжларини қондиришга кўмаклашмоқда.
Бундан ташқари, Octo-Mobile иловасига JETT инвестиция платформаси интеграция қилинган. Бу орқали мижозлар Ўзбекистон капитал бозорида фаол иштирок этиб, молиявий имкониятларини кенгайтиришлари мумкин. Хизмат орқали мижозлар май ойида бўлиб ўтган Миллий инвестиция жамғармаси IPOсида қатнашишга муваффақ бўлди.
Octobank бизнес вакиллари учун мамлакатдаги энг машҳур банклардан бири ҳисобланади. Банкнинг OCTO сервиси тадбиркорларга интернет-эквайринг ва онлайн тўловларни қабул қилиш имконини беради.
POS-терминаллар ва савдо эквайринги хизматлари орқали эса бизнес вакиллари мижозларга қулай ва замонавий тўлов усулларини таклиф этиш имкониятига эга.
Ҳисоб-китоб-касса хизматлари корхоналарнинг кундалик молиявий операцияларини самарали бошқаришга хизмат қилса, халқаро ҳисоб-китоблар бўйича ечимлар компанияларга хорижий ҳамкорлар билан ишлашда қўшимча қулайлик яратмоқда.
Халқаро ривожланиш ва пул ўтказмалари
25 йил давомида Octobank халқаро майдондаги иштирокини фаол кенгайтириб келмоқда. Банк халқаро молиявий форумларда қатнашиб, етакчи хорижий банклар билан ҳамкорликни ривожлантирмоқда ҳамда трансчегаравий тўловлар инфратузилмасини мустаҳкамламоқда.
2025 йилда Octobank Ўзбекистоннинг саноқли банклари қаторида дунёнинг энг нуфузли молиявий форумларидан бири — SIBOS форумида иштирок этиб, 20 мамлакатдан келган ҳамкорлар билан 40 дан ортиқ учрашув ўтказди.
Банкнинг халқаро тўлов ва пул ўтказмалари йўналишида ҳам имкониятлари кенгайиб бормоқда. Ҳозирда Alipay+ билан интеграция йўлга қўйилган бўлиб, мижозларга Хитой ва Alipay+ экотизимига кирувчи бошқа мамлакатларда банк иловаси орқали тўловларни амалга ошириш имконияти яратилган.
Шунингдек, банк Kaspi билан ҳамкорликда Қозоғистондан HUMO ва Uzcard карталарига пул ўтказмаларини йўлга қўйди. Жанубий Кореяда ишлаётган ва яшаётган фуқаролар учун эса E9PAY орқали халқаро пул ўтказмалари хизмати жорий этилди.
Ижтимоий ташаббуслар
Octobank молиявий хизматлар билан чекланиб қолмасдан, мамлакатдаги ижтимоий лойиҳаларни ҳам фаол қўллаб-қувватлайди.
Банк томонидан «Маҳалла банкири» дастури, мактаб ўқувчиларининг молиявий саводхонлигини оширишга қаратилган лойиҳалар, OCTO-AI-TV сунъий интеллект платформаси ҳамда «Octobank юзлари» ташаббуси йўлга қўйилган.
Шунингдек, банк хайрия лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратади. Жумладан, Болалар гематологияси, онкологияси ва иммунологияси марказини зарур тиббий жиҳозлар билан таъминлаш, болалар учун байрам тадбирлари ва совғалар ташкил этиш ишлари доимий амалга ошириб келинмоқда.
Octobank ESG тамойилларига содиқ бўлиб, атроф-муҳитга эҳтиёткор муносабатни ҳисобга олган ҳолда PR ва ижтимоий лойиҳаларни ҳам амалга оширади.
Чорак асрлик фаолияти давомида Octobank миллионлаб мижозлар ишончини қозониб, Ўзбекистон молия секторидаги муҳим иштирокчилардан бирига айланди. Банк келгусида ҳам рақамли хизматларни ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва мижозлар учун янги имкониятлар яратишда давом этади.





