Logo

Чорвачиликни ривожлантириш учун 463 млн доллар ажратилади

Ўзбекистонда гўшт ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш мақсадида 2026–2028 йилларга мўлжалланган комплекс дастур ишлаб чиқилди.

Чорвачиликни ривожлантириш учун 463 млн доллар ажратилади

Президент Шавкат Мирзиёев чорвачилик ва паррандачилик тармоқларини ривожлантириш, гўшт ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳамда соҳага замонавий технологияларни жорий этишга оид таклифлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда президент ахборот хизмати хабар қилди.

Маълум қилинишича, мамлакатда гўштга бўлган йиллик талаб 2 миллион 150 минг тоннани ташкил этмоқда. Айни пайтда ишлаб чиқариш ҳажми 1 миллион 600 минг тонна бўлиб, ички талабни тўлиқ қоплаш учун қўшимча ишлаб чиқариш қувватларини яратиш зарур.

Шу мақсадда 2026–2028 йилларга мўлжалланган комплекс чоралар ишлаб чиқилган. Янги лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига 190 минг тонна гўшт ишлаб чиқариш имкониятини яратиш режалаштирилмоқда.

Янги лойиҳалар

Дастур доирасида фаолияти тўхтаб қолган 103 та чорвачилик корхонаси қайта тикланади. Уларга қарзларни реструктуризация қилиш, ер майдонлари ажратиш ва наслли моллар билан таъминлаш таклиф этилган. Бу орқали йилига 12 минг тонна гўшт ва 40 минг тонна сут ишлаб чиқариш имконияти яратилади.

Шунингдек, умумий қиймати 3 триллион сўмлик 802 та янги лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Улар доирасида 68 мингдан зиёд қорамол ҳамда 186 минг бош қўй ва эчки парваришланади. Бу эса ҳар йили қўшимча 20 минг тонна гўшт ва 120 минг тонна сут ишлаб чиқариш имконини беради.

Мўғулистондан 150 минг бош қўй, Хитой ва Европа давлатларидан 100 минг бош наслли қорамол ҳамда Беларусдан 2 минг бош мол олиб келиш режалаштирилган. Бу ташаббус орқали яна 44 минг тонна гўшт ишлаб чиқариш кўзда тутилган.

Рақамлаштириш кучайтирилади

Тақдимотда чорвачилик тармоғини ривожлантириш учун 463 миллион доллар миқдорида маблағ йўналтириш кўзда тутилгани маълум қилинди.

Шунингдек, 191 тумандаги 2 минг 407 та чорвачиликка ихтисослашган маҳаллада яшовчи 823 минг хонадонни қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланди.

Жумладан, аҳолига арзон чорва моллари етказиб бериш, сунъий уруғлантириш, ем-хашак ва зооветеринария хизматларини кенгайтириш таклиф этилди. Фермерлар учун «Smart Fermer» ягона рақамли ёрдамчиси ишга туширилиб, мобил илова орқали чорва молларини рўйхатдан ўтказиш, ветеринар чақириш, субсидияларга мурожаат қилиш ва сунъий интеллект асосида маслаҳат олиш имконияти яратилади.

Шу билан бирга, паррандачилик соҳасида қиймати 432 миллион долларлик лойиҳаларни амалга ошириш орқали 2028 йилгача қўшимча 100 минг тонна парранда гўшти ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Президент лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлигини чуқур таҳлил қилиш ва маблағларни манзилли йўналтириш бўйича топшириқлар берди.

Теглар

Мавзуга оид