Logo

Давлат активлари агентлиги биноси сотилди

Кеча 15:531 дақиқа

Ўтган йили аукционга қўйилган маъмурий бинонинг якуний нархи бошланғич баҳосидан 86,1 млрд сўмга ошиб кетди.

Давлат активлари агентлиги биноси сотилди © E-auksion

Тошкент шаҳрида жойлашган Давлат активларини бошқариш агентлигининг маъмурий биноси очиқ аукционда 251,6 миллиард сўмга сотилди.

Аукцион тафсилотлари

Ушбу хусусийлаштириш жараёни 2025-йилнинг август ойида бошланган эди. Ўша вақтда объект 165,5 млрд сўм бошланғич нарх билан аукционга чиқарилган. Савдолар жараёнида бинонинг нархи бошланғич баҳосидан 86,1 млрд сўмга, яъни 52 фоизга ошиб кетди.

Харидор ҳақида

Савдоларда «JARKURGAN BUILD GROUP» масъулияти чекланган жамияти ғолиб чиқди. Корхона асосан кўп қаватли турар жой биноларини қуриш ҳамда таъмирлаш билан шуғулланади ва йирик солиқ тўловчилар тоифасига киради. Унинг устав капитали 28,6 млрд сўмни ташкил қилади.

Корпоратив ахборотлар ягона порталидаги маълумотларига кўра, МЧЖ таъсисчилари иккита:

— «PALACE OF ENERGY» МЧЖ — 61,51 фоиз;
— Сиддиков Дилмурод Насирович — 38,49 фоиз.

Шунингдек, корхонага таъсисчилардан бири Дилмурод Сиддиковнинг ўзи раҳбарлик қилади.

Маълумот учун: Давлат активлари агентлиги биноси сотилганидан кейин 3 йил муддат ичида бўшатиб берилади. Харидор объектдан фақатгина у бўшатилгандан сўнг фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритади. Шунингдек, янги эгаси шаҳарсозлик нормаларига риоя қилган ҳолда, бино негизида офис ва хизмат кўрсатиш фаолияти турини сақлаб қолиш мажбуриятини ўз зиммасига олади.

Эслатиб ўтамиз, 2026-йилнинг 4-ноябр куни бўлиб ўтган онлайн савдоларда пойтахтда қад ростлаган Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг маъмурий биноси 287,14 миллиард сўмга сотилгани хабар қилинганди.

Теглар

Мавзуга оид

Давлат активлари агентлиги биноси сотилди | Vaqt.uz