
Давлат фуқаролик хизмати рўйхатига янги идора ва лавозимлар қўшилди
Давлат фуқаролик хизмати татбиқ қилиниши белгиланган органлар рўйхатига учта агентлик, лавозимлар реестрига эса қатор янги вазифалар киритилди.

14 ноябр куни Адлия вазирлиги томонидан «Давлат фуқаролик хизмати татбиқ қилинадиган давлат органлари ва ташкилотлари рўйхати ҳамда лавозимларининг давлат реестрига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги буйруқ давлат рўйхатидан ўтказилди.
Унга мувофиқ, давлат фуқаролик хизмати татбиқ қилинадиган органлар рўйхати яна учта тузилма билан тўлдирилди. Улар — Телекоммуникацияларни тартибга солиш агентлиги, Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги ва Касбий таълим агентлигидир. Бу ўзгаришлар мазкур идораларда хизматни ягона мезонлар асосида ташкил қилиш ва хизматчиларнинг ҳуқуқий мақомини аниқ белгилашга хизмат қилади.
Шу билан бирга, давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестри ҳам кенгайтирилди. Республика миқёсидаги вазирлик ва идораларда 16 та янги лавозим жорий этилмоқда. Улар орасида ахборот хизмати раҳбари, бош инспектор, бош маслаҳатчи, бош юрисконсульт каби вазифалар мавжуд.
Ҳудудий бўлинмалар учун эса 14 та янги лавозим тасдиқланди. Улар қаторида матбуот котиби, девонхона мудири, етакчи ва катта маслаҳатчи каби вазифалар бор. Мазкур ўзгаришлар давлат хизматини марказлаштирилган тарзда юритиш, кадрлар салоҳиятини ошириш ва фаолият самарадорлигини кўтаришга қаратилган.





