Logo

Давлат харидларида энг арзон маҳсулотни танлаш амалиёти ўзгаради

Кеча 14:143 дақиқа

Халқаро тендерларда банк кафолатини олиш тартиби тадбиркорлар учун қийинчилик туғдираётгани айтилди. Банкларга корхоналарнинг молиявий ҳолатини баҳолаш асосида кафолат беришнинг соддалаштирилган тартибини ишлаб чиқиш ва тадбиркорларга эълон қилиш топширилди. Қолаверса, банклар томонидан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган айрим техникалар хариди учун йиллик 18 фоиз ставкага истеъмол кредитлари ажратиш режалаштирилмоқда.

Давлат харидларида энг арзон маҳсулотни танлаш амалиёти ўзгаради © xarid.uzex.uz

Давлат харидларида фақат энг арзон нархга қараб маҳсулот танлаш амалиёти қайта кўриб чиқилади. Чунки арзон импорт маҳсулотнинг кейинги эксплуатация харажатлари анча юқори бўлиши мумкин. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

Айтилишича, назорат хариди доирасида ўрганилган иккита 40 киловаттли трансформатордан импорт маҳсулот маҳаллийсидан 400 минг сўм арзон бўлган. Аммо унинг электр энергиясининг сарфи 10 фоизга, фойдаланиш давридаги таъмирлаш харажати эса тўрт баробарга юқорилиги аниқланган.

Шу сабаб давлат харидларида маҳсулотнинг бутун хизмат муддати давомидаги харажатларни баҳолаш тизими — «life cost» ёндашуви жорий этилади. Бунда харид нархи билан бирга электр сарфи, таъмирлаш, сервис ва фойдаланиш харажатлари ҳам ҳисобга олинади.

Давлат харидлари доирасида Ўзбекистонда ҳар йили 10 триллион сўмлик электротехника маҳсулотлари сотиб олинади. Илгари тадбиркорлар давлат корхоналарининг буюртмаларини тўрт-бешта алоҳида платформа орқали кузатишга мажбур эди. Энди барча давлат буюртмалари битта платформада акс эттириладиган тизим жорий қилинди.

Бундан ташқари, 1-январдан давлат харидлари бўйича уч йиллик режаларни олдиндан эълон қилиш бошланади. Президент матбуот котибининг ёзишича, бу тадбиркорларга талабни олдиндан билиб, ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги ускуналар харид қилиш ва инвесторлар жалб этиш имконини беради.

Подстанция, трансформатор, электр шкафлари ва юқори кучланишли кабеллар ишлаб чиқараётган корхоналар қурилиш-монтаж хизматларини ҳам таклиф этаётгани, аммо «Шаффоф қурилиш» платформасида энергетика лойиҳалари пудратчиларига бино қурилишидаги каби талаблар қўйилаётгани, лекин бу соҳанинг технологик хусусиятларини етарлича инобатга олмаслиги айтилди.

Шу боис, давлат раҳбари масъулларга бир ойда «Шаффоф қурилиш» тизимида энергетика лойиҳалари учун алоҳида майдонча ташкил этиш, пудратчиларга қўйиладиган талабларни ушбу йўналиш хусусиятларига мослаштириш бўйича топшириқ берди.

Чет давлат харидлари

Ўзбекистон электротехника корхоналари хорижий давлат харидларида ҳам иштирок этиш бўйича тажриба тўпламоқда. Жумладан, «NURA Electric» корхонаси Камбоджада 2 миллион долларлик тендерда ғолиб бўлган.

Бироқ йирик халқаро тендерларда банк кафолатини олиш тартиби тадбиркорлар учун қийинчилик туғдираётгани айтилди. Масалан, 10 миллион долларлик кафолат учун шунга мос гаров таъминоти талаб этилади.

Президент ишлаб чиқариш тажрибаси, барқарор айланмаси ва молиявий имконияти бўлган корхоналарни қўллаб-қувватлаш муҳимлигини таъкидлади. Банкларга корхоналарнинг молиявий ҳолатини баҳолаш асосида кафолат беришнинг соддалаштирилган тартибини ишлаб чиқиш ва бир ойда тадбиркорларга эълон қилиш топширилди.

Маҳаллий электротехника маҳсулотларига ички бозорда талабни рағбатлантирувчи янги механизмлар жорий этилади.

Қайд этилишича, ҳозир энергетика соҳасидаги хусусий шериклик лойиҳаларида маҳаллий маҳсулотлар улуши камида 25 фоиз, кабел маҳсулотлари бўйича эса 70 фоиз бўлиши талаби мавжуд. Энди алоҳида солиқ ва бошқа имтиёзлардан фойдаланаётган ёки давлатдан арзон ресурс олган, қиймати 10 миллион доллардан юқори инвестиция лойиҳаларига ҳам ушбу талаблар татбиқ этилади.

Маҳаллий маиший техника савдосини рағбатлантириш ва аҳолига қулайлик яратиш мақсадида янги молиявий механизм йўлга қўйилади.

Банклар томонидан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган музлаткич, кир ювиш машинаси, кондиционер ва бошқа маиший техникалар хариди учун йиллик 18 фоиз ставкага истеъмол кредитлари ажратиш режалаштирилмоқда.

«Бу, бир томондан, оилаларнинг замонавий маиший техника харид қилиш имкониятларини кенгайтирса, иккинчи томондан, маҳаллий корхоналар маҳсулотларининг сотувини оширади», — дейилади хабарда.

Мутасаддиларга икки ҳафтада тегишли ҳисоб-китобларни тайёрлаб, тижорат банкларига ушбу мақсадлар учун арзон ресурс жойлаштириш бўйича аниқ таклиф киритиш топширилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон банкоматлар импортидан воз кечиши мумкинлиги ҳақида ёзган эдик.

Теглар

Мавзуга оид

Давлат харидларида энг арзон маҳсулотни танлаш амалиёти ўзгаради | Vaqt.uz