Дубай люксни йўқотмоқда: «Apple», «Louis Vuitton» ва «Gucci» ишини тўхтатди

04.03.2026 | 16:152 дақиқа

Яқин Шарқдаги можаро кескинлашуви бизнес ва саёҳат соҳасида беқарорликка сабаб бўлмоқда. Минтақадаги йирик савдо марказларида жаҳон брендларининг кўплаб дўконлари ёпилди.

Дубай люксни йўқотмоқда: «Apple», «Louis Vuitton» ва «Gucci» ишини тўхтатди

Дубай ва Яқин Шарқнинг бошқа йирик савдо марказларида жаҳон брендларининг кўплаб дўконлари ёпилди ёки чекланган ходимлар билан ишламоқда. Минтақадаги можаро кескинлашуви бизнес ва саёҳат соҳасида беқарорликка сабаб бўлмоқда, деб ёзади «Reuters».

Нима маълум?

«Chalhoub Group» минтақа бўйлаб «Versace», «Jimmy Choo» ва «Sephora» каби брендларнинг 900 та дўконини бошқаради. Компания маълум қилишича, унинг Баҳрайндаги дўконлари ёпилган. Бошқа бозорлар, жумладан Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони ва Иорданияда дўконлар очиқ қолган, бироқ ходимлар фақат ўз хоҳишига кўра ишга чиқмоқда.

«Amazon» Абу Дабидаги логистика марказини ёпди ва минтақада етказиб бериш хизматини вақтинча тўхтатди.

«Gucci» эгаси бўлган «Kering» ўз дўконларини БАА, Қувайт, Баҳрайн ва Қатарда вақтинча ёпганини ва Яқин Шарққа хизмат сафарларини тўхтатганини маълум қилди.

«Reckitt» ҳам Баҳрайндаги заводини вақтинча тўхтатиб, ходимларни масофавий ишга ўтказди.

«Apple»нинг Дубайдаги дўконлари камида пайшанбага қадар ёпиқ бўлади. «H&M» эса Исроил ва Баҳрайнда фаолиятини тўхтатди. Халқаро компаниялар ходимлар хавфсизлигини таъминлаш учун фавқулодда чоралар кўрмоқда.

Шу билан бирга, «Primark» бу баҳорда Дубайда йирик кенгайиш режалаштирган эди, аммо хавфсизлик билан боғлиқ беқарор вазият сабабли янги нуқталар очилиш муддатини қайта кўриб чиқишга мажбур бўлмоқда.

Компаниялар акциялари қандай реакция билдирди?

«LVMH», «Hermès» ҳамда «Richemont» («Cartier»нинг эгаси) акциялари 2-март куни тушдан кейин 4 фоиздан 5,7 фоизгача пасайди. Инвесторлар минтақадаги можаро оқибатларини баҳоламоқда.

«RBC Capital Markets» таҳлилчиси Пирал Дадхания маълумотига кўра, ҳозирча Яқин Шарқ жаҳон люкс маҳсулотларига сарф-харажатларининг нисбатан кичик улушини – тахминан 5–10 фоизни ташкил этади. Бироқ «Bain & Company» маълумотларига кўра, ўтган йили айнан шу минтақа люкс бозорида «энг ёрқин кўрсаткич» бўлган, дунё бўйлаб қимматбаҳо сумкалар савдоси секинлашган бир пайтда Яқин Шарқда ўсиш кузатилган.

Туризм тўхтаган ҳолатда

Нашрнинг ёзишича, ҳозирда ёпиқ аэропортлар минтақада туристик оқимни кескин тўхтатди. Шунингдек, «Fairmont Palm» каби беш юлдузли меҳмонхоналарга зарба берган ракета ҳужумлари саёҳатчиларни қўрқитиш эҳтимоли юқори, айниқса можаро узоқ давом этса.

«Агар бу бозор (саёҳат савдоси) 5–6 миллиард доллар қийматга эга бўлса ва айтишим керак, бир ойга ёпилса, бу сотлаб миллион долларларнинг хавф остида эканини англатади», – дейди «Kearney» консалтинг компанияси ҳамкори Виктор Дижон.

Унинг таъкидлашича, агар Яқин Шарқдан мижозлар Париж ёки Миланга саёҳат қила олмаса, бу Европа бўйлаб люкс маҳсулотлар савдосига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Теглар

Мавзуга оид