add

Дунёда доллар ҳисобидаги миллиардерлар сони кескин ошди

Бугун 09:183572 дақиқа

UBS тадқиқотига кўра, 2025 йилда дунёда доллар миллиардерлари сони рекорд даражада кўпайди. Уларнинг катта қисми АҚШда яшамоқда.

Дунёда доллар ҳисобидаги миллиардерлар сони кескин ошди

Швейцариянинг UBS банки эълон қилган йиллик ҳисоботида 2025 йилнинг апрелига қадар дунёдаги доллар ҳисобидаги миллиардeрлар сони ўтган йилга нисбатан 287 нафарга ошгани қайд этилди. Бу ўсиш мониторинг бошланганидан бери кузатилган энг катта кўрсаткичлардан бири бўлиб, фақат 2021 йилдаги 416 нафарлик рекорддан кейинги иккинчи ўринни эгаллади.

Ҳисоботга кўра, дунё бўйлаб 2919 нафар миллиардeр бор. Уларнинг 2545 нафари эркак, 374 нафари аёл. Жами бойлик бир йилда 13 фоизга ошиб, 15,8 трлн долларга етган. UBS экспертлари бу ўсишни глобал фонд бозорларидаги ўсиш, хусусий капитал сегментидаги фаоллашув ва янги технологиялар орқали бойлик йиғилишининг тезлашуви билан изоҳлади.

Статистикага қараганда, дунёда энг кўп доллар миллиардeрлари АҚШда яшайди — 924 нафар. Мамлакат бойлик яратиш инфратузилмаси, технологик кластерлари ва хусусий капитал бозорлари улкан бўлгани боис йил сайин етакчиликни мустаҳкамламоқда.

Иккинчи ўринни Осиё–Тинч океани минтақаси эгаллади. Бунда Хитой, Ҳиндистон ва Жанубий Корея каби йирик иқтисодларнинг технологик ва саноат секторидаги ўсишлари ҳал қилувчи омил сифатида қайд этилган. Учинчи ўринга Европа, Яқин Шарқ ва Африка жойлашди — минтақа глобал бойлик синфининг муҳим қисми бўлиб қолмоқда, аммо ўсиш суръати АҚШ ва Осиёдан пастроқ.

UBS таҳлилчилари дунёда юқори капиталга эга шахслар сони кейинги йилларда ҳам ошиши мумкинлигини таъкидламоқда. Бу жараёнга технологик инқилоб, сунъий интеллект бозорининг ўсиши ва хусусий сармоя оқимларининг кўпайиши асосий сабабга айланган.

Теглар

Мавзуга оид