Logo

Дунёда ислом молияси активлари 6,5 трлн долларга етди

Бугун 21:102 дақиқа

Ушбу маблағларнинг 71 фоизи ислом банклари ҳиссасига тўғри келади. Сукук қимматли қоғозларининг муомаладаги умумий қиймати 1,1 трлн доллардан ошди. Активларнинг ҳажми 2030-йилгача ҳар йили ўртача 9 фоиздан ўсиши мумкин.

Дунёда ислом молияси активлари 6,5 трлн долларга етди © islamnews.ru

1975-йилда илк замонавий тижорат ислом банки ташкил этилганидан буён соҳа катта тараққиётга эришди. Бугунги кунда 98 та мамлакатда ислом молияси активларининг умумий ҳажми тахминан 6,5 триллион долларга етди.

Маблағларнинг 71 фоизи ислом банклари ҳиссасига тўғри келади. Шунингдек, 2025-йилда ислом молиясига оид сукук қимматли қоғозларининг муомаладаги умумий қиймати 1,1 триллион доллардан ошди. Сукук — анъанавий облигациялардан фарқли равишда, ислом молияси тамойиллари асосида чиқариладиган қимматли қоғозлардир.

Келгуси йилларда ҳам бу соҳа жадал ривожланиши кутилмоқда. Прогнозларга кўра, 2030-йилга бориб жаҳондаги ислом молияси активлари ҳажми 10,5 триллион долларга етиши мумкин. Бу ҳар йили ўртача 9 фоиз ўсишни англатади.
Ислом банклари активлари 7,3 триллион долларга яқинлашиши, сукук қимматли қоғозларининг умумий қиймати эса 2 триллион долларга етиши мумкин.

Бироқ соҳа ривожи фақат бозор ҳажмининг ортиши билан чекланмайди. Бунинг учун замонавий билим ва кўникмаларга эга мутахассислар ҳам керак бўлади. 10 триллион доллардан ошадиган ислом молияси бозорида шариат қоидаларини чуқур тушунадиган, шу билан бирга сунъий интеллект, рақамли молия, экологик барқарорлик, таваккалчиликни бошқариш, молиявий таҳлил ва янги технологиялар бўйича билимга эга кадрларга талаб ортади.

«Islamic Finance Development Report 2026» ҳисоботида таъкидланишича, шу сабабли таълим ислом молияси соҳасининг четдаги йўналиши эмас, балки унинг келгуси ривожланишидаги асосий омилларидан бирига айланиши керак. Соҳа қанчалик тез ривожланса, унинг талабларига жавоб бера оладиган малакали мутахассисларни тайёрлаш ҳам шунчалик муҳим бўлади.

Малайзия, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Индонезия ва Покистон каби ислом молияси ривожланган мамлакатлар соҳада етакчилик қилишда давом этмоқда. Шу билан бирга, IFDI кўрсаткичларига асосланган жорий йилги ҳисоботда бу йўналишда ривожланаётган бошқа мамлакатларда ҳам сезиларли ўсиш кузатилаётгани қайд этилган.

Хусусан, Африкада ва Марказий Осиёда қонунчиликдаги ислоҳотлар, бозорга янги компания ва молия ташкилотларининг кириб келиши ҳамда соҳа учун зарур инфратузилманинг ривожланиши ислом молиясининг кенгроқ тарқалишига хизмат қилмоқда. Бу эса янги инвестицияларни жалб қилиш ва бозорни янада ривожлантириш учун имкониятлар яратмоқда.
Ўзбекистон, Танзания, Гана, Уганда ва Сомали каби мамлакатларда амалга оширилаётган ишлар ҳам шариат тамойилларига мос молиявий хизматларга халқаро миқёсда қизиқиш ортиб бораётганини кўрсатади.

Ҳисоботда ислом молиясини ривожлантириш учун қулай қонунчилик базаси ва мустаҳкам молиявий институтларни шакллантириш муҳимлиги ҳам таъкидланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистонда исломий банклар активлари қарийб 33 баробар ошганди. 

Теглар

Мавзуга оид