add

Эрондаги намойишларда 35 киши ҳалок бўлди

07.01.2026 | 13:252 дақиқа

Эронда ўн кундан бери давом этаётган намойишлар чоғида камида 35 киши ҳалок бўлган, 1200 нафардан ортиқ фуқаро ҳибсга олингани маълум қилинмоқда.

Эрондаги намойишларда 35 киши ҳалок бўлди

Эронда ҳукуматга қарши давом этаётган оммавий намойишлар чоғида камида 35 киши ҳалок бўлган, 1200 нафардан зиёд фуқаро ҳибсга олинган. Бу ҳақда «AP News» «Human Rights Activists News Agency» (HRANA) маълумотларига таяниб хабар қилди. Қурбонлар орасида 29 нафар намойишчи, тўрт нафар бола ва икки нафар куч тузилмалари ходими бор.

HRANA маълумотига кўра, чиқишлар мамлакат бўйлаб 88 шаҳардаги 250 дан ортиқ нуқтада бўлиб ўтган. Эроннинг 31 вилоятидан 27 таси намойишлар билан қамраб олинган. Давлатга қарашли «Fars» агентлиги эса тўқнашувлар чоғида тахминан 250 нафар полиция ходими ва 45 нафар «Басиж» кучишлатар тизими аъзоси яраланганини маълум қилди.

Намойишларга миллий валюта қадрсизланиши ортидан озиқ-овқат ва дори-дармон нархларининг кескин ошиши туртки бўлган. Сешанба куни Теҳрондаги Катта бозорда ўтириб иш ташлаш акцияси ўтказилди. Гувоҳлар маълумотларига кўра, айрим савдогарлар дўконларни ёпган, бошқалари эса куч тузилмалари қаршисида ерга ўтириб олган. Жавоб тариқасида хавфсизлик кучлари кўз ёш чиқарувчи газ қўллаган, шундан сўнг бозорнинг қолган қисми ҳам ёпилган.

4 январ куни кечқурун Эрон куч тузилмалари Илом шаҳридаги шифохоналардан бирига бостириб кирган. BBCʼнинг хабар қилишича, улар яраланган намойишчиларни қидириб, тиббиёт ходимларига нисбатан куч ишлатган. Эрон президенти Масъуд Пизишкиён маъмурияти ушбу ҳодисани «инсониятга қарши жиноят» деб атаб, текширув ўтказишни топширган.

Ҳодиса халқаро майдонда ҳам кескин реакцияга сабаб бўлди. АҚШ Давлат департаменти шифохонага қилинган ҳужумни «жиноят» деб баҳолади. Президент Доналд Трамп эса вазиятни диққат билан кузатаётганини билдириб, аҳолига қарши куч ишлатиш оқибатсиз қолмаслигинидан огоҳлантирди.

Шу билан бирга, Эрон ҳукумати иш ҳақини ошириш ва солиқларни қисқартиришни ўз ичига олган чоралар пакетини эълон қилди, бироқ намойишлар ҳозирча тўхтагани йўқ.

Теглар

Мавзуга оид