add

FIFA The Best–2025: Дембеле йилнинг энг яхши футболчиси, Луис Энрике — энг яхши мураббий

16.12.2025 | 23:033851 дақиқа

16 декабрь куни бўлиб ўтган FIFA The Best Football Awards–2025 тақдимот маросимида йилнинг энг яхши футболчилари, мураббийи ва символик терма жамоаси аниқланди. Халқаро футбол федерацияси (FIFA) томонидан ўтказилган маросимда 2025 йил давомида энг юқори натижалар қайд этган спорт вакиллари тақдирланди.

FIFA The Best–2025: Дембеле йилнинг энг яхши футболчиси, Луис Энрике — энг яхши мураббий

Йилнинг энг яхши эркак футболчиси номинациясида ПСЖ ҳужумчиси Усмон Дембеле ғолиб деб топилди. Франциялик футболчи мавсум давомида клуб ва терма жамоа сафида барқарор ўйини, ҳал қилувчи голлари ва жамоавий ўйинга қўшган ҳиссаси билан ажралиб турди.

Йилнинг энг яхши аёл футболчиси мукофоти эса Испания терма жамоаси ва «Барселона» клуби ярим ҳимоячиси Айтана Бонматига насиб этди. У ўз позициясида жаҳон футболида етакчи ўйинчилардан бири сифатида эътироф этилди.

Маросимда йилнинг энг яхши мураббийи сифатида ПСЖ бош мураббийи Луис Энрике тан олинди. FIFA талқинига кўра, испаниялик мутахассис жамоасининг тактик ўсиши, барқарор натижалари ва юқори даражадаги бошқаруви билан бошқа номзодлардан устун келган.

Шунингдек, йилнинг энг яхши дарвозабони мукофоти ПСЖ посбони Жанлуиджи Доннаруммага топширилди.

FIFA The Best–2025 маросими доирасида йилнинг символик терма жамоаси ҳам эълон қилинди. FIFA версиясига кўра, рамзий жамоадан қуйидаги футболчилар ўрин олди:

Жанлуиджи Доннарумма (ПСЖ),

Ашраф Ҳакими (ПСЖ),

Вильям Пачо (ПСЖ),

Вирджил ван Дейк («Ливерпуль»),

Нуну Мендеш (ПСЖ),

Коул Палмер («Челси»),

Жуд Беллингем («Реал» Мадрид),

Витинья (ПСЖ),

Педри («Барселона»),

Ламин Ямал («Барселона»),

Усмон Дембеле (ПСЖ).

FIFA The Best мукофоти ғолиблари миллий терма жамоалар бош мураббийлари, капитанлари, спорт журналистлари ҳамда мухлислар овози асосида аниқланади. Ушбу тақдимот халқаро футболда йил якунларини белгилаб берувчи энг нуфузли маросимлардан бири ҳисобланади.

Мавзуга оид