add

Фожеали ўлим, солиқ бошининг ишдан олиниши, шаҳар ҳокимидан пулли қарор, Роналдуни меҳмон қилган Трамп — ҳафта дайжести

Бугун 20:021826 Дақиқа

Ўтаётган ҳафта ичида Ўзбекистонда содир бўлган энг аҳамиятли ва муҳокамаларни келтириб чиқарган воқеа-ҳодисаларни яна бир бор эсга оламиз.

Туркияда саёҳатчи оила фожиаси

Туркияга Германиядан дам олиш мақсадида келган оиланинг барча 4 аъзоси тобутда ватанига қайтарилди.

Германиянинг Ҳамбург шаҳридан Истанбулга келган Бўжеклар оиласи — ота-она ва 6 ҳамда 3 ёшли болалари 11 ноябр куни кўча таомлари билан машҳур Ўртакўй ҳудудида мидия, колбаса, шўрва, товуқ гўшти ва кумпир еганидан сўнг захарланиш аломатлари билан шифохонага ётқизилган.

Улар вақтинча тузалиб чиққан бўлса-да, ҳолати яна оғирлашиб, қайта шифохонага ётқизилган. 12 ноябр куни бир йўла икки фарзанд, 14 ноябрда она, орадан кўп ўтмай отаси ҳам вафот этган.

Прокуратура жиноят иши қўзғатди, бир неча савдо нуқтаси эгаси ҳибсга олинди ва ресторан муҳрланди. Полиция атрофдаги дўконларни текшириб, меҳмонхона ва таом сотувчилардан намуна олди ҳамда камералар тасвирларини кўриб чиқди.

Тергoв доирасида қўлга олинганлар жами 11 кишини ташкил этмоқда.

Туркия адлия вазири Йилмаз Тунчнинг айтишича, тергов доирасида оила овқатланган жойлардан намуна олинган ва масъул тўрт киши ҳибсга олинган.

Аммо, суд-тиббиёт экспертизаси натижаларига кўра, оила аъзоларининг танасида ўлимга олиб келиши мумкин бўлган заҳарланиш аломатлари аниқланмаган. Ошқозон девори ва ичаклардан қон кетишдан ташқари муҳим топилмалар йўқ. Она ва болалардан олинган қон намуналари ҳам заҳарли моддалар ёки метаболитлар мавжудлигини кўрсатмади.

Ҳозир оила аъзоларининг ўлим сабаблари бўйича тергов давом этмоқда. Айрим версияларга кўра, оила ҳотелда суваракларга қарши сепилган киёмвий моддадан заҳарланган бўлиши ҳам мумкин.

Президент ҳокимларни ишдан олди

Президент юклатилган вазифаларга кўзбўямачилик билан ёндашган 20 та туман ҳокимига чора кўришни топширди. Икки туманда эса ҳокимлар ўринбосарлари билан ишдан олинди.

Мирзиёев камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш юзасидан ўтказилаётган йиғилишда бу туман ҳокимларини танқид қилди. йиғилишда айрим туман ҳокимлари бандлик масалаларида жиддий камчиликлар ва кўзбўямачиликка йўл қўяётгани таъкидланди.

Жумладан, Яшнобод, Бухоро, Ғиждувон, Косон, Хатирчи, Қумқўрғон, Янгийўл, Ўзбекистон, Гулистон, Яккабоғ, Андижон, Паркент, Тошкент, Нуробод, Учтепа, Чортоқ, Давлатобод, Олтинкўл, Қизириқ ва Когон туманлари ҳокимларига чора кўриш кўзда тутилган.

Денов тумани ва Чироқчи тумани ҳокимлари ва уларнинг биринчи ўринбосарлари эса ишдан олинди.

Денов тумани камбағал оилалар реестрига кирганидан буён 1200 та оила даромадида ўзгариш бўлмаган. Чироқчи туман ҳокимлиги ажратилган 309 миллиард сўм ресурси билан ҳам одамларга имкониятига яраша тайёр лойиҳа бера олмаган.

Тошкент бозорларида тижорий видеосёмкалар пулли бўлди

Пойтахт бозорларида жорий этилган янги тартиблар ҳам ҳафта ичида муҳокама марказида бўлди. Шаҳар ҳокими бозорлар автотураргоҳларида енгил автомобиллар учун янги тўлов тарифларини тасдиқлади. Унга кўра, ҳафтанинг шанба ва якшанба кунлари учун алоҳида, юқорироқ тўлов миқдорлари жорий қилинди. Масалан, дам олиш кунлари 3 соатгача сақлаш 25 минг сўмни ташкил этади. Аввал бу нарх 10 минг сўм бўлган. 4-соатдан бошлаб тураргоҳнинг соати 50 минг сўмни ташкил этади. Аввал тўлов 15 минг сўм бўлган.

Шунингдек, Тошкентдаги бозорлар ва савдо комплекслари ҳудудида тижорий мақсадда видеоролик, реклама ёки клип суратга олиш учун янги тўлов тартиби жорий этилди. Энди бундай турдаги съёмкаларнинг бир соати учун 5 миллион сўм миқдорида тўлов ундирилади. Бу тўловлар хорижий туристлар ҳамда оммавий ахборот воситаларига татбиқ этилмайди.

Солиқ қўмитаси ва Кадастр палатасидаги ўзгаришлар

Якунланиб бораётган ҳафтада давлат ташкилотларида йирик тайинловлар бўлди.

Президент фармонига мувофиқ, давлат Кадастрлар палатаси ўрнига Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш Миллий қўмитаси ташкил этиладиган бўлди. Унга раҳбар этиб, шу пайтгача Солиқ қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келаётган Шерзод Давлатович Қудбиев тайинланди.

Давлат Солиқ қўмита раислигига эса Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлигини бошқариб келган Фаррух Жаҳонгирович Пўлатов тайинланди.

Ўзбекистонда Экополиция ташкил этилади

Мамлакатда экологик хавфсизликни кучайтириш йўналишида муҳим қарор қабул қилинди.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси таркибидан чиқарилиб, Президент администрацияси ҳузуридаги Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси қилиб қайта тузилди. Унинг таркибида Давлат экологик назорат инспекцияси — Экополиция ташкил этилди. Янги тузилма экологик қонунбузарликларни аниқлаш ва уларнинг олдини олиш учун кенг ваколатларга эга бўлиб, унга 40 та штат бирлиги прокуратурадан ўтказилади.

Экополиция ходимларига жисмоний куч, махсус воситалар ва хизмат қуролини қўллаш ҳуқуқи берилади, уларнинг кийимига боди-камерлар ўрнатилади.

Янги қўмитага Экология вазири Азиз Абдуқаҳҳорович Абдуҳакимов раис этиб тайинланди. У энди бир вақтнинг ўзида Президентнинг экология бўйича маслаҳатчиси ҳам ҳисобланади.

Аввалроқ бир қанча вазирликлар ва ташкилотларнинг туман/ шаҳар бўлинмалари маҳаллий ҳокимлик тузилмасига ўтказилиши ҳақида хабар қилинганди. Жумладан, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг туман/шаҳар ҳудудий бўлинмалари ҳокимликлари тузилмасига ўтказилиши кўзда тутилганди.

Янги қўмита ўз фаолиятини ҳар қандай давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга оширади ҳамда унинг фаолиятига ушбу мансабдор шахсларнинг аралашуви тақиқланади.

Эндиги қарорга мувофиқ, Экология қўмитасининг ҳудудий бўлинмалар ва туман/шаҳар) бўлимлари маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари тузилмасига кирмайдиган, ўз фаолиятини мустақил амалга оширадиган бўлди.

«Оталар сўзи» бошловчиси вафот этди

Узоқ йиллар давомида «Оталар сўзи — ақлнинг кўзи» кўрсатувида бошловчи сифатида фаолият юритиб, миллионаб мухлислари қалбидан жой эгаллаган Мираббос Мирзааҳмедов 84 ёшида вафот этди.

Машҳур режиссёр ва телебошловчи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Мираббос Абдулҳақович Мирзааҳмедовнинг вафоти муносабати билан Президент Шавкат Мирзиёев унинг яқинларига ҳамдардлик билдирди.

«Мираббос Мирзааҳмедов ўзининг нуроний ва доно қиёфаси, кўп йиллик билим ва тажрибаси билан марказий телеканалларимиз орқали 40 йилдан буён намойиш этиб келинаётган «Оталар сўзи – ақлнинг кўзи» кўрсатувига янгича руҳ ва мазмун олиб кирди ҳамда ушбу дастур орқали жамиятимиз ҳаётидаги ижтимоий-маънавий муаммоларга жамоатчилик эътиборини қаратиш, эл-юртимиз, айниқса, ёшлар ўртасида оила ва Ватанга муҳаббат, одоб-ахлоқ, меҳр-оқибат ғояларини тарғиб этишга катта ҳисса қўшди», — дейилади Президент таъзиясида.

Каннаваро ўзбек футболчиларининг менталитетидан хурсанд

Ўзбекистон миллий футбол жамоаси Бирлашган Араб Амирликлари мезбонлик қилган Al Ain Cup халқаро ўртоқлик турнири ғолибига айланди. Эронга қарши финал ўйинида ҳисоб очилмагач, пеналтилар сериясида қозонилган ғалабадан сўнг миллий жамоанинг италиялик бош мураббийи Фабио Каннаваро ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

«Ғалаба қозониш ҳар доим ёқимли, футболчилар, мухлислар хурсанд. Эрон жуда кучли, уларга қарши ўйинда бўшашиб бўлмайди. Футболчиларимнинг менталитетидан хурсандман. Бир ўйинчи кам бўлиб қолсак ҳам, рақибга ҳеч қандай имконият қолдирмадик», — деди у матбуот анжуманида.

Ўзбекистон миллий жамоаси Ал-Айндаги халқаро ўртоқлик турнирида олдинги ўйинда Муҳаммад Салоҳ бошчилигидаги Миср милий жамоасини ҳам 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратган эди. Ушбу ғалабалар Ўзбекистон миллий жамоасининг ФИФА рейтингида бир ўрин юқорилашига хизмат қилди.

Криштиану Роналду Оқ уйда меҳмон бўлди

Криштиану Роналду Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси ва Бош вазири Муҳаммад бин Салмоннинг АҚШга ташрифи муносабати билан Оқ уйда бўлиб ўтган тантанали кечки овқатда қатнашди.

Кечки овқатда асосий меҳмон валиаҳд шаҳзода, қабул қилувчи томон – Трамп ва унинг рафиқаси Мелания Трамп билан бирга АҚШ Давлат котиби, Молия вазири ва Мудофаа вазири ҳам иштирок этган.

Шунингдек, Саудия футбол клуби «Ан-Наср» сафида ўйновчи Криштиану Роналду, ФИФА президенти Жанни Инфантино, Amazon асосчиси Жефф Безос, дунёнинг энг бой инсони Илoн Маск ҳам меҳмонлар орасида бўлган.

Аввалроқ Португалия терма жамоаси футболчиси Криштиану Роналду журналист Пирс Морганга берган интервьюсида АҚШ Президенти Доналд Трампдан машҳурроқ эканини айтган эди.

Бу Криштиану Роналдунинг 2016 йилдан буён АҚШга илк ташрифи. Ўшанда Америкада унга нисбатан номусга тегиш айблови билан жиноят иши қўзғатилган эди.

Нозима Қаршибоева

Нозима ҚаршибоеваМақолалар сони: 5

Барчаси

Мавзуга оид

Фожеали ўлим, солиқ бошининг ишдан олиниши, шаҳар ҳокимидан пулли қарор, Роналдуни меҳмон қилган Трамп — ҳафта дайжести | Vaqt.uz