«Forbes» дунё бойлари рейтингини янгилади: унда Марказий осиёликлар ҳам бор

Кеча 10:352 дақиқа

«Forbes» журналининг 2026-йилги ҳисоботига кўра, дунёдаги миллиардерлар сони рекорд даражада ошиб, 3428 нафарга етган. Уларининг умумий бойлиги илк бор 20 триллион доллардан ошган.

«Forbes» дунё бойлари рейтингини янгилади: унда Марказий осиёликлар ҳам бор

Американинг «Forbes» журнали 2026 йил учун жаҳон миллиардерлари рейтингини тузди. Унга кўра, дунёдаги энг бой инсонлар сони ва уларнинг умумий капитали тарихий рекордни янгилади. Сунъий интеллект соҳасидаги портлаш, молия бозорларидаги ўсиш ва қулай иқтисодий сиёсат натижасида рўйхатдан 3428 нафар миллиардер ўрин олди. Уларнинг умумий бойлиги 20,1 триллион долларга етиб, ўтган йилга нисбатан 4 триллион долларга кўпайган.

Рейтингнинг энг юқори поғонасини яна «Tesla», «SpaceX» ва «xAI» компаниялари раҳбари Илон Маск банд қилди. Унинг соф бойлиги 839 миллиард долларга баҳоланиб, қолган рақобатчиларидан сезиларли даражада ўзиб кетган.

Дунёнинг энг бой беш кишиси қаторини фақатгина технология соҳаси вакиллари ташкил қилган:

• Ларри Пейж («Google») — 257 миллиард доллар;

• Сергей Брин («Google») — 237 миллиард доллар;

• Жефф Безос («Amazon») — 224 миллиард доллар;

• Марк Цукерберг («Facebook») — 222 миллиард доллар.

Кучли ўнликдан, шунингдек, «Oracle» асосчиси Ларри Эллисон (190 миллиард доллар), «LVMH» мода империяси эгаси Бернар Арно (171 миллиард доллар), «Nvidia» раҳбари Женсен Хуанг (154 миллиард доллар), сармоядор Уоррен Баффет (149 миллиард доллар) ҳамда «Zara» бренди асосчиси Амансио Ортега (148 миллиард доллар) каби таниқли миллиардерлар ҳам ўрин олган.

Алишер Усманов

Асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усманов бу йилги рейтингда 14,5 миллиард доллар бойлиги билан 199-ўринни эгаллади. 72 ёшли тадбиркорнинг асосий капитали металлургия, телекоммуникация ва инвестиция соҳаларига, хусусан «USM Holdings» компаниясига таянади. У рейтингда Россия вакили сифатида қайд этилган.

Марказий Осиё миллиардерлари

Марказий Осиёдан рейтингда асосан Қозоғистон тадбиркорлари иштирок этмоқда. Forbes маълумотларига кўра, «Kaspi.kz» ҳамасосчиси Вячеслав Ким 477-ўринни эгаллаган бўлиб, унинг бойлиги 7,8 миллиард долларга баҳоланмоқда. «Kazakhmys» билан боғлиқ Владимир Ким 712-ўринда қайд этилган ва унинг бойлиги 5,9 миллиард долларни ташкил этади. Шунингдек, тадбиркорлар Тимур Кулибаев, Динара Кулибаева ва Булат Утемуратов 780-ўринни бўлишиб турибди. Уларнинг ҳар бири тахминан 5,4 миллиард доллар бойликка эга. «Freedom Holding Corp.» раҳбари Тимур Турлов 823-ўринни эгаллаган бўлиб, унинг бойлиги 5,2 миллиард доллар деб баҳоланмоқда. Рейтингда Қозоғистондан яна икки тадбиркор — Нурлан Смагулов 2858-ўринда (1,3 млрд доллар) ва Айдин Раҳимбаев 3185-ўринда (1,1 млрд доллар) қайд этилган.

Қайси давлат етакчи?

Давлатлар кесимида қарайдиган бўлсак, Америка Қўшма Штатлари ҳамон яққол етакчи. АҚШда 989 нафар миллиардер яшайди ва дунёнинг энг бой 20 кишисидан 15 нафари айнан шу давлат фуқароларидир. Кейинги ўринларни 610 нафар миллиардер билан Хитой (Гонконгни қўшиб ҳисоблаганда) ва 229 нафар миллиардер билан Ҳиндистон эгаллаган.

Қайд этилишича, бу йилги рўйхатга 390 нафар янги миллиардер қўшилган. Бу ҳолат асосан сунъий интеллект тармоғининг кенгайиши ва технологик компаниялар акцияларининг кескин кўтарилиши билан изоҳланмоқда.

Теглар

Мавзуга оид