add

Франция Павел Дуровга қўйилган чекловларни бекор қилди

Бугун 11:251372

Ҳукумат Дуровнинг суд талабларига тўлиқ бўйсунганини қайд этиб, Франциядан эркин чиқиш ҳуқуқини тўлиқ тиклади.

Франция Павел Дуровга қўйилган чекловларни бекор қилди

Франция ҳукумати Telegram асосчиси Павел Дуровга нисбатан амалдаги барча ҳаракатланиш чекловларини бекор қилди. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди.

Мазкур қарор 10 ноябр куни қабул қилинган ва унга асосан Дуров энди мамлакатни бемалол тарк этиши, маҳаллий полиция бўлимларида доимий ҳисобда туриш мажбуриятидан халос бўлган.

Тадбиркор 2024 йил август ойида Париж аэропортида ҳибсга олинган эди. Дастлаб унга Франция ҳудудидан чиқиш тақиқланган, 2025 йил июн ойида эса чекловлар юмшатилиб, Дубайга бориб келишга рухсат берилганди.

Дуров Telegram платформасидаги контентни етарлича назорат қилмаслик ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорликдан бош тортгани бўйича олиб борилган тергов доирасида ушланган. Тергов материалларида терроризм, гиёҳванд моддалар, фирибгарлик ва болаларга нисбатан жиноятлар билан боғлиқ айбловлар ҳам тилга олинган.

Дуров ўзининг компания раҳбари сифатида фойдаланувчилар қилган ҳаракатлар учун жавобгар этиб қўйилишини «ҳуқуқий ва мантиқий жиҳатдан мутлақо асоссиз» деб атаган. Унинг сўзларига кўра, бир йиллик текширувлар давомида унга ёки Телеграмнинг фаолиятига дахлдор хатти-ҳаракатлар топилмаган.

Дуров Телеграмда қонунбузарликларга алоқадор фойдаланувчилар улуши катта эмаслигини, аммо маълум даражада ошганини тан олган ва бу йўналишда қўшимча чоралар кўриш зарурлигини қайд этган.

Маълумот учун, Дуровнинг бойлиги 14,7 миллиард долларга етган бўлиб, йил бошидан буён 3,71 миллиард долларга ўсган. У миллиардерлар рўйхатининг 196-поғонасида турибди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Telegram асосчиси Павел Дуров Луврдаги ўғирлик Франция таназзулининг белгиси эканини айтган эди. У ўғирланган Наполеон ва Жозефинага тегишли жавоҳиротларни сотиб олиб, Абу-Даби Луврига топширишга тайёрлигини билдирган.

Теглар

Мавзуга оид

Франция Павел Дуровга қўйилган чекловларни бекор қилди | Vaqt.uz