
Глобал инфляция пасайиши тўхтаб, яна ўсиш хавфи кутилмоқда
Глобал бозорларда нархлар пасайиши секинлашиб, ташқи савдо божлари таъсири кучайиши ортидан инфляция яқин чоракларда қайта ўсиши кутилмоқда.

Жаҳонда инфляция сўнгги йилларда босқичма-босқич пасайиб келаётганига қарамай, сентябр ойида 3,5 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Марказий банк шарҳида келтирилган.
Қайд этилишича, ташқи савдо божларининг нархларга таъсири кучайиши билан глобал инфляция қисқа муддат ичида яна ўсиш трендига ўтиши мумкин. Бу эса жаҳон иқтисодиётидаги мавжуд ноаниқликларни янада ошириши мумкин.
Ривожланган мамлакатларнинг кўпчилиги жорий йилда ўз инфляция таргетларига эришган бўлса-да, келгуси даврларда улар инфляцияни паст ва барқарор даражада ушлаб туришда қийинчиликларга дуч келиши мумкин. Хусусан, хизматлар инфляцияси юқори даражада сақланаётгани, айрим импорт товарлари нархларининг кўтарилиши умумий инфляция суръатларини пасайтиришни қийинлаштирмоқда.
Сентябр ойида жаҳон озиқ-овқат нархлари индекси (ФАО) бир ойда 1 фоизга пасайиб, 128,8 бандни ташкил этди. Йиллик ҳисобда эса озиқ-овқат нархлари 3,4 фоизга ошди. Буғдой ҳосили юқори бўлгани туфайли дон маҳсулотлари арзонлашган, аммо гўшт ва ёғ маҳсулотларига талаб кучайгани натижасида уларнинг нархи сезиларли ошган.
Инфляция пасайишининг секинлашувига қарамай, глобал молиявий шароитлар юмшаб бормоқда.
Шунга карамай, кўплаб марказий банклар ставкаларни пасайтиришда эҳтиёткорликни сақламоқда. Улар нейтрал ставкага ўтиш жараёнини тезлаштирмасдан, келгуси босқичларда босқичма-босқич амалга оширишни режалаштирмоқда. Марказий банкнинг таъкидлашича, бу ёндашув глобал инфляция хавфларини ҳисобга олган ҳолда қўлланилмоқда.





