Google нутқни матнга айлантирадиган янги сунъий интеллект иловасини тақдим қилди
Google янги иловаси орқали интернетсиз ва обунасиз нутқни матнга айлантириш имкониятини тақдим этди.
© chromeunboxed.comGoogle компанияси нутқни матнга айлантиришга қаратилган янги иловасини ишга туширди. Ушбу маҳсулот «Google AI Edge Eloquent» деб номланади ва ҳозирча фақат iOS платформасида ишламоқда.
Янги илова интернетга уланмасдан ҳам ишлай олиши билан ажралиб туради. Бу эса фойдаланувчиларга шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ва доимий интернетга боғлиқ бўлмаслик имконини беради.
Ишлаб чиқувчилар Android учун ҳам ушбу хизматни чуқур интеграция қилинган ҳолда тақдим этишни режалаштираётганини маълум қилди.
Имкониятлар ва технология
Илова сунъий интеллект моделларини тўғридан-тўғри қурилмага юклаб олади. Шундан сўнг фойдаланувчи нутқ айтиши билан у реал вақтда матнга айлантирилади.
Нутқ айтилаётганда матн дарҳол экранда пайдо бўлади. Агар фойдаланувчи тўхтаса, тизим автоматик равишда матнни таҳлил қилиб, кераксиз сўзларни олиб ташлаш ва таҳрирлашни таклиф қилади.
Фойдаланувчилар матнни турли форматларга ўтказишлари мумкин: «Қисқа», «Узун», «Расмий» ёки «Асосий фикрлар» кўринишида.
Қўшимча функциялар
Фойдаланувчилар булутли хизматни ўчириб, фақат маҳаллий маълумотлар билан ишлашни танлашлари мумкин. Бу ҳолда барча жараёнлар смартфоннинг ўзида амалга оширилади.
Булутли режим эса асосан матнни тозалаш ва оптималлаштириш вазифаларини бажаради. Шу орқали янада аниқ ва тўғри натижаларга эришиш мумкин.
Илова Gmail ёзишмаларидан муҳим калит сўзлар, атамалар ва шахсий луғатларни импорт қилиш имкониятини ҳам тақдим этади. Бундан ташқари, фойдаланувчи ўз сўзларини қўлда қўшиб, тизимни янада мослаштириши мумкин.





