Ҳарбий саноатдаги «металл дефицити», янги газ лимити ва Ўзбекистоннинг сунъий интеллект устидан назорати —16-март дайжести

Кеча 23:004 дақиқа

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Ҳарбий саноатдаги «металл дефицити», янги газ лимити ва Ўзбекистоннинг сунъий интеллект устидан назорати —16-март дайжести

Жаҳон банки Ўзбекистонда газ сизиб чиқишини камайтириш учун грант ажратди

Жаҳон банки Ўзбекистонда табиий газ узатиш тизимидаги йўқотишларни камайтириш учун 10,6 миллион долларлик грант ажратди. Маблағлар мамлакатдаги эскирган газ тармоқларида юзага келаётган сизиб чиқишларни аниқлаш ва бартараф этишга йўналтирилади. Лойиҳа «Ўзтрансгаз» томонидан бошқариладиган газ узатиш тармоқларида замонавий назорат ва таъмирлаш механизмларини жорий этишни назарда тутади.

Ташаббус Жаҳон банкининг «Global Flaring and Methane Reduction» (GFMR) траст жамғармаси ҳисобидан молиялаштирилади. Дастур нефт-газ соҳасида метан чиқиндиларини камайтириш ҳамда йўлдош газни ёқишни қисқартиришга қаратилган халқаро ташаббус ҳисобланади.

Лойиҳа доирасида 2029 йилгача тахминан 47,5 минг тонна газ сизиб чиқишининг олдини олиш режалаштирилган. Бу атмосферага чиқадиган метан миқдорини камайтириб, тахминан 18 миллион долларлик иқтисодий самара беришини кутилмоқда. Шунингдек, замонавий аниқлаш ускуналарини харид қилиш ва мутахассисларни тайёрлаш ҳам режалаштирилган.

«Бозор бундай дефицитни кўрмаган»: дрон ва ракеталарда ишлатиладиган металл ўсиш бўйича олтинни ортда қолдирди

Жаҳон бозорида волфрамга бўлган талаб кескин ошиб, металл нархи ўсиш суръати бўйича олтинни ортда қолдирди. «Bloomberg» маълумотига кўра, 2025-йил февралдан буён волфрам нархи 557 фоизга ошган. Бу ҳолатга асосан ҳарбий саноатдаги талабнинг ошиши ва Хитой экспорт чекловлари сабаб етказиб бериш ҳажмининг тахминан 40 фоизга қисқариши таъсир қилган.

Мутахассислар таъкидлашича, волфрам дронлар, ракеталар ва ўқ-дорилар ишлаб чиқаришда кенг қўлланилади. Яқин Шарқдаги низолар ва ҳарбий харажатлар ортиши эса бозордаги танқисликни янада кучайтирган. Таҳлилчилар фикрига кўра, янги конлар ишга тушгунга қадар бозорда дефицит сақланиб, инвесторлар учун тахминан икки йиллик имконият даври юзага келиши мумкин.

Ўзбекистон ҳам ушбу металл ишлаб чиқаришни кенгайтиришни мақсад қилган. «Ўзбекистон технологик металлар комбинати» 2030-йилгача волфрам ишлаб чиқариш ҳажмини 50 бараварга оширишни режалаштирган. Самарқанд вилоятидаги «Ингичка» конини тиклаш ва камёб металларни қазиб олиш бўйича 34 та лойиҳа орқали мамлакат жаҳон волфрам бозоридаги улушини 5,1 фоизгача ошириш ниятида.

Ўзбекистон 2030-йилгача олтин ишлаб чиқаришни 175 тоннага етказади

Ўзбекистон 2030-йилга қадар олтин ишлаб чиқаришни 175 тоннага, кумушни 500 тоннага, уранни 15 минг тоннага ва мисни 500 минг тоннага етказишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев Олмалиқ кон-металлургия комбинатида 3-мис бойитиш фабрикасини ишга тушириш маросимида маълум қилди. Қиймати 22 миллиард доллар бўлган лойиҳалар доирасида 40 мингга яқин юқори даромадли иш ўринлари яратилиши кутилмоқда.

Шунингдек, соҳада малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида бир қатор халқаро университетлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Натижада қимматбаҳо металларни хомашё шаклида экспорт қилишдан кўра, мамлакат ичида қайта ишлаш ҳажми ошиб бормоқда: масалан, йилига 100 минг тонна мис ички бозорда қайта ишланмоқда, заргарлик саноати ишлаб чиқариши эса 3,3 баробар ўсиб, 13 триллион сўмдан ошган.

Мартнинг иккинчи ярми учун газ лимити маълум қилинди

Ўзбекистонда 16–31 март кунлари истеъмолчилар қўшимча 50 куб метр табиий газни базавий тарифда — 1 куб метр учун 1000 сўмдан тўлашлари мумкин бўлади. Энергетика вазирлигига кўра, 16 мартдан бошлаб иситиш мавсуми учун амал қилган юқори меъёр бекор қилиниб, 1 ноябрга қадар ойига 100 куб метрлик базавий лимит қайта жорий этилади. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида эса бу тартиб 1 октябргача амал қилади.

Март ойида газ истеъмоли икки қисмда ҳисобланади: 1–15 март кунлари учун 500 куб метрлик ойлик меъёр пропорционал тақсимланиб 250 куб метрни ташкил этган, 16–31 март кунлари эса 100 куб метрлик ойлик меъёрдан 50 куб метр газ базавий нархда ҳисобланади. Шу тариқа, ушбу ҳажм учун оширилган — 1800 сўмлик тариф қўлланилмайди.

Ўзбекистонда сунъий интеллект бўйича этика қоидалари тасдиқланди

Ўзбекистон Адлия вазирлиги сунъий интеллектга асосланган ечимларни яратиш, жорий қилиш ва улардан фойдаланишга доир этика қоидаларини давлат рўйхатидан ўтказди. 2026 йил 14 март куни тасдиқланган ҳужжат сунъий интеллект технологияларидан фойдаланишда қонунийлик, шаффофлик, адолатлилик, маълумотлар ҳимояси ва хавфсизлик каби асосий тамойилларни белгилайди.

Қоидаларга кўра, инсон ҳуқуқларига дахлдор ёки тиббиёт каби муҳим соҳаларда қарор қабул қилишда фақат сунъий интеллект хулосасига таяниш мумкин эмас. Шунингдек, технология ишлаб чиқувчилар ва жорий этувчилар фойдаланувчиларга сунъий интеллект натижалари ҳар доим ҳам аниқ бўлмаслиги ва улардан тавсиявий характерда фойдаланиш мумкинлиги ҳақида маълумот бериши шарт.

Теглар

Мавзуга оид