Logo

Ҳаво ифлосланса, юк машиналари ҳаракати ва оммавий тадбирлар чеклаш таклиф этилмоқда

Бугун 08:034 дақиқа

Ифлосланиш «қизил» ёки «бинафшаранг» даражага етса, корхоналар ишлаб чиқаришни қисқартириши, юк машиналари ҳаракати чекланиши ва аҳоли масофавий ишлашга ўтиши мумкин.

Ҳаво ифлосланса, юк машиналари ҳаракати ва оммавий тадбирлар чеклаш таклиф этилмоқда © Ijtimoiy tarmoqlar

Ўзбекистонда атмосфера ҳавоси «қизил» ва «бинафшаранг» даражада ифлосланганда корхоналар қувватини пасайтириш, юк машиналари ҳаракатини чеклаш, оммавий тадбирларни бекор қилиш, масофавий иш ва ўқишга ўтиш ҳамда аҳолига СМС хабарномалар юбориш таклиф этилмоқда. Бу ҳақда Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида эълон қилинган Вазирлар Маҳкамасининг атмосфера ҳавоси сифати ёмонлашишининг олдини олиш ва оқибатларини камайтиришга қаратилган қарори лойиҳасида маълум қилинди.

Ҳужжат президентнинг 2026-йил 25-мартдаги «Тоза ҳаво» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги ПФ-46-сон фармони ижроси доирасида ишлаб чиқилган.

Лойиҳага кўра, ҳаво сифати кўрсаткичлари «қизил» ва «бинафшаранг» даражада тоифаланганда атроф-муҳитга таъсири бўйича I ва II тоифага мансуб хўжалик юритувчи субъектлар ифлослантирувчи моддаларни камайтириш учун ишлаб чиқариш қувватларини вақтинча пасайтириши шарт бўлади (махсус ҳуқуқий режимга эга ва стратегик объектлар бундан мустасно). Бу талаб бажарилиши Давлат экологик назорат инспекцияси (Экополиция) томонидан назорат қилинади.

Шунингдек, вилоят ва шаҳар марказлари ҳамда уларга туташ ҳудудлардаги иссиқхона хўжаликларида ёқилғи ҳисобланмайдиган маҳсулотлар ёқилишининг олдини олиш мақсадида доимий рейдлар ўтказилади. Ҳаво ифлосланган даврларда шаҳар марказлари ва аҳоли зич жойлашган ҳудудларда қурилиш ишларига вақтинчалик чекловлар қўйилади. Қурилиш майдонларида чанг бостириш ускуналаридан мажбурий фойдаланиш, материалларни ёпиқ ҳолда сақлаш ва ташиш ҳамда майдонларни мунтазам намлантириш талаб этилади.

Ноқулай метеорологик шароитларда энергетика корхоналарида мазутдан ёқилғи сифатида фойдаланиш тақиқланади (авариявий ҳолатлар ва энергетика тизими барқарорлигини таъминлаш зарурати бундан мустасно). Табиий чангланиш кучайган ва ҳаво ёмонлашган пайтларда ҳокимликлар шаҳардаги барча фаввораларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаб, марказий кўчалар, жамоат жойлари ва яшил ҳудудларни суғориш ҳамда махсус техникаларда намлантиришни кучайтиради.

Транспорт ҳаракатини чеклаш ва аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш

Ҳужжатда вилоят ва шаҳар марказларида оғир юк ташувчи автотранспорт воситалари ҳаракатини вақтинча чеклаш ёки уларни айланма йўлларга йўналтириш кўзда тутилган. Заруратга кўра, транспорт воситаларининг давлат рақамига мос равишда тоқ ва жуфт саналарда ҳаракатланиш амалиёти жорий этилиши мумкин (электромобиллар ва махсус транспорт воситалари бундан мустасно). Ушбу чора Ички ишлар вазирлиги томонидан Президент администрациясининг тегишли кўрсатмасига асосан назорат қилинади. Бундан ташқари, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг асослантирилган таклифи билан айрим кўчалар ва йўл участкаларида транспорт ҳаракати вақтинча чекланади.

Ҳаво сифати ёмонлашганда Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолига, айниқса болалар, кексалар ва сурункали касаллиги бор шахсларга уйда қолиш бўйича тавсиялар беради. Шунингдек, вазирлик таълим муассасаларида очиқ ҳаво машғулотларини вақтинча бекор қилиш, оммавий тадбирларни чеклаш ҳамда заруратга кўра давлат ташкилотларида иш режимини ўзгартириш ёки масофавий шаклга ўтказиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиб боради.

«Қизил» ва «бинафшаранг» даражалар қайд этилганда оилавий поликлиникалар ва тез тиббий ёрдам хизматлари томонидан фуқароларга устувор тартибда бирламчи тиббий ёрдам кўрсатилади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳаво ифлосланиши оқибатида юзага келган саломатлик асоратлари бўйича статистик ҳисоб юритиб, ҳар йили ҳукуматга ахборот тақдим этади. Ифлосланиш юқори бўлган ҳудудларда кўкаламзорлаштириш ишлари устувор тартибда амалга оширилади, ҳаво нормал даражага қайтгач эса Экология қўмитаси ОАВда таҳлилий ҳисобот эълон қилади.

Миллий индекс ва SMS хабарномалар

Қарор лойиҳаси билан Атмосфера ҳавоси сифати миллий индекси ва унинг даражалари тасдиқланмоқда. Унга кўра, Гидрометеорология хизмати агентлиги олтита устувор ифлослантирувчи модда — PM2.5, PM10, азот диоксиди, озон, олтингугурт диоксиди ва углерод оксиди миқдори бўйича кунлик таҳлил ўтказиб, ҳаво сифатини бешта рангдаги тоифа бўйича баҳолайди:

Яшил даража — хавфсиз ҳолат (PM2.5 — 0–60, PM10 — 0–75);

Сариқ даража — қониқарли ҳолат (PM2.5 — 60,1–120, PM10 — 75,1–150), нафас олиш аъзолари касалликлари борларга очиқ ҳавода фаолликни чеклаш тавсия этилади;

Зарғалдоқ даража — ўртача ифлосланиш (PM2.5 — 120,1–180, PM10 — 150,1–225), сезгир гуруҳларга (болалар, ҳомиладор ва эмизикли аёллар, кексалар, юрак-қон томир ва нафас олиш тизими касалликлари бор шахслар) очиқ ҳавода фаолликни чеклаш ва дори воситаларини ёнида олиб юриш, қолганларга ҳимоя ниқобидан фойдаланиш тавсия этилади;

Қизил даража — юқори ифлосланиш (PM2.5 — 180,1–300, PM10 — 225,1–375), соғлом аҳоли учун ҳам жиддий хавф туғдиради; таъсирчан гуруҳлар имкон қадар бино ичида қолиши, бошқалар эса ҳимоя ниқоби тақиши лозим;

Бинафшаранг даража — қониқарсиз ва хавфли даража (PM2.5 — 300,1 ва ундан юқори, PM10 — 375,1 ва ундан юқори). Бунда соғлом кишилар ҳам очиқ ҳавода узоқ вақт бўлишдан сақланиши, заиф қатламлар уйда қолиши, очиқ ҳавода спорт билан шуғулланишдан бутунлай воз кечилиши, имкон қадар масофавий (онлайн) иш ва ўқиш тартибига ўтилиши, очиқ ҳаводаги оммавий тадбирлар ва спорт мусобақалари эса бекор қилиниши ёки кўчирилиши лозим.

Ҳаво сифати кўрсаткичлари «қизил» ва «бинафшаранг» даражада қайд этилганда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги махсус автоматлаштирилган тизим орқали аҳолининг мобил телефонларига огоҳлантирувчи SMS хабарномалар юборади.

Теглар

Мавзуга оид