Logo

«Iman Invest» можароси: инвесторлар пуллари қандай ҳимояланади?

Бугун 18:596 дақиқа

«Iman Invest» атрофидаги можаро хусусий инвестиция платформаларини назорат қилиш, инвесторлар маблағларини ҳимоялаш ва исломий молия бозорида ишончни сақлаш масалаларини кун тартибига олиб чиқди. «Muomala Time» кўрсатувида экспертлар Искандар Турсунов ва Ҳаётжон Азимов билан айнан шу масалалар муҳокама қилинди.

Сўнгги ҳафталарда «Iman Invest» атрофида юзага келган молиявий ва шариатга мувофиқлик билан боғлиқ эътирозлар жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлди. Компания фаолияти юзасидан билдирилган даъволар, молиявий ҳужжатлар ва томонларнинг баёнотлари ортидан инвесторлар маблағларининг тақдири ҳамда исломий молия тамойилларига амал қилиниши борасида саволлар кўпайди.

Бу вазият фақат бир компаниянинг муаммосими ёки Ўзбекистонда шаклланаётган исломий молия бозоридаги тизимли камчиликларни ҳам кўрсатиб бердими? «Muomala Time» кўрсатувида иштирок этган молия соҳаси экспертлари Искандар Турсунов ва Ҳаётжон Азимов ушбу саволлар юзасидан фикр билдирди.

Хусусий инвестиция платформалари назоратсиз қолмоқда

Экспертларнинг фикрича, Iman Invest атрофидаги вазият исломий молия бозорида корпоратив бошқарув ва институционал назорат қанчалик муҳимлигини кўрсатди.

Ўзбекистонда 2024-йилдан бошлаб микромолия ташкилотларига исломий молия хизматларини кўрсатиш имконияти яратилди. 2026-йилда эса банклар учун исломий банк фаолиятига оид қонунчилик асослари шакллантирилди. Бироқ бу тартибга солиш жараёни, асосан, лицензияланадиган молиявий ташкилотларга қаратилган.

Хусусий инвестиция платформалари, финтех лойиҳалари ва айрим стартаплар эса банклар каби махсус молиявий назорат тизими доирасида фаолият юритмайди. Улар тегишли юридик шаклига қараб умумий қонунчилик талабларига бўйсунади, бироқ аҳолидан инвестиция маблағларини жалб қилиш ва уларни бошқариш бўйича алоҳида назорат механизмларига эҳтиёж мавжуд.

Искандар Турсуновнинг таъкидлашича, айнан шу йўналишдаги ҳуқуқий бўшлиқ инвесторлар маблағлари билан боғлиқ хавфларни ошириши мумкин.

«Аҳолидан пул олиб, инвестициялар жалб қилиш масъулиятли йўналиш. Кўплаб давлатларда бу тартибга солинади. Ўзбекистонда ҳам нобанк сектор ва хусусий компанияларнинг инвестиция маблағларини жалб қилиши, уларнинг фаолияти ва ҳисобдорлиги бўйича норматив-ҳуқуқий механизмлар зарур», — дейди эксперт.

Унинг фикрича, компаниянинг ўз фаолиятини AAOIFI стандартларига мувофиқ деб эълон қилиши унинг амалда ҳам ушбу талабларга риоя қилаётганини англатмайди. Бунинг учун доимий мониторинг, аудит ва жавобгарлик механизмлари бўлиши керак.

Исломий молия фақат шариат талаблари билан чекланмайди

Экспертлар жамоатчилик орасида исломий молия ва анъанавий молия ўртасидаги фарқ юзасидан ҳам нотўғри тасаввурлар шаклланаётганига эътибор қаратди.

Исломий молия фақат рибодан воз кечиш билан чекланмайди. Унда шартномаларнинг ҳуқуқий асослари, молиявий муносабатлар, рискларни тақсимлаш, корпоратив бошқарув ва шариат талабларига мувофиқлик биргаликда ҳисобга олинади.

Ҳаётжон Азимовнинг таъкидлашича, молиявий операцияларни бир марта текшириб, кейинчалик уларнинг барчасига умумий рухсат бериш тўғри ёндашув эмас. Ҳатто бир хил шаклдаги шартномаларда ҳам мижоз, иқтисодий вазият ва ҳуқуқий шароитга қараб фарқлар бўлиши мумкин.

Шу сабабли халқаро амалиётда исломий молия стандартларига мувофиқликни тасдиқлашдан олдин ташкилотнинг фаолияти, ички жараёнлари ва молиявий операциялари батафсил ўрганилади. Бундан ташқари, даврий шариат аудити ва доимий назорат талаб этилади.

Экспертнинг фикрича, бундай текширувлар фақат дастлабки босқичда эмас, фаолият давомида ҳам олиб борилиши керак. Хусусан, молиявий операцияларни ҳар чоракда кўриб чиқиш, йил якунида эса тўлиқ аудитдан ўтказиш муҳим.

Бу талаблар компаниянинг ўзини ҳам, инвесторларнинг маблағларини ҳам ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Инвесторларнинг пуллари қандай ҳимояланиши керак?

Iman Invest билан боғлиқ муҳокамаларда энг муҳим саволлардан бири — компанияга маблағ киритган инвесторларнинг пуллари тақдири.

Экспертлар бу масалада, аввало, исломий инвестиция платформалари ва банк омонатлари ўртасидаги фарқни тушуниш зарурлигини таъкидлайди.

Исломий инвестиция моделида инвестор маблағини бошқарувчи ташкилотга топширади ва келишув шартларига қараб фойда ҳамда зарар тақсимотида иштирок этади. Агар ташкилот ўз мажбуриятларини тўғри бажарса, лекин инвестиция натижасида бозор сабабли зарар юзага келса, инвестор ҳам бу рискни қабул қилиши мумкин.

Бироқ ташкилотнинг маблағлардан нотўғри фойдаланиши, бепарволиги ёки суиистеъмоли натижасида зарар юзага келса, бу бошқа масала ҳисобланади. Бундай ҳолатларда компаниянинг жавобгарлиги алоҳида баҳоланиши керак.

Шу боис экспертлар Iman Invest фаолиятини мустақил ташқи молиявий ва шариат аудитидан ўтказиш зарурлигини қайд этмоқда. Текширувни ким амалга ошириши, унинг қачон бошланиши ва якуний хулосалар қачон эълон қилиниши очиқ кўрсатилиши лозим.

Бундан ташқари, аудит якунига қадар компаниянинг маъмурий ва реклама харажатлари, дивиденд ва бошқа тўловларини вақтинча чеклаш масаласи ҳам кўтарилди.

Экспертлар компания бошқарувида риск-менежмент тизимини қайта кўриб чиқиш, зарур бўлса, масъул раҳбарларни алмаштириш ва инвесторлар олдидаги мажбуриятларни бажаришга қаратилган аниқ режа ишлаб чиқишни таклиф қилмоқда.

Уларнинг фикрича, ижтимоий тармоқлардаги ўзаро айбловлар муаммони ҳал қилмайди. Аксинча, тасдиқланмаган маълумотлар асосида ваҳима кучайиши компаниянинг молиявий ҳолатини янада оғирлаштириши ва охир-оқибат инвесторларнинг зарарини ошириши мумкин.

Исломий банк ва инвестиция платформаси бир хил эмас

Муҳокамаларда аҳолининг исломий банк, исломий банк дарчаси ва хусусий инвестиция платформалари ўртасидаги фарқларни етарлича англамаслиги ҳам муҳим муаммо сифатида кўрсатилди.

Исломий банклар Марказий банк назорати остида фаолият юритади. Бундан ташқари, уларнинг исломий молия тамойилларига мувофиқлиги бўйича алоҳида талаблар ва назорат механизмлари мавжуд. Шу жиҳатдан бундай банклар оддий хусусий инвестиция платформаларидан тубдан фарқ қилади.

Экспертлар исломий банк фаолиятига нисбатан назорат бир неча даражада амалга оширилишини таъкидлайди. Банкнинг умумий молиявий барқарорлиги ва қонунчиликка риоя қилиши билан бир қаторда, шариат талабларига мувофиқлиги ҳам текширилади.

Шунингдек, 2026-йилда исломий банк фаолиятига рухсат берилиши билан боғлиқ қонунчилик доирасида жалб қилинган маблағларнинг кафолатланиши масаласи ҳам тартибга солинмоқда. Бунда барча маблағлар автоматик равишда кафолатланмайди: уларнинг тури ва ҳисобварақ хусусиятига қараб кафолатлаш шартлари фарқланади.

Масалан, оддий ҳисобварақдаги маблағлар билан инвесторнинг онгли равишда фойда ва зарар тақсимотида иштирок этиш учун очилган инвестиция ҳисобварағидаги маблағлар бир хил мақомга эга эмас.

Хусусий инвестиция платформаларида эса банклардаги каби омонатларни кафолатлаш тизими мавжуд деб ҳисоблаш мумкин эмас. Шу сабабли фуқаролар маблағ киритишдан олдин шартномаларни, рискларни ва ташкилотнинг ҳуқуқий мақомини синчиклаб ўрганиши керак.

Бозор ривожланмоқда, қонунчилик эса ортидан етиб келмоқда

Экспертларнинг фикрича, Ўзбекистонда исломий молия бозорини шакллантириш жараёни босқичма-босқич давом этади. Дастлаб микромолия ташкилотлари ва банклар фаолиятини тартибга солиш бўйича ҳуқуқий асослар яратилган бўлса, ендиликда хусусий инвестиция платформалари ва бошқа нобанк субъектларга ҳам эътибор қаратиш зарурати юзага келмоқда.

Халқаро тажрибада ҳам бозор амалиёти кўпинча қонунчиликдан олдин ривожланади. Кейинчалик юзага келган муаммолар ва суд амалиёти асосида янги тартиблар ишлаб чиқилади.

Малайзия, Туркия ва Қирғизистон тажрибаси бу борада муҳим мисол сифатида келтирилди. Хусусан, исломий молия фаолиятини тартибга солиш, шариат стандартларига мувофиқликни текшириш ва инвесторлар манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича институционал механизмлар шакллантирилган.

Ўзбекистонда ҳам хусусий секторнинг исломий молия ниқоби остида маблағ жалб қилиши билан боғлиқ рискларни камайтириш учун аниқ талаблар белгиланиши керак.

Iman Invest атрофидаги можаронинг энг муҳим сабоғи ҳам шунда: молиявий хизматни қандай тамойил асосида таклиф қилишидан қатъи назар, аҳолидан маблағ жалб қилаётган ҳар қандай ташкилот шаффофлик, ҳисобдорлик ва профессионал бошқарув талабларига жавоб бериши лозим.

Исломий молия бозорининг келажаги эса нафақат янги банклар ёки инвестиция платформаларининг пайдо бўлиши, балки уларга нисбатан аҳолининг ишончи сақланиб қолишига ҳам боғлиқ.

Теглар

Маҳлиё Ҳамидова

Маҳлиё ҲамидоваМақолалар сони: 236

Барчаси

Мавзуга оид