Logo

«iPhone» камерасига масъул раҳбар «Apple»дан кетди: У суратларни сунъий интеллект билан ўзгартиришга қарши бўлган

Бугун 08:302 дақиқа

«Apple» компаниясининг «iPhone» камераси дастурий таъминотига масъул вице-президенти Жон Маккормак 8 йилдан ортиқ фаолиятдан сўнг лавозимини тарк этди.

«iPhone» камерасига масъул раҳбар «Apple»дан кетди: У суратларни сунъий интеллект билан ўзгартиришга қарши бўлган © Apple

«Apple» компаниясининг «iPhone» камераси ва «Photos» иловаси дастурий таъминотига масъул вице-президенти Жон Маккормак саккиз йилдан ортиқ фаолиятдан сўнг пенсияга чиқиши муносабати билан компанияни тарк этди. Бу ҳақда «Bloomberg» агентлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, Маккормак октябр ойи охирида лавозимини тарк этган. «Apple» унинг ўрнига тўғридан-тўғри ворис тайинламаган — топ-менежернинг вазифалари бошқа раҳбарларга бўйсунувчи амалдаги ўринбосарлар ўртасида тақсимланган.

Қайта тузиш доирасида дастурий таъминот ишлаб чиқиш бўйича катта вице-президент Крейг Федериги дастурий алгоритмлар, компаниянинг ўз чиплари ва оптик ускуналарни бирлаштирувчи ихтисослашган бўлинмадаги ўтиш жараёнини назорат қилади.

Жон Маккормак «Apple»да «Camera» ва «Photos» иловалари, шунингдек, тасвирларни қайта ишлаш архитектураси ва технологияларини ишлаб чиқишга раҳбарлик қилган. Унинг бошчилигидаги жамоалар «iPhone 17» туркуми учун янгиланган олд камера тизимини ҳамда «iPhone 18 Pro» моделлари учун ўзгарувчан диафрагмани қўллаб-қувватловчи созланадиган профессионал камера интерфейсини тақдим этган. Камера сифати «Apple» маркетинг стратегиясининг асосий унсурларидан бири бўлиб қолмоқда — «iPhone» фойдаланувчилари ҳар йили триллионлаб суратлар олади.

«Bloomberg» манбаларига кўра, Маккормак компания ичида фотосуратларни яратиш ёки сезиларли даражада ўзгартириш учун генератив сунъий интеллектдан (СИ) фойдаланишга қарши чиққан. У суратлар реал воқеалар ва ҳақиқий лаҳзаларни акс эттириши керак, деб ҳисоблаган.

Унинг ушбу позицияси «Apple»нинг ўз маҳсулотлари ва «Photos» иловасида СИ воситаларини жадал жорий этиш стратегиясига зид келган. Бироқ вазиятдан хабардор манбалар Маккормакнинг истеъфоси корпоратив СИ стратегияси бўйича келишмовчиликлар билан боғлиқ эмаслигини таъкидлаган.

Раҳбариятдаги ўзгариш смартфон фотографияси соҳасида генератив СИ томон силжиш кузатилаётган бир пайтга тўғри келмоқда. Хусусан, «Google» («Alphabet» таркибидаги) ва «Samsung Electronics» каби рақобатчилар олинган суратларни сезиларли ўзгартира оладиган генератив воситаларни фаол жорий этмоқда.

Аввалроқ, 2026 йил сентябр ойи охирида «Bloomberg» агентлиги «Apple» бош директори Жон Тернус компания ичидаги айрим бошқарув лавозимларини қисқартириш ниятида эканини хабар қилган эди. Шунингдек, компания раҳбари СИ даврида рақобатбардошликни сақлаб қолиш учун янги қурилмаларни тезроқ чиқариш ва фаолроқ тажрибалар ўтказишни режалаштирмоқда.

Теглар

Мавзуга оид