Исроил нима учун Эрон ва АҚШ ўртасидаги сулҳни бузмоқда?
Исроилнинг жанубий Ливанга бостириб кириши Теҳрон ва Вашингтон ўртасидаги нозик сулҳни йўққа чиқариши мумкин — аммо, афтидан, Нетаняху айнан шуни хоҳлайди.
© Foto: aljazeera.comЁз бошланиши билан Яқин Шарқдаги асосий «қайноқ нуқта» Ҳўрмуз бўғозидан жанубий Ливанга кўчди. 1 июн куни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху Байрутнинг аҳоли энг зич жойлашган ҳудудларидан бири — Даҳияга зарба беришга буйруқ берди.
Нетаняхунинг аниқлик киритишича, Исроил Ливан пойтахтига апрел ойида эълон қилинган ўт очишни тўхтатиш режимининг бузилишига, хусусан, Исроил фуқаролик объектларига қилинган ракета ва дрон ҳужумларига жавобан зарба бермоқда.
«Байрутдаги Даҳиянинг Исроил шимолидаги аҳоли пунктларидан ҳеч қандай фарқи йўқ — агар шимолда тинчлик бўлмаса, Байрутда ҳам бўлмайди», — дея қўшимча қилди Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац.
Шундан сўнг дарҳол Ливан пойтахтида ваҳима бошланди: минглаб одамлар бомбардимон бошланишидан олдин шаҳарни тарк этиш илинжида кўчалар ва трассаларга ёпирилди. Даҳия аҳолиси ҳали 8 апрелдаги Исроил зарбасидан ўзига келиб улгурмаган эди — ўшанда саноқли дақиқалар ичида 360 дан ортиқ одам ҳалок бўлиб, минглаб кишилар яраланганди.
Бундан ташқари, 31 май куни Исроил армияси бундан 900 йилдан кўпроқ вақт муқаддам салбчилар томонидан қурилган Ливандаги Бофор қалъасини эгаллаб олди. ЮНЕСКО ушбу тарихий обидани «Яқин Шарқдаги энг яхши сақланиб қолган ўрта аср қалъаларидан бири» сифатида эътироф этади.
Мазкур қалъа Ливан-Исроил чегарасидан 15 км узоқликда, Набатия шаҳри яқинида жойлашган. «CNN» телеканалининг қайд этишича, Исроил қўшинлари камида 2000-йилдан бери Ливан ҳудудига бу қадар ичкари кириб бормаган эди. Мудофаа вазири Исраэл Кацнинг маълум қилишича, Тел-Авив Литани дарёси атрофини Исроил армиясининг хавфсизлик назорати остига олишни режалаштирмоқда.
Амалда бу 1978 йилдан то 2006 йилгача давом этган жанубий Ливандаги Исроил оккупацияси қайта тикланишини англатиши мумкин.
Эрон Ливаннинг ёнини оладими?
Теҳроннинг Исроил ҳаракатларига муносабати кескин, аммо мавҳум бўлди. Эрон Марказий қўмондонлиги агар Нетаняху Байрут чеккаларига ҳужум қилса, Исроил шимолидаги аҳолини эвакуация қилишга тўғри келишини эълон қилди. Бироқ бундан Эрон Исроил шимолига бевосита ҳужум қиладими ёки йўқми — шуниси номаълумлигича қолмоқда.
Эроннинг ярим расмий «Tasnim» агентлиги ўз манбаларига таяниб, Теҳрон АҚШ билан алоқаларни тўхтатганини маълум қилди. Шунингдек, Теҳрон Ҳўрмуз бўғозини яна тўсиб қўйишга тайёр. Чунки мамлакат раҳбарияти Ливандаги вазиятни Вашингтон билан тузилган келишувларнинг ажралмас қисми деб ҳисоблайди. Агар «Tasnim» тарқатган маълумотлар Эрон раҳбариятининг ҳақиқий позициясини акс эттирса, бунинг оқибатлари фақат Ливан фронти билан чекланиб қолмайди.
Биринчидан, АҚШ ва Эрон ўртасидаги музокараларнинг барбод бўлиши ойлаб давом этган ўзаро зарбалар ва инқирозлардан сўнг томонларни боғлаб турган саноқли фаол дипломатик каналлардан бирини хавф остида қолдиради. Иккинчидан, Ҳўрмуз бўғозининг ёпиб қўйилиши жаҳон энергетика бозорларида янги беқарорлик тўлқинини келтириб чиқариши тайин. Дунёдаги нефт ва суюлтирилган табиий газ экспортининг салкам 20 фоизи айнан мазкур йўналиш орқали ўтади.
Расмий Теҳрон «Tasnim» нашрининг хабарини ҳозирча тасдиқламади ҳам, инкор ҳам қилмади. Бироқ Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи Ливанда ўт очишни тўлиқ тўхтатиш АҚШ билан бўладиган ҳар қандай келишув учун «зарурий шарт» эканини эҳтиёткорлик билан таъкидлаб ўтди. Вазирнинг сўзларига кўра, Америка-Эрон ўртасидаги келишувнинг бирорта фронтда бузилиши «барча фронтлардаги» қоидабузарлик сифатида баҳоланади.
АҚШ президенти Доналд Трамп 1 июн куни Эрон музокараларни тўхтатиб қўйгани ҳақида унда ҳеч қандай маълумот йўқлигини билдирди.
«Улар [эронликлар] бу ҳақда бизга хабар беришгани йўқ. Бу ҳамма жойга бомба ташлашни бошлаймиз, дегани эмас... Биз қамални сақлаб қоламиз», — дея қисқача хулоса қилди Оқ уй раҳбари. Шунингдек, у музокаралар давом этаётгани ва томонлар «жуда яхши келишувга яқин» эканлигини қўшимча қилди.
Трамп Биньямин Нетаняху билан «жуда самарали» телефон мулоқоти ўтказганини ҳам айтиб ўтди. Оқ уй раҳбарининг таъкидлашича, «Байрутда ҳеч қандай қўшин бўлмайди ва йўлга чиққан барча ҳарбийлар аллақачон ортга қайтарилган».
Сиёсатчи «юқори мартабали вакиллар» орқали «Ҳизбуллоҳ» билан ҳам «жуда яхши суҳбатлашганини» қўшимча қилди. Трампнинг айтишича, Ливан гуруҳи ҳам ўт очишни тўхтатишга рози бўлган: «Исроил уларга, улар эса Исроилга ҳужум қилмайди».
Тел-Авив ҳам, «Ҳизбуллоҳ» ҳам ҳозирча бу борада ҳеч қандай расмий муносабат билдиргани йўқ.
Ливан парламенти раҳбари Набиҳ Беррининг ёрдамчиси Али Ҳамдан «Axios» нашрига берган интервюсида Байрут сулҳни барбод қилмаслик учун Америка шартларини қабул қилишга тайёрлигини билдирди. Унинг таъкидлашича, «Ҳизбуллоҳ» Исроил билан қарама-қаршиликда зудлик билан ўт очишни тўхтатишга тайёр ва бу шартнинг бажарилишини таъминлаш мажбуриятини ўз зиммасига олади.
Набиҳ Берри Ливаннинг энг нуфузли шиа сиёсатчиларидан бири ҳисобланади ва «Ҳизбуллоҳ» билан яқин алоқаларга эга. Шундай бўлса-да, АҚШ ва Исроил вакиллари Берри гуруҳ томонидан эҳтимолий келишув шартларига риоя этилишини тўлиқ таъминлай олишига шубҳа билан қарамоқда, дея қўшимча қилади «Axios».
Бироқ нашрнинг тушунтиришича, Ливан ва Исроил ўт очишни тўхтатиш бўйича кенг қамровли келишувга эришган тақдирда ҳам, бу Тел-Авив араб давлатининг жанубидан ўз ҳарбийларини олиб чиқиб кетишини англатмайди. Гап Исроилнинг жанубий Ливандаги ҳарбий иштирокини сақлаб қолиш нияти ҳақида бормоқда.
Аммо «Axios»нинг бошқа бир манбаси аниқлик киритишича, Трампнинг ваъдаларига қарамай, АҚШ вакиллари Бинямин Нетаняху Вашингтон ва Байрутнинг жорий шартларига рози бўлиши даргумон эканини Набиҳ Беррига аллақачон билдириб улгурган.
Вашингтон Исроилни тўхтатишга тайёрми?
Оқ уй Эрон билан эҳтимолий келишувни минтақавий миқёсдаги кенг қамровли урушнинг олдини олиш ва Форс кўрфази атрофидаги вазиятни барқарорлаштириш учун муҳим имконият сифатида кўрмоқда. Шу сабабли ҳам сўнгги ҳафталарда Вашингтон Исроилнинг Ливандаги ҳаракатларини жиловлашга уринди.
«Crisis Group» ташкилотининг Ироқ, Сурия ва Ливан масалаларини ўрганиш маркази директори Хайко Виммен «TRT» нашрига берган интервюсида АҚШ Нетаняхуни Ливандаги эскалациядан воз кечишга кўндира олиши даргумонлигини айтди.
«Катта эҳтимол билан — йўқ. Аммо бу ерда асосий масала шундаки, АҚШ Нетаньяхуни бунга мажбурлаш учун қанчалик қаттиқ босим ўтказишга тайёр?» — дея таъкидлади эксперт.
Вашингтондаги Кўрфаз мамлакатлари институти катта илмий ходими Али Алфоненинг фикрича, Тел-Авив АҚШ ва Эрон ўртасидаги сулҳни йўққа чиқариш мақсадида Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатига қарши операцияларини тўхтатмайди.
«Агар президент Трамп Исроилни эҳтимолий оқибатлар билан қўрқитмоқчи бўлса, бунга жавобан бош вазир Нетаняху ноябр ойида бўлиб ўтадиган оралиқ сайловларда Республикачилар партиясини Исроил лоббисининг қўлловидан маҳрум қилиш билан таҳдид қилади», — дея қайд этди шарқшунос олим.
Исроил сиёсий доираларидаги CNN манбалари ҳам Оқ уй Нетаняху маъмуриятидан вазминликни талаб қилиб, унга босим ўтказаётганини тан олмоқда. Телеканал маълумотларига кўра, айнан Трамп маъмурияти бунга қадар ҳам Ливандаги ва бошқа йўналишлардаги қатор Исроил операцияларини тўхтатиш ёки чеклашга уриниб кўрган.
Бироқ, ҳозирча Вашингтон Исроилга нисбатан қаттиқ ва кескин босим ўтказишга тайёрлигини кўрсатувчи яққол белгилар йўқ.
Шундай бўлса-да, АҚШнинг ғарблик иттифоқчилари томонидан янграётган баёнотлар тобора танқидий тус олмоқда. Эҳтимол, айнан шу омил Трамп ва Нетаняхуни ўз фикридан қайтишга мажбур қилар.
Хусусан, Франция президенти Эммануэл Макрон Исроил ҳаракатларига жавобан 31 май куни БМТ Хавфсизлик Кенгашининг фавқулодда йиғилишини чақирди. Британия ташқи ишлар вазири ҳамда Европа Иттифоқи раҳбарияти эса Исроилни ҳарбий эскалацияни тўхтатиб, Ливан суверенитетини ҳурмат қилишга чақирди.





