Logo

«Иссиқлик гумбази» остидаги Европа: Жазирама сабаб ўлим ҳолатлари одатий ҳолатга айланмоқда

Бугун 20:304 дақиқа

«Copernicus» таҳлилларига кўра, минтақа ўртача глобал кўрсаткичларга нисбатан икки баробар тезроқ исияпти.

«Иссиқлик гумбази» остидаги Европа: Жазирама сабаб ўлим ҳолатлари одатий ҳолатга айланмоқда

Жорий йилнинг ёзида Европада ҳаво ҳарорати янги рекорд даражаларни қайд этди. Мавсум бошидаги жазирама бутун қитъа бўйлаб касалликлар, ўлим ҳолатлари кўпайишига ва инфратузилманинг издан чиқишига олиб келди.

28 июн куни Германия, Чехия ва Полшада ҳарорат 40 даражага кўтарилгач, транспорт тизими фалаж бўлиб қолди. Францияда эса ўртача 29,8 даража, айрим шаҳарларда ҳатто 44 даражалик жазирама кунлар ўрнини кучли бўронлар эгаллади ва оқибатда қарийб минг киши ҳалок бўлди.

«World Weather Attribution» (WWA) ташкилоти маълумотларига кўра, фақатгина ўтган йилги жазираманинг ўзи Европанинг 12 та давлатида иқлим билан боғлиқ 2 300 га яқин ўлим ҳолатига сабаб бўлган.

WWA ўтказган тадқиқот шуни кўрсатмоқдаки, бундай кучли жазираманинг кузатилиш эҳтимоли 2003 йилга қараганда ўнлаб, ҳатто юзлаб марта юқори. 50 йил аввал эса бундай жазирамани тасаввур қилиш ҳам қийин бўлган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) Европа бўйича минтақавий директори, доктор Ханс Клюгенинг огоҳлантиришича: «Жазирама сабабли ўлим ҳолатлари Европанинг исиб бораётган иқлимида доимий хусусиятга айланиб қолиши мумкин».

Унинг «Al Jazeera» телеканалига маълум қилишича, 1990 йиллардан буён ўлим кўрсаткичлари ҳар миллион аҳолига ўртача 52 тага ошган ва бу салбий тенденциянинг ортга чекиниш эҳтимоли сезилмаяпти.

Бу одатий ҳолатга айланадими?

WWA маълумотларига кўра, 1976 йилнинг июн ойидаги жазирама ҳозиргидан тахминан 3,5 даражага, ҳатто 2003 йилда ҳам 2 даражага салқинроқ бўлган.

«Буни маррага анча яқинлаштирилган старт чизиғидан бошланаётган пойгадек тасаввур қилинг», — дейди Рединг университети доктори Акшай Деорас «Al Jazeera» телеканалига берган интервюсида.

Унинг таъкидлашича, бунга асосан глобал исиш сабаб бўлмоқда. Европа комиссиясининг иқлим ўзгаришларини кузатиш бўйича «Copernicus» хизмати маълумотларига кўра, 1980 йиллардан бери Европа ўртача глобал кўрсаткичларига нисбатан икки баравар тезроқ исимоқда.

Деораснинг сўзларига кўра, ушбу вазият қачонлардир камдан-кам кузатилган экстремал ҳолатларнинг тез-тез такрорланишига замин яратмоқда. WWA яратган моделлар эса бундан-да хавотирли хулосаларни тақдим этяпти: агар атроф-муҳитга ташланаётган зарарли газлар миқдори шу даражада сақланиб қолса, бу йилгидек кучли жазирамалар ҳар йигирма йилда такрорланиши мумкин. Бугунги ғайритабиий иссиқ эса аср ўрталарига бориб одатий ёз фасли қандай бўлиши ҳақидаги кичик бир манзара, холос.

Европада бу ҳолат нега айнан ҳозир юз бермоқда?

Бунинг бевосита сабаби – жазирамани маълум бир ҳудудда кунлар ёки ҳафталар давомида ушлаб турувчи барқарор юқори босим тизими, яъни «иссиқлик гумбази»дир.

Деораснинг таъкидлашича, иссиқлик гумбазлари табиат учун янгилик эмас. Бироқ Европадаги иқлим меъёрлари аллақачон ўзгариб кетгани сабабли, айнан шу табиий ҳодиса энди ўнлаб йиллар олдингига нисбатан анча кучли ва ҳалокатли жазирамани келтириб чиқармоқда.

Рединг университети профессори Ханна Клоукнинг изоҳлашича, «ҳозирги янги ва экстремал об-ҳаво шароитларини келтириб чиқараётган глобал исиш аслида ўнлаб йиллар аввал ҳавога чиқарилган зарарли газларнинг натижасидир. Иқлим тизими бундай ўзгаришларга дарҳол реакция қилмайди, шу боис ҳам ўтмишдаги ифлосланишларнинг жабрини биз энди тортяпмиз».

«Copernicus» хизматининг 2025 йилги Европа иқлими ҳолати тўғрисидаги ҳисоботи ҳам буни тасдиқлайди: ўтган йили қитъанинг 95 фоиздан ортиқ ҳудудида йиллик ўртача ҳарорат меъёрдан юқори бўлган. Шунингдек, Алп тоғларидаги музликларнинг эриши бўйича янги рекорд ҳамда Европа денгизларида шу пайтгача кузатилган энг юқори ҳарорат қайд этилган.

Европа сайёрамизнинг бошқа қисмларига нисбатан қарийб икки баравар тезроқ исиётгани сабабли, минтақа ва глобал ўртача кўрсаткичлар ўртасидаги тафовут янада кенгайиб бориши кутилмоқда. Бу эса, келаси ўн йилликларда дунё қандай иқлим шароитига юз тутмасин, Европа уни биринчилар қаторида ва янада оғирроқ шаклда бошидан ўтказишини англатади.

Профессор Клоукнинг таъкидлашича, Европанинг йирик дарёларини сув билан таъминлайдиган Алп музликлари аллақачон қайта тикланмайдиган даражада эриб кетган ва уларнинг ёзги дарё оқимларига қўшадиган ҳиссаси кескин камайган.

Бироқ вазият ҳали бутунлай бой берилмаган. «Атмосферага чиқарилишининг олди олинган ҳар бир тонна чиқинди келажакда юз бериши мумкин бўлган ҳодисалар эҳтимолини ўзгартиради», – дейди Клоук.

Шу боисдан ҳам, ҳозирги хатти-ҳаракатлар келажакда шунчаки яшаш қийин бўлган ёз фасли билан инсоният тоқат қила олмайдиган даражадаги чидаб бўлмас жазирама ўртасидаги фарқни белгилаб беради.

Инсоний йўқотишлар кўлами кенгайиши мумкин

«The Lancet Countdown Europe» нашрининг ҳисоб-китобларига кўра, биргина 2024 йилнинг ўзида минтақа бўйлаб 62 000 киши жазирама сабабли вафот этган. Прогнозларга кўра, агар тезкор чоралар кўрилмаса, 2050 йилга бориб бу кўрсаткич кескин ошиб кетади.

Доктор Клюгенинг «Al Jazeera» телеканалига маълум қилишича, муаммонинг асосий қисми архитектурага бориб тақалади ва бу масала ҳамон эътибордан четда қолмоқда.

«Минтақадаги уй-жой фондининг катта қисми совуқроқ иқлимга мўлжалланган. Яъни, бинолар иссиқни ташқарига чиқариб юборишга эмас, балки уни ичкарида сақлаб қолишга мослашган», – деди у.

Мутахассиснинг огоҳлантиришича, агар кенг кўламли қайта таъмирлаш ишлари олиб борилмаса, эрта огоҳлантириш тизимлари қанчалик мукаммал ишламасин, 2050 йилдан кейин ҳам жазирама сабабли ўлим кўрсаткичлари ўсишда давом этаверади.

Доктор Деораснинг фикрича, атмосферага чиқарилаётган зарарли газлар миқдорини камайтириш жуда муҳим: бу чора иқлим тизимининг «табиий бир қисми» бўлган жазирама тўлқинларини бутунлай йўқ қилмайди, аммо уларнинг «кучини пасайтиришга, тез-тез такрорланмаслигига ва қисқароқ давом этишига» ёрдам беради.

«Al Jazeera» билан суҳбатлашган мутахассисларнинг ҳеч бири ҳозирги вазиятни умидсиз деб баҳоламаган. Бироқ улар муаммони ҳал қилиш учун вақт ва имкониятлар торайиб бораётганидан огоҳлантирмоқда.

Теглар

Мавзуга оид