Logo

Жазоланган 150 дан ортиқ амалдор, никоҳ шартномасига имтиёз ва муаммоли банкларни баҳолаш тартиби — 14 сентябр дайжести

Кеча 22:304 дақиқа

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бaир бор эсга оламиз.

Жазоланган 150 дан ортиқ амалдор, никоҳ шартномасига имтиёз ва муаммоли банкларни баҳолаш тартиби — 14 сентябр дайжести

Ўзбекистонликлар Таиланд визаси учун Москвага бормасдан ариза топшириши мумкин

15 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари учун Таиландга 60 кунлик визасиз кириш тартиби бекор қилинади ва сайёҳлар эндиликда Thai E-Visa электрон тизими орқали туристик виза олишлари шарт бўлади. Ўзбекистон виза масалалари бўйича Таиланднинг Москвадаги элчихонаси юрисдикциясига кирса-да, консуллик йиғимини тўлаш учун Москвага бориш шарт эмас — тўловни Тошкентдаги «Lilavadi Consult» воситачи компанияси орқали сўмда амалга ошириш ёки Москвадаги танишлар ёрдамида элчихонага топшириш имконияти мавжуд. Консуллик йиғими $40 (тахминан 480 минг сўм), воситачи хизмати эса 420 минг сўмни ташкил этади.

Визага онлайн ариза топширишда авиачипталар, меҳмонхона брони ва шахс бошига камида 20 минг тай бати (қарийб $700) қолдиғини тасдиқловчи уч ойлик инглиз тилидаги банк кўчирмаси талаб қилинади. Ҳужжатлар инглиз тилида ёки нотариал таржимаси билан топширилиши керак. Виза паспортга ёпиштирилмасдан, электрон шаклда почтага юборилади ва уни қоғозда чоп этиб олиш кифоя. Уч ой муддатга бериладиган ушбу виза билан мамлакатда қолишнинг аниқ муддати чегара назорати ходими томонидан белгиланади.

Банкларни санация қилишда баҳолаш тартиби белгиланди

Марказий банк бошқарувининг 2026 йил 14 августдаги қарори билан молиявий қийинчиликка дуч келган банкларни санация қилиш (соғломлаштириш ва қайта тиклаш) жараёнида мустақил баҳолаш ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Мазкур ҳужжат баҳоловчи ташкилотларни танлаш ва тайинлаш мезонларини, уларнинг малакаси, тажрибаси ҳамда мустақиллигига қўйиладиган қатъий талабларни белгилаб беради.

Шунингдек, низомда баҳолаш давомида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, ҳисоботларни расмийлаштириш ва уларнинг қисқача мазмунини оммага эълон қилиш механизмлари кўзда тутилган. Акциядорлар ва кредиторларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида санация натижасида шаклланадиган активлар қиймати банк мажбурий тугатилган тақдирда олиниши мумкин бўлган қиймат билан тўғридан-тўғри қиёсланади, бу эса жараённинг шаффофлигини таъминлайди.

Аҳоли мурожаатларини ҳал қилмаган 151 мансабдор ишдан олинди

Аҳоли мурожаатларини ҳал қилмаган 151 мансабдор ишдан олинди
Президент Халқ қабулхоналари маълумотига кўра, 2026 йилнинг январь–август ойларида фуқаролар мурожаатлари билан ишлашда камчиликларга йўл қўйган масъулларга чора кўриш юзасидан давлат ташкилотларига 5 минг 486 та тақдимнома киритилди. Натижада ўз вазифасини лозим даражада бажармаган 151 нафар ходим лавозимидан озод этилди, 833 кишига ҳайфсан берилди, 150 нафари маъмурий жавобгарликка тортилди ва 1 335 нафари расман огоҳлантирилди. Бундан ташқари, 89 нафар ходим жаримага тортилиб, 8 нафарининг лавозими пасайтирилган.

Таҳлиллар фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқишда энг кўп камчиликлар бандлик, маҳалла, Мажбурий ижро бюроси, соғлиқни сақлаш, прокуратура, ижтимоий ҳимоя ва энергетика тизимларида қайд этилганини кўрсатди. Халқ қабулхоналари айбдорларга интизомий чора кўриш билан чекланмай, тизимли муаммоларни бартараф этиш мақсадида мурожаатлар кўп тушаётган 10 га яқин ташкилотда ўқув-амалий семинарлар ҳам ташкил этган.

Ўзбекистон ва Корея ўртасида қарийб 12 миллиард долларлик янги инвестиция лойиҳалари амалга оширилади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Сеулда Корея Президенти Ли Жэ Мён билан музокаралар ўтказди. Учрашувда алоҳида стратегик шерикликни кенгайтиришнинг бешта устувор йўналиши — савдо алоқалари, инвестициялар ҳажми, муҳим минераллар, транспорт ва инфратузилма соҳаларидаги ҳамкорлик белгилаб олинди. Ташриф якунлари бўйича умумий қиймати қарийб 12 миллиард долларлик истиқболли лойиҳалар тайёрланди ҳамда Корея Эксимбанки билан 8 миллиард долларлик Стратегик ҳамкорлик дастури қабул қилинди.

Музокараларда ахборот технологиялари, киберхавфсизлик, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика йўналишларида мустаҳкам инновацион ва технологик альянс тузиш, шунингдек, ҳарбий-техник ҳамкорликни кучайтириш масалалари келишиб олинди. Шу билан бирга, навбатдаги Ҳудудлараро форум Самарқандда ўтказилиши, таълим соҳасида кадрлар тайёрлаш дастурлари давом эттирилиши ҳамда гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида 2027 йилни «Маданият ва ўзаро алмашинувлар йили» деб эълон қилиш бўйича келишувга эришилди.

Никоҳ шартномаси тузган жуфтликлар учун давлат божи бекор қилиниши режалаштирилмоқда

Бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилноза Каттахонова Сенат мажлисида маълум қилишича, Ўзбекистонда никоҳ шартномаси тузган фуқароларни никоҳни қайд этиш учун давлат божи (ҳозирда БҲМнинг 20 фоизи — 88 минг сўм) тўлашдан озод этиш таклиф этилмоқда. Ушбу янгилик никоҳ шартномаси институтини тарғиб қилишга қаратилган бўлиб, тегишли қонун лойиҳаси Президент администрациясига киритилган. Статистик маълумотларга кўра, мамлакатда расмий никоҳлар сони йил сайин камайиб бормоқда: 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида 92,3 мингта никоҳ қайд этилган (2022 йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 108,9 мингта бўлган).

Шунингдек, вояга етмаганлар никоҳи, эрта ҳомиладорлик ва туғруқ ҳолатлари бўйича мажбурий хабардор қилиш тизими йўлга қўйилмоқда. Масъул мансабдор шахслар ёки ходимлар томонидан ички ишлар органларига хабар бермаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш кўзда тутилган. Бу йўналишда профилактика уч босқичли тизим (маҳалладаги манзилли ишлар, туманлараро идоралар ҳамкорлиги ҳамда ҳудудий даражада «эрта никоҳ хавфи индекси» асосидаги ягона мониторинг) орқали амалга оширилади.

Теглар

Мавзуга оид